Ромитан: “Ёшлар дафтари”даги йигит-қизларга замонавий меҳнат қуроллари берилди

Ромитан: “Ёшлар дафтари”даги йигит-қизларга замонавий меҳнат қуроллари берилди

Buxoro.uz

Республика Вазирлар Маҳкамасининг 132-сонли “Ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича  қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида Ромитан туманида ҳам айни пайтда ижтимоий аҳволи, турмуш даражасига кўра “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизлар ўз меҳнат фаолиятини бошлаб, даромад топишлари учун зарур воситалар, меҳнат қуроллари ва асбоб-ускуналар  билан таъминланмоқда.

– Ҳозирда туман аҳолиси сони 144 мингга яқинлашган бўлса, уларнинг қарийб 33 минг нафарини 16-30 ёш оралиғидаги йигит-қиз ташкил этмоқда, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Ромитан тумани бўлими бошлиғи Завқий Қурбонов. – Жорий йил 6 ойи давомида “Ёшлар дафтари”га киритилган жами 414 нафар ёшдан 316 нафари моддий қўллаб-қувватланиб, якка тартибда меҳнат қилиб, даромад топиш имконияти яратиб берилди. Шунинг ҳисобидан ҳозирда мазкур тоифага киритилган ва “Ёшлар дафтари”дан ўрин олганлар сони 98 нафарни ташкил этмоқда. Шу йил 9 июнь куни ҳудуддаги 45 та маҳаллада ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича туман комиссияси томонидан жами 65 нафар ёшга моддий ёрдам кўрсатилгани ҳам аввало, уларни оғир аҳволдан чиқишлари учун яратилган шарт-шароитдир.

Хусусан, вақтинча ишсиз ёшлар лаёқати ва қизиқишини ўрганган ҳолда, уларга бепул тарқатилган меҳнат қуролари орасида 28 та замонавий тикув машинаси, 8 та мотокультиватор, пайвандлаш ускунаси, дурадгорлик “аверло”си ва “больгарка”, ноутбук, дазмол бор. Ижтимоий муҳофазага олинган 33 нафар йигит-қизга вилоят жамғармаси ҳисобидан умумий қиймати 213 миллион 938 минг сўм пул маблағи кўчириб берилгани улар оилалари дуч келган ташвиш-муаммога ечим бўлди. Масалан, Дилшодбек Султонов, Ёқубжон Эргашев, Шариф Деҳқонов, Муҳриддин Асадовларнинг ҳарбий–сафарбарлик чақируви резерви учун белгиланган шартнома тўлови пуллари тўлаб берилди.

Худди шундай, олий таълим даргоҳида ўқиётган талабанинг шартнома тўлови, ночор оилаларнинг 2 нафар фарзандига шифохонада ётиб даволаниши учун сарф-харажати, яна 2 нафар оғир шароитдаги оила фарзандларининг ҳайдовчилик гувоҳномаси учун белгиланган тўлови қоплаб берилган бўлса, 8 нафар йигит-қизга бир марталик моддий ёрдам пули ажратилган. Мазкур имконият ёшларнинг келгуси ҳаётларида қўл келиб, ўзини ўзи банд қилиш, оиласига қўшимча даромад келтиришида мустаҳкам асос бўлади.

Ёшларга замонавий меҳнат қуролларини топшириш тадбирида туман ҳокими Умид Барноев бошчилигидаги мутасаддилар иштирок этиб, йигит-қизларни келгуси ҳаётларида бу имкониятдан унумли фойдаланишга чақирдилар. 

Бухоро вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати

Report Page