Жондорликлар ҳам маррани баланд олишган

Жондорликлар ҳам маррани баланд олишган

Buxoro.uz

Ҳар йили кузги ғалла экинлари ҳосили йиғиб олингандан кейин ерлар асосий экин ҳосилидан бўшаб қолади. Ушбу ер майдонларини ўз вақтида ишлов бериш ва улардан қишлоқ хўжалик экинлари экиб фойдаланиш бугунги фермерлар олдида турган долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 8 июнь куни ўтказилган видеоселекторида берилган топшириққа асосан ғалладан бўшаган ер майдонларига такрорий экин экиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда уларнинг даромад манбаини ошириш қаратилган тадбирларнинг бориши билан яқиндан танишиш мақсадида бугун, 13 июнь куни вилоят ҳокими Ботир Зарипов Жондор туманида бўлди.

Дастлабки манзил “Ҳазорман” маҳалласидаги “Бозорбобо Жондорий” фермер хўжалиги бўлди. Фермер хўжалиги ихтиёридаги ер майдони 117 гектарни ташкил қилади. Жорий йилда хўжалик аъзолари 37 гектар майдонда ғалла парваришлашди. Айни кундага қадар 18 гектар майдондаги ғалла ўриб саранжомланди. Давлат хирмонига 81 тонна сара дон топширилди. Гектарлар ҳосилдорлиги 65 центнерга етди. Ғалладан бўшаган 5 гектар ер майдони ишсиз, даромад манбаига эга бўлмаган 25 та оилага 20 сотихдан ажратиб берилди. Мазкур майдонларга фермер хўжалиги томонидан тариқ экиб берилди.

Ер олувчи талабгорларга имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ҳар бир қарич ерни эътиборсиз қолдирмаслик, мўл ҳосил олишга ҳаракат қилиш ва оилалари даромадини кўпайтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берди.

Ер олган аҳолига уруғ ва кўчатлар етказиб бериш, етиштирилган маҳсулотларни сотиб олишни молиялаштириш бўйича янги тизим жорий қилингани ҳам аҳолининг даромадини оширишга қаратилган ислоҳотлар самараси эканлиги қайд этилди. Қолаверса, ишсиз аҳоли ва ёшларга ерни ижарага берган кластер ҳамда фермерлар ушбу ер майдони учун солиқдан озод қилиниши ҳам муҳим имтиёздир.

Вилоят раҳбари жараёнларни кўздан кечираркан, ҳосилдан бўшаган экин майдонларга ҳудудларнинг деҳқончилик салоҳияти, ихтисослашуви, сув таъминоти, етиштириладиган маҳсулотларнинг экспортбоп ва бозорбоплигини ҳисобга олиб, жойлаштиришга эътибор қаратилиши зарурлиги таъкидлади. Бу борада мутасаддиларга муҳим топшириқлар берди.

Навбатдаги манзил — “Яккатутдон” ғаллачилик кластери бўлди. Ғалла ўрими мавсумида бу ерда ҳам иш қизғин. Кластер томонидан лизинг асосида сотиб олинган 8 та замонавий комбайн ва унга бириктирилган 32 та махсус техникалар ғалла ўримига жалб қилинган.

Ботир Зарипов юқори унумли комбайн ва улар отрядларига яратиб берилган шарт-шароит, ҳосилни ташишда кўмаклашаётган транспорт воситалари ҳолатини кўздан кечирди. Ишнинг узлуксиз тарзда ташкил этилганлиги, ишчи ва комбайн механизаторларни рағбантлантириш, техника воситаларига зарур эҳтиёт қисм ва ёқилғи-мойлаш материаллари таъминотига эътибор қаратди. Жараён билан боғлиқ чора-тадбирларни сифатли амалга оширишга доир тавсия ва топшириқлар берди.

Маълумот учун: Жорий йилда тумандаги 346 та фермер хўжалигининг 6 минг 714 гектар майдонида “Гром”, “Старшина” эртапишар ғалла навлари етиштирилди. Давлат шартнома режаси билан қўшиб ҳисоблаганда, 14 минг 465 тонна хирмон кўтариш кўзда тутилган. Ўрим жараёнида 100га яқин техникалар 22 та комбайн отрядига бириккан ҳолда иштирок этмоқда. Айни пайтга қадар ғалладан бўшаган 24,5 гектар ер майдони такрорий экин экиш учун ишсиз, деҳқончиликка иштиёқи бўлган оилаларга ажратиб берилган.

Бухоро вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати

Report Page