Ўрганишлар Шофиркон туманида давом этди

Ўрганишлар Шофиркон туманида давом этди

Buxoro.uz

Шофиркон туманида 340 та фермер хўжалиги томонидан жорий йилда 6 минг 154 гектар майдонда ғалла етиштирилган. Айни пайтда пишиб етилган ғалла ҳосилини юқори унумдор комбайнлар ёрдамида қисқа фурсатларда ўриб-янчиб олиб, қабул масканларига етказиш мақсадида сифатли техника ва ишчи кучи жалб этилган ҳолда 22 та махсус отрядлар ташкил этилган. Уларга юздан ортиқ транспорт воситаси бириктирилган.

Вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги мутасаддилар, жумладан, вилоят прокурори Маҳмуд Истамов, туман ҳокими Шукурулла Ҳакимовлар туман далаларида бораётган ишларни назорат тартибида навбатдаги ўрганишлари даврида биринчи секторга қарашли “Вардонзе” ҳудудида бўлиб, бу ерда ғалла ўримининг бориши билан танишдилар.

Шунингдек, “Бухоро дон маҳсулотлари” АЖга қарашли Қаюм Муртазоев номли ғалла қабул қилиш масканида ҳам бўлиб, бу ерда яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирдилар.

Мазкур қабул масканида шу кеча-кундузда Жилвон чўлига туташ “Вардонзе” ҳудудида фаолият юритаётган фермер хўжаликларидан ўриб олинаётган ғалла ҳосили пешма-пеш қабул қилинмоқда.

Жумладан, “Жўйнав” ҳудудида фаолият юритаётган 24 та фермер хўжалигидан давлат шартнома режасига мувофиқ 1 минг 70 тонна, “Искогаре” ҳудудидаги 19 та фермер хўжалигидан жами 742 тонна, “Вардонзе” ҳудудидаги жами 74 та фермер хўжалигидан 3 минг 800 тонна сара буғдойни шу ерда саранжомлаб, қайта ишлаш корхонасига етказиб беришга қарор қилинган.

Вилоят раҳбари туманда 14 минг 483 тонналик улкан хирмон кўтаришга ўз вақтида эришиш бўйича тизимли иш олиб бориш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун мавжуд комбайн ва техникалардан самарали фойдаланиш, ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминлаш, ғалла ўрилган майдонларни пешма-пеш шудгорлаб, такрорий экинлар экиш борасида мутасаддиларга зарур топшириқлар берди. Шунингдек, комбайн операторлари ва ишчи-мутахассислар, отряд раҳбарларига қулай шароит яратиш чораларини кўриш баробарида ўрим-йиғим ишларида жонбозлик кўрсатганлар моддий ҳамда маънавий жиҳатдан рағбатлантирилишини қайд этди.

Ботир Зарипов бошчилигидаги мутасаддилар томонидан ўрганилган субъектлардан бири “Зумрад” фермер хўжалигида бу йил 30 гектарда ғалла етиштирилган бўлса, 26 гектар майдонда пахта парваришланаяпти. Чўлқуварлар биринчилар қаторида ғалла ўримини бошлаб, ялпи ҳосил хирмонини 150 тоннага етказиш ҳаракатидалар.

Шу билан бирга, хўжаликда ғўза парваришига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий мавсумдаги янгиликлардан бири фермер хўжалигида 16 гектар пахта майдони томчилатиб суғориш тизимига ўтказилди. Бунда кенг дала эмас. Балки ғўза ниҳоллари якка тартибда “оби ҳаёт”га қондирилаётгани, агротехник тадбирлар тизимли ташкил этилаётгани боис, якунда гектарлар ҳосилдорлиги ҳам 5-8 центнерга салмоқли бўлиши кўзда тутилган. Шунинг баробарида бу илғор технология сув, минерал ўғит, ишчи кучи сарфини камайтиради, маблағни тежайди, техника хизматини камайтиради.

Таъкидлаш жоизки, тажрибали деҳқон Саъдулло Бозоров раҳбарлик қилиб келаётган фермер хўжалигида бу йил 80 тоннадан ошириб “оқ олтин” хирмонини бунёд этиш мақсад қилинган.

Вилоят раҳбари “Зумрад” фермер хўжалигида бораётган ишларга ўз муносабатини билдириб, туман ҳокимлиги зиммасига вазифалар юклади. Ғўза вегетацияси билан боғлиқ ишларни кечиктирмаслик, машаққат билан етиштирилган ғалла ҳосилини нест-нобуд қилмасдан йиғиштириб олишда фермер хўжалиги жамоасига яқиндан кўмакчи бўлиш зарурлигини таъкидлади.

Бухоро вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати



Report Page