“Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали ходимлари учун спорт ва фитнес хонаси ташкил этилди

“Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали ходимлари учун спорт ва фитнес хонаси ташкил этилди

Buxoro.uz

Спорт – инсон фаоллигини оширишда, турли касалликларнинг олдини олинишида имкон беради.

Бугун мамлакатимизда бу борада кўплаб қулайликлар, қатор шароитлар яратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020-йилнинг январ ойида “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинган бўлиб, унда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, зарур шарт-шароитларни яратиш, жамоатчиликни спортга жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Жисмоний тарбия ва спорт тизимини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари белгилаб берилган. Жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳамда соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларни шакллантириш мақсадида эса 2020-йилнинг октябр ойида “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фамоннинг имзоланганлиги бугун барчанинг саломатлиги ҳамда соғлом яшаши учун дастурул амал десак, муболаға бўлмайди. Қувонарлиси, ушбу фармонлар ижроси “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиалида ўз тасдиғини топмоқда. 

Газ таъминоти филиалида соҳа ходимларининг спорт билан мунтазам равишда шуғулланиб боришлари ҳамда соғлом турмуш тарзига риоя қилишлари мақсадида спорт ва фитнесс хонаси ташкил этилди. 

Замонавий, моддий техника базаси шакллантирилиб, 12 хил турдаги спорт анжомлари билан таъминланди. Қувонарлиси, ушбу спорт хонасида “ақл гимнастикаси” дея номланувчи шашка ва шахмат спорти билан мунтазам равишда шуғулланиб, ақлни чархлаш мақсадида ўзига хос шароитлар яратилган бўлса, спортнинг стол тенниси ишқибозларининг ҳам қизиқишлари эътибордан четда қолгани йўқ.

Газ таъминоти филиалида бу каби янгиланишлар ҳар бир ходимнинг спортга бўлган қизиқишини ошириши, жисмонан ва маънан соғлом бўлишлари, ўз саломатликларини мустакамлашлари учун ҳам хизмат қилиши табиий. Зеро, спорт саломатлигимиз гаровидир.

“Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали Матбуот хизмати

Report Page