Portret

Portret

"Teatr" jurnali

ЖОНКУЯР

ТАРҒИБОТЧИ

“Театр” журналининг турли йиллардаги сонларини варақлар эканман, санъа­т тарихи, бугунги кундаги фаолияти, ижод аҳли, умуман ижодий жараён ҳақида илмий ва оммабоп мақолалар, санъатга оид турли хабарларни ўқиб, соҳада изланишлар узлуксиз давом этаётганини кузатаман. Шулар орасида Каттақўрғон шаҳар драма театри фаолияти, янги спектакллари, ижодкорлари ҳақида туркум мақолалар, хабарлар борки, уларнинг аксарияти Абдулазиз Ҳошимов томонидан ёзилганлигини кўриш мумкин. А.Ҳошимов актёрлик билан бирга қалам ҳам тебратиб келмоқда. 


А.Ҳошимов ёшлигидан адабиёт ва санъатга бўлган қизиқишини шундай хотирлайди: “Мен 1948 йилда Самарқандда таваллуд топганман, болалигим Регистон мажмуаси яқинидаги маҳаллада кечган. Отам Абдураҳмон Самиев адабиёт ва журналис­тикани севган, қадрлаган зиёли инсонлиги учун мени болалигимдан китоб ўқиш, ижод билан ошно бўлишга ундади. Уйимизга яқин жойда яшаган атоқли адиб Садриддин Айний билан яқиндан танишлиги туфайли мени ҳам уларникига тез-тез олиб бориб турарди. Бу хонадонда (ҳозир бу жой адибнинг уй музейи) ёзувчилар, шоирлар, зиёли одамларнинг суҳбатларини эшитиб, қалбимда илиқ таассуротлар қолганлиги сабабли ижодга қизиққан бўлсам не ажаб. Отамнинг “Ижодкор ҳеч қачон изланишдан чарчамаслиги, билмаганини сўраб ўрганиши, зийрак, мушоҳадага бой бўлиши, тинмай ўқиши керак,” – деган ўгитлари ҳозир ҳам қулоғимда.

Йиллар ўтиб, тақдир тақозоси билан, Абдулазизлар оиласи Каттақўрғон шаҳрига кўчиб келади. Унинг ке­йинги ҳаёти шу шаҳарда, айниқса, Абдулҳамид Мажидий номидаги драма театри билан боғлиқ ҳолда кечади. 

Дастлаб, “Каттақўрғон ҳақиқати” газетасида мусаҳ­ҳиҳ ёрдамчиси вазифасида меҳнат фаолиятини бошлаган бўлса-да, тез орада театрга актёр бўлиб ишга киради. Бир неча роллар ижро этиб, иқтидорини намоён эта бошлайди. Шу орада маҳоратини янада ошириш мақсадида ишдан ажралмаган ҳолда Тошкент театр ва рассомчилик санъати (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият) институтининг “Театр ва кино актёрлиги” бўлимида 1966-1972 йилларда таҳсил олади. Институтда ёш, моҳир педагоглар, ҳозирда устоз сифатида фаолият олиб бораётган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Маҳкам Муҳаммедов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Арсен Исмоилов ҳамда (марҳум) Омон Абдураззоқовлардан саҳна санъати сирларини ўрганди.

А.Ҳошимов бир муддат Самарқанд ва Сирдарё вилоят мусиқали драма театрларида ҳам ишлашига тўғри келган. Шу ҳудудлардаги халқ театрларида режиссёрлик қилиб, асарлар саҳналаштирган, ўзи ҳам пьесалар ёзиб, ҳаваскорлик саҳнасига олиб чиққан, бевосита ўзи роллар ижро этган.

Театрларда турли мавзу ва жанрларда саҳналаштирилган спектаклларда юзга яқин ранг-баранг образлар яратиб, томошабинлар ва мутахассислар эътиборига сазовор бўлган.

Театрда илк роли “Испанлар” драмасидаги Фернандо образи бўлса, сўнг бирин-кетин турли мавзу ва жанрлардаги қатор спектаклларда роллар ижро этди. Ўлмас Умарбековнинг “Қиёмат қарз” драмасида Нўъмонжон, Иноят Махсумнинг “Навоий Астрободда” спектаклида Усмонали, Ҳамид Ғуломнинг “Ажаб савдолар”ида Парвоз, Бурхон Исмоиловнинг “Сарбадорлар”ида Илёсхўжа, Садриддин Айнийнинг “Судхўрнинг ўлими” асарида Мирзо, Фарҳод Мусажоновнинг “Хаёлпарастлар”ида Сайфи, Сергей Михалковнинг “Бебаҳо бола”сида Жўра, Ҳамзанинг “Бой ила хизматчи”сида Солиҳбой, Ф.Шиллернинг “Қароқчилар”ида Франц Моор каби қатор роллар ижро этиб, маҳорати ошиб боради.

Айниқса, “Қиёмат қарз”даги Нўъмонжон қиёфаси муваффақиятли чиққан эди.

А.Ҳошимов ташкилотчилиги, театрнинг жонкуяр тарғиботчиси сифатида жамоада эътибор қозонганлиги туфайли театр директори этиб тайинланди. Бу вазифада бир неча йил фаолият кўрсатиб, ёш, истеъдодли кадрларни жалб қилишга ҳаракат қилди, республика фестивалларида муваффаққиятли қатнашиб, совринли натижаларга эришди.

Ижодкор ҳозирда етмиш ёшни қаршилаётган бўлса-да, Каттақўрғон шаҳрининг фаол фуқароси сифатида байрамлар, тадбирлар учун сценарийлар ёзиб, уларни файзли ўтказишда муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.


Report Page