Паспорт

Паспорт


Москвадан Нью-Йоркка учдим. Нью-Йорк аэропортида паспорт текширувидан ўтдим. Меҳмонхонага борганимда эса паспортим ёнимда йўқ эди. Ё ўғрилатиб, ё тушириб қўйганман. Нима бўлса ҳам бир нарса аниқ: паспорт йўқолган.

Келаси куни эрталаб роппа-роса соат 9 да Нью-Йорк шаҳри паспорт марказига қўнғироқ қилдим. Қанча уринсам ҳам бирон инсон билан боғланолмадим. Фақат автомат-овоз гапирди холос. Охири у ерга ўзим бордим. Паспорт маркази ҳам мен Америка фуқаролигини олган жойдек оролнинг қуйироқ қисмида жойлашган ва худди ўша жой каби алоҳида бир кўриниши йўқ оддий бино эди. 


Киришда 2 та қуролланган қўриқчилар бор. Олдиларига бориб дардимни айта бошладим:

– Паспортимни йўқотиб қўйдим, шунинг ... 

Қўриқчилардан бири гапимни бўлиб, йўл кўрсатди:

– Йўлакдан тўғрига бориб, кейин чапга. Оқ дарча.

У ерда кўринишидан унчалик хушмуомала бўлмаган афроамерикалик аёл ўтирарди. 

– Мен паспортимни йўқотдим, – деб гап бошлашим билан у ҳам гапимни бўлди:

– Ўнгдаги девор ёнидаги оқ телефонга.

Чиндан ҳам ўнгдаги деворга оқ телефон илинганди. Ёнида эса йўриқнома ёзилган:

"1. Гўшакни кўтаринг.

 2. Сигналдан кейин 1 рақамини теринг.

 3. "Гапиринг" деган овоз эшитилгач, аниқ ва лўнда қилиб сўровингизни айтинг."

Шу тарзда менга тартиб рақами ва қачон келишим бўйича вақт белгиланди. Ўнинчи қаватдаги бир залга кўтарилишим керак экан. Соат 09:30 эди, учрашув вақти эса 11:00 да. Кўчага чиқдим. Кофе ичиб, бир оз газета ўқигач, 10:55 да қайтиб кирдим.

– Тартиб рақамим мана, – кўрсатдим қўриқчига. У менга ўтишим мумкинлигини айтди. 10-қаватга кўтарилдим. У ерда эса ойнаванд хоначалари бор катта зал бор эди. Ҳали ўтиришга улгурмасимдан исмимни чақирган овоз келди: "Владимир Познер, 3-рақамли ойна олдига келинг". Қарасам соат роппа-роса 11:00. Ойна олдига бордим. У ерда мени эллие ёшлардаги бир одам кутиб олди. Қиёфаси хаёлимда аниқ қолди. Чунки рус адиби Чеховга қуйиб қўйгандек ўхшарди у. 

— Салом, аҳволларингиз қалай? — сўради у.

– Ёмонмас.

– Нима бўлди?

— Ўғрилатдимми ё тушириб қўйдимми, хуллас, паспортимни йўқотдим.

–Ҳечқиси йўқ. Мана бу қоғозни тўлдиринг.

Қоғозни тўлдириб, "Чехов"га қайтардим.

– Хўўш, – гап бошлади у. – Сиз АҚШ фуқаролигини кейинроқ қабул қилганмисиз? 

– Ҳа.

– Бу ишни бироз мураккаблаштиради. Фуқаролигингизни тасдиқловчи бирон ҳужжат борми?

– Бор. Москвада қолган. Ўзим билан олиб юрмайман.

– Бекор қиласиз. Одам ўзи билан ҳеч бўлмаганда бундай ҳужжатнинг нусхасини олиб юриши керак.

– Москвага телефон қилиб, меҳмонхонадаги факс орқали нусхасини олишим мумкин. Кейин сизга олиб келиб бераман, –дедим мен.

– Жуда яхши. Шундай қилинг. Кутаман.

Дарҳол Москвага қўнғироқ қилдим. Меҳмонхонада эса факс орқали жўнатилган ҳужжат мени кутиб турарди. Олдим-да, дарров Паспорт марказига қайтдим. Соат 13:30да ўша 3-рақамли ойна олдига етиб келдим ва сўралган ҳужжатнинг факс нусхасини "Чехов"га тутқаздим. У кўз югуртирди-да, бошини чайқатиб сўз қотди:

– Кечирасиз жаноб, лекин мен ҳозиргина кўрсатма олдим. Бундай ҳужжатнинг фақат оригинали керак бизга.

– Ахир оригинали Москвада. Паспортим йўғ-у! Қандай учаман у ёққа!

– Асабийлашишнинг ҳожати йўқ, жаноб. Вашингтонда бу ҳужжатнинг иккинчи оригинали бор. Фақат уни олиб келтиришимиз сизга 90 долларга тушади.

Мен паспортимни олиш учун ҳар қандай тўловга тайёр эдим. 

– Жаноб Познер, – деди "Чехов", – сизни 2-рақамли залда роппа-роса 15:00да кутаман.

Кўчага чиқиб хот-дог еб, бир шиша менга ёқмайдиган кока-кола ичдим ва 14:55 да айтилган хонага кирдим. Роппа-роса 15:00 да овоз келди:

– Мистер ВАЛДИМИР Познер!

Ҳа, Владимир эмас, айнан Валдимир.

Ойна олдига бордим. Анчагина совуққон қора танли аёл менга янги паспорт узатди ва:

– Қаранг-чи, ҳаммаси тўғримикан? – дею сўради. 

Паспортда "Владимир" деб ёзилганди, хайриятки, Валдимир эмас. Ҳаммаси тўғри. 

– Олганингиз ҳақида мана бу ерга имзо қўйинг.

Имзо чекдим. 

Бир иш кунидан камроқ вақт ичида мен янги паспорт олгандим. Тан олишим керак, мутлақо ҳайрон-у лол қолдим. Шу сабабли, тўғри "Чехов" ўтирган ойна олдига бордим-да, дилимдан ўтаётган гапларни айта бошладим:

– Жаноб, сизга бу қадар тезкор иш учун қандай миннатдорчилик билдиришни билмаяпман. Таърифлашга тил ҳам ожиз. Қандай раҳмат айтишга ҳайронман.

Шунда "Чехов" ўта жиддий нигоҳ билан менга тикилди ва ундан ҳам жиддий оҳангда ва қатъият билан жавоб қайтарди:

– Жаноб, ахир сиз солиқларни шу каби нарсалар учун тўлайсиз!

© Владимир Познер

Abdulaziz Saidalikhanov таржимаси

#mentalitet

Report Page