Олтин олма, дуо ол...

Олтин олма, дуо ол...

Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси Матбуот хизмати

Халқимизда “Олтин олма дуо ол, дуо олтин эмасму?”, деган пур маъно ҳикмат кенг тарқалган. Бу шунчаки бир ҳикматли айтим деб қаралмайди, балки доно аждодларимиз амал қилиниши шарт бўлган аҳлоқий қоида сифатида қаралади. Шунинг учун ким бўлишидан қатъий назар миллатимиз дуо олишга ҳар қачон пайдам бўлиб турадилар. Катта тўй маросимлари бўладими, катта ишларни боши бўладими, пировардида табаррук кишиларнинг дуоси олинмаса, инсоннинг кўнгли сира тўлмайди, нимадир кемтик бўлиб тураверади назарида. ”Кўпнинг дуоси — кўл” бўлгани учунми, халқимиз тўй ва маъракаларга катта дастурхон ёзиб элнинг дуосини  олганлар,  диллари яйраган. Ечилиши мушкул муаммолар  илоҳий дуонинг кучи билан ҳал бўлишига ҳар бир инсон ҳеч шубҳа қилмайди. 

Дуо — бу бизда қадрият, қолаверса кексалар, ота-оналар ҳамиша ҳеч бир ишга асло дуосиз изн бермаганлар. Инсон бировдан нимаики яхшилик кўрса ҳам, беихтиёр дуо қилишга шошилади. Бетоб одамни ҳолидан хабар олинганда, ҳоли танг инсонга ёрдам қўлини чўзилганда, йўлдан адашганга йўл кўрсатилганда, устозлар- шогирдларига , ота-оналар ўз фарзандларига, қўшнилар,     маҳалладошларнинг ўзаро дуолари, умуман дуо шундай ёқимли фазилатки, у туфайли барча ёмонликлар олди олинади, мушкуллар осонлашади, уруш жанжаллар бархам топади. Ёшлар ўртасида миллий қадриятларни тиклаш ҳақида давлатимиз раҳбари масалани кўндаланг қўйган эканлар, миллатимизнинг ушбу ноёб қиррасини тарбия жараёнига киритиш, дуонинг асл моҳиятини ўқувчи-ёшларга кенг тарғиб қилиш, бунда мактаб ўқитувчиларининг алоҳида ўрни борлигини таъкидламоқчиман.

Вояга етмаган болаларни тартибга келтиришни анча эскириб кетган усулларидан воз кечиб, барчи жамоатчиликни чорлаб соф миллий анъаналар орқали ҳам тарбиялаш мумкин деган фикрдаман. “Бировнинг боласи, унинг тарбияси билан мени нима ишим бор?”, дейиш жамоатчиликнинг энг катта хатоси десак, асло янглишмаймиз. Мактаб ўқитувчиси ўз номи билан ҳам билим берувчи, ҳам тарбияловчи. Атрофдагиларнинг тарбия масаласида беписанд бўлиши ҳам бизнинг миллатга хос эмас. Бизда ҳамиша қўни- қўшнилар бир- бирларини саломига алик, яхшилигига жавобан  эса дуо қилиб келишган.  Бугунги кунларимизнинг қадрига етиш учун сершиддат ва ранг-баранг ҳаётимиздаги воқеа ва ҳодисаларга баҳо беришда теран фикрлаш, уларнинг асл сабабларини билиб, шунга мос мулоҳоза юритиш лозим. Қандай тарбия олқиш келтиладиё, қандай тарбия қарғиш келтириб одамларда нафрат туғдиради. Дуобад қилинишидан ҳаммани ўзи асрасин. Бекорга эмас, инсонлар орасида: “Олқиш — ўздирар, қарғиш — тўздирар” ёки “Олқиш олган — ўзар, қарғиш олган — тўзар”, деган ҳикматлар юрмайди. Аслини олганда рисоладаги комил инсон буларни ўзига аҳлоқий- маънавий меъёр қилиб олади. Шундай экан, мактабда ҳам бу каби тушунчалар имкониятларидан фойдаланиш зарур. Масалан, қарғиш сўзини бошқа номи дуобад эканлигини ҳамма болалар ҳам билавермайди. Ҳар икки ҳолни болаларга тушунтириш лозим. Жониворларга озор бериш, одамлар юрадиган йўлларни тўсиш, турли бемаъни сўзларни жамоат жойларига ёҳуд автобус ўриндиқларига ёзиб кетиш ҳам одамларнинг қарғишига сабаб бўлади. Қарғишни кети вой эканлигини бола шуурига етказилса, ана шундай беандишаликдан бола тийилади. Бутун бир жамоатчилик, миллат бефарқ бўлмай, баробарига танбеҳ берилса одобсизликни пайи қирқилади.          

 Болаларга энг аввало дуони ўзи нималигини тушунтириш керак. Дуо арабча сўраш, илтижо, чақириш маъноларини англатадиган сўз бўлиб, инсоннинг муайян моддий ҳамда маънавий эҳтиёжларини қондирилиши илтижо этиладиган тилакдир. Мен тажриба тариқасида болаларга: “Сизлар ота- онангиз ҳаққига нима деб дуо қилган бўлар эдингиз?”, деб сўрасам, уларнинг аксарияти: “Ота-оналарини доимо соғ- саломат бўлишларини, уйда ҳамма ноз-неъматлар бўлишини”, дейишди. Ҳа, болаларча беғубор истак ва хоҳишлар замирида чин маъно бор. Айни шу маънода ўзингизни ўзингиз қандай дуо қилган бўлар эдингиз десам: ”Аъло ўқишни, баъзилари спорт мусобақаларида чемпион бўлишни”, деб айтдилар. Яна юрт ҳаққигачи десам, улар: ”Улар албатта тинчлик, осойишталик, яна аллақайси бола бозорлардаги тўкин-сочинликни тилади”. Мен жавоблардан қониқиш ҳосил қилар эканман, булар билан бир қаторда дунёдаги энг табарук дуо — ота-она ва устозларнинг дуоси эканлигини ўқтираман. Тўғри, ижобат бўладиган дуоларнинг тури кўп, лекин сиз ўспирин сифатида ана шу дуоларни олинг, қолганини инсон улғайган сари асталик билан фахмлай олаверасиз, дейман. Мазкур тарбиявий тажриба давомида мен машҳур кишилар ҳаётида дуони нечоғлик таъсирини мактаб ҳаётига мосларини ўрганиб чиқдим ва буларни болаларга жонли ҳикоя қилиб бериш катта аҳлоқий, тарбиявий аҳамиятга эга эканлигини туйдим. Мана уша тарихий дуони кучини англатувчи, ҳар қандай болани фақат яхшиликка чорловчи суҳбатлардан намуналар.   

 Соҳибқирон Амир Темур ўз “Тузуклар”ида бундай ёзади:” ... дуогўй кишиларнинг қадрладим. Улар билан хилватда суҳбат қуриб, кўнглимдаги мақсадларимни айтиб, дуо тилар эдим. Мажлисларда, базмларда,  жанг майдонларида улардан кўп барокотлар топдим. Тўхтамишхон билан бўлган жангда ғаним лашкари кўплигидан ва менинг лашкарим эса озлиги ва очлигидан кўп азият тортган эдим. Шу пайт соҳиби дуо бўлмиш Мир Зиёвуддин Сабзаворий бошидан салласини олди, қўлларини дуога очиб, мен учун Тангридан зафар тилади. Ҳали дуоси тугамай туриб, дуо таъсири кўриниб, лашкарим ёғийни қочирди” (“ Темур тузуклари”. Тошкент, 1996. 19-бет)  Мана шу лавҳани таҳлил қилишни ўзида бир неча тарбиявий ўгитларни бериш мумкин. Биринчидан, “ Темур тузуклари” асари ҳақида яна бир бор маълумот бериш, иккинчидан Амир Темурнинг Мир Саййид Барака, Шамсиддин Кулол, Зайниддин Тойибодийдан доим дуо олиб турганлиги, учинчидан Соҳибқироннинг уларнинг муқаддас қадамжоларига доим эҳтиром кўрсатиб тарихий обидалар қурдирганлигини болаларга сўзлаб бериш мумкин. Яна бир олим Ибн Арабшоҳнинг таъкидлашича: “Темур доим салтанатда эришган жамики нарсам ва мустаҳкам маконларни фатҳ қилишим,  булар ҳаммаси Шайх Шамсиддин Кулолнинг дуоси, Шайх Зайниддин Тойибодийнинг ҳиммати ва барча барокотларим эса фақат Саййид Барака ёрдамида бўлган”, деб тан олар эканлар. Мана тарбиявий соатни асосий мавзуси:” Олтин олма дуо ол, дуо олтин эмасму?”, деб бекорга халқимиз айтмаганини яққол исботи. Шу ўринда синф раҳбарлари  албатта ёши улуғлар ва мартабали кишиларнинг дуосини олиш,  уларга йўл бериш,  жой бериш, етаклаб серқатнов кўчалардан ўтказиб қўйиш, юкларини қўлларидан олиш каби олийжанобликлик уларнинг дуосига сабаб бўлишини айтиш жоиз. Кексаларга китоб ўқиб бериш, эсласа уларга ҳузур баҳш этадиган тарихий воқеаларни айтиб беришни илтимос қилиш ҳам дуога сабаб бўлади. Фақат кекса кишиларнинг кўнглини кўтаришгина эмас, балки уларни тансиқ таомлар билан сийлаш, театр ва киноларга, тўй- хашамларга олиб бориш каби эзгу юмушлар ҳам кексаларни дуога қўл очишларига сабаб бўлади.  Умуман ёшликдан ким одамлардан дуо олишни канда қилмаса, бир умр дуоталаб бўлиб, эзгу ишларга доим ҳамроҳ бўлиб, Амир Темур бобомиздек киши юксак мартабага эришади. Биз тарбиячилар шу ғояни бола қалбига сингдира олсак, тарбияда яхшигина натижага эришган бўламиз. Энди қуйидаги мисоллар билан ота- она дуоси ҳақида тарбиявий соатларда гапиришни тавсия қиламиз.  

Буюк аждодимиз Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ҳаётида ҳам дуо ҳақида ибратли тарихий мисол келтирилади. Манбаларда қайд этилишича у отасидан жуда эрта етим қолади. Устига-устак гўдак ёшида Бухорийнинг кўзлари кўрмай        қолади. Шунда бу ҳолдан қаттиқ изтиробга тушган онаизор умидсиз бўлмай, яратгандан ўғлига шифо сўраб, кечаю- кундуз тинимсиз дуо қиладилар. Тарихдан маълумки, онанинг дуоси илтижо бўлиб ғам шодликка айланади, боланинг кўзлари нурга тўлади. Ўткир зеҳнга эга бу инсон ўн ёшларидаёқ мактабда берилган барча билимларни ёд олиб барчани қойил қолдиради. Дарҳақиқат, дуода гап кўп экан. Талабалик давримда имтиҳонлар вақтида синовга кетишдан аввал она ёки оиладаги катта кишилардан дуо олмасам, сира кўнглим жойига тушмас эди. Бир куни шошганимданми дуо олмасдан кетган эдим, имтиҳонда ишим юришмади. Шунда онам раҳматли: “Ана кўрдингми, дуони шарофатини, бундан буён нима жиддий иш бошламагин, албатта катталарнинг дуосини ол, шунда панд емайсан, дедилар”. Бир куни ҳовлимиздаги катта нокни кесиб, ўрнига иморат қурмоқчи бўлиб иш бошламоқчи эдим , шунда онам: ”Бу дарахт бир неча ўн йиллар мобайнида не-не одамларга ризқ берди, лекин начора сиқилиб қолдинг уй қуриш ҳам хайрли иш, нок дарахти бизга ҳам уларга ҳам қадрдон эди, қурмоқчи бўлган уйинг ҳам файзли бўлишини истасанг катта ёшдаги қўшниларни чақир, улар дуо қилсинлар, шунда дарахтни ҳам бешикаст кесасан, кейин иш бошлагин болам, яхши бўлади, ишинг бароридан келади”, дедилар. Мен онам айтганларини қилдим, ҳаммани кўнгли тоғдек кўтарилди, бошлаётган ишимга оқ фотиҳа беришди.Уй ҳам жуда кўркам ва файзли бўлди, тез қурилди. Ишни бешикаст, хайрли бўлиши айнан улуғ, мартабали, кекса кишиларнинг дуосига боғлиқлигига яна бир бор иқрор бўлдим. Узоқ йиллар одамлар дуога беэътибор бўлганликларини сабаби, собиқ шўро тизими дуони диний иллат деб ундан кишиларни қайтарди.

Худога минг шукрки, мустақиллигимиз туфайли бу асрий анъанамиз яна ўзимизга қайтди қайтди. Юртбошимиз, халқимизнинг эзгу дуолари шарофати сиз мана шундай бахтли ҳаётда мактабларда таълим олаяпсиз дейман ўқувчиларимга. Ҳозир барча ҳар ерда, ҳеч тортинмасдан эзгу ишларни тилаб бемалол дуо қилиш мумкин. Биз мактабда тарбиявий соатларда кўпгина ибратли воқеалар орқали болаларни тарбиялашга одатланишимиз даркор. Мисол учун феврал ойида Навоий, Бобурга оид тадбирларда бу улуғ аждодларимизни шу даражага етишларида Алишер Навоийнинг ёшлигида Шарофуддин Али Яздий, Мавлоно Лутфий ҳазратлари қилишган бўлса, устозлари бир умр у кишига ёнма- ён юрган Абдураҳмон Жомий Навоийни доим дуо қилганларини айтиш, жумладан Жомий ҳазратларининг ёшларимиз ибрат олса арзигулик дуоларини мисол келтиришимиз мумкин.Мамлакат подшоҳи Ҳусайн Бойқаро доим дўсти ва сафдаши Алишерни дуо қилишни канда қилмаган. Юртбошиларнинг дуоси ҳамиша ижобат бўлади. Маълумки, Ҳазрат Алишер Навоий туркий тилнинг имкониятлари ҳақида айтилган қарашларнинг нечоғли мантиқсиз эканини ўз ижоди, исътедоди ва билими билан исбот этди, яъни ул зот соф туркий тилда ”Хазойин- ул маоний” асарини битиб, таҳсинларга сазовар бўлди. Шунда Абдураҳмон Жомий севиниб Навойини дуо қилдилар: ”...бу қаламга фалакдан офаринлар ёғилгай!” Устознинг дуоси ижобат бўлган бўлса неажаб.Абдураҳмон Жомийдек авлиё киши Тошкентга келиб Пир Хўжа Аҳрор Валийдан икки марта баъзи адабиётларда уч марта келиб маслаҳат ва дуо олганликларини ҳамма ўқитувчиларимиз билавермайди.Бу зот кейинчалик Самарқандда яшаганларида ҳам дуо олгани зиёрат қилганлар. Ҳирот билан Тошкент орасини ҳозиргидагидек самолёт ёки поездда эмас, балки от-уловда ва йўл азоб уқубатларини кечиб эканлигини билсак устозларнинг дуоси учун боболаримиз не машаққатларни чекишган. Буюк Алишер Навоийнинг умри боқийлигини асосий сабаби ҳам ул зотнинг элдан, устозлардан, амалдорлардан олган дуоларидан деб билиш лозим. Шу ўринда  Заҳриддин Муҳаммад Бобур ҳаётида ҳам ночор қолган пайтлардаги қилган дуоларини “Бобурнома”дан парчалар келтирилиши муҳим тарбиявий аҳамиятга эга эканлигини таъкидламоқчиман. Бобур Мирзонинг дуоси қабул бўлган ҳолат ҳақида ҳам сўзлаш ўринли. Биз тожу- тахт учун ўз боласи ёҳуд отасини қатл этган ҳукмдорлар ҳақида кўп эшитганмиз. У тахтни ночорликдан эмас, балки ўғли Ҳумоюнни жонини сақлаб қолиш учун ўз ихтиёри билан топширди. Ҳозир мактабда саҳналаштирилган театр кўринишларга тўғриси кам эътибор берилмоқда. Мактабдаги кичик ролларнинг нечоғли тарбиявий аҳамиятини гапирмаса ҳам бўлади. Мактаб кутубхоналарини деярли барчасида “Бобурнома” бор. Биз шу китобдан бу ҳолат қандай юз берганини шоҳ ва шоирнинг ўз қаламига мансуб лавҳа асосида театрлаштирилган саҳна қўйганимизда болалар учун ниҳоятда таъсирчан бўлган эди. Мана шу тажрибани ҳамкасбларимга тавсия этган бўлар эдим. Сир эмас, тарбияни қуруқ ваъзхонлик ёки саёз синф соатлари орқали ўтказиш мутлоқо бугуни иши эмас. Ҳар бир ишда натижадорлик ва аниқлик бўлиши керак. Бунда албатта ёш муаллимлар ёши улуғ ўқитувчиларни гапларига таянишлари лозим. Мен ҳам ушбу мавзуни ёритишда узоқ йиллик тажрибаларим ва адабиётлардан фойдаландим. Тан олиш керак, биз чинакамига тарбия борасида кўп аждодларимиз қолдирган нарсалардан фойдаланмай юрган эканмиз. Жумладан, ёшлар ҳақига дуо қилишни уларга дуони тарбиядаги ўрнини ҳам тушунтира олсак, анча бетарбияликларни олди олинган бўлади. Ушбу мавзу катта, уни мухтасар қилиш учун мен яна Соҳибқирон Амир Темур ”Тузук” ларига мурожаат қилдим, унда ёзилишича буюк саркарда ўз фаолиятида кекса, тажрибали кишиларнинг сўзларига доим қулоқ тутганини ёзади: “...Ёши улуғ, кекса сипоҳийларни ҳурматлаб, азиз тутсинлар. Улардан фойдали маслаҳатлар олсинлар, чунки улар айтадиган гаплар ўз тажрибаларида кўриб, билганларидир. Уларни салтанат корхонасининг устунлари деб билсинлар”. Биз юқорида тилга олган аждодларимиз ниҳоятда саҳоватли инсонлар бўлганлар. Уларнинг саховатлари алоҳида мавзу.

Зеро, ҳар қандай саховат тагида дуо ётади.  Ушбу тавсиялар ёшларимизни, айниқса мактабда эндигина иш бошлаган педагогларнинг қалбларини янада ёрқинлаштиб тарбия борасида қўллайдилар деган умиддаман.

 Бахтиёр КАРИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Халқ ўқитувчиси.

Report Page