Ғиждувонда яширин цех фош қилинди

Ғиждувонда яширин цех фош қилинди

Buxoro.uz

Бюронинг Ғиждувон туман бўлими томонидан ўтказилган тадбир давомида «Сармижон» МФЙ «Қўрғон» қишлоғида жойлашган «Икром Аваз Аслиддин» фермер хўжалигига қарашли молхона биносида фуқаро Шерзодбек Музаффаров қонунга хилоф равишда яширин цех ташкил қилиб, қўлбола усулда ясалган 1 дона жувоз ускунасини ҳудудий электр тармоқлари корхонаси розилигисиз электр тармоғига бевосита улаб, чигит маҳсулотидан ўсимлик ёғи ишлаб чиқараётганлиги аниқланди ҳамда ундан бир дона жувоз ускунаси, 300 литр ўсимлик ёғи, 10 кг чигит ва бошқа турли ҳажмдаги елим идишлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Фуқаро Ш.Музаффаровдан олинган ўсимлик ёғининг сифатини аниқлаш мақсадида тайинланган суд-кимё экспертизасининг 2020 йил 14 январдаги хулосасига кўра яширин цехда ишлаб чиқарилган ёғ маҳсулоти пахта чигитидан қўлбола усулда олинганлиги, ушбу ўсимлик ёғи истеъмол қилинганда ошқозон-ичак, жигар аъзоларига салбий таъсир этиб, маҳсулот ўткир ва сурункали заҳарланиш ҳолатларини келтириб чиқариши қайд этилди.

Ушбу ҳолат юзасидан 2020 йил 17 январь куни  Бюронинг Ғиждувон туман бўлими томонидан Ш.Музаффаровга нисбатан ЖКнинг 186-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш учун Ғиждувон туман прокуратурасига юборилди.

Шахзод Эргашев,
МИБ Ғиждувон тумани бўлими бошлиғи ўринбосари
    

Report Page