Озодаликка ҳаммамиз масъулмиз

Озодаликка ҳаммамиз масъулмиз

Buxoro.uz

Бобо-бувиларимиз, ота-оналаримиз: “Чиқиндини ариққа супурма, сувга туширма, ҳовли ва кўчаларга ахлат ташлама”, деб бежизга қайта-қайта тайинлаб келмаганлар. Илгарилари ариқ ва булоқларнинг сувидан қониб-қониб ичардик. Иссиқ нонларни оқар сувларда оқизоқ қилиб ердик. Ҳозир ким маҳалла, гузарлар оралаб оқиб ўтадиган ариқдан сув ича олади? Баъзилар ҳеч тортинмай ариққа супринди ташлайди, кир ювилса, мағзавасини оқизади. Ҳар жойда кўз тушса, хижолатга соладиган бир манзара бор. Уйлардан узоқлашилмасдан исталган жойга ташлаб кетилган чиқиндиларни кўриш мумкин. Буни куни кеча ижтимоий тармоқда суратлари билан эълон қилинган хабарда ҳам кўриш мумкин. Унда Бухоро шаҳри Алпомиш кўчасидан ўтувчи бетон ариқ (канал) ичи ана шундай чиқиндилар билан тўлганлиги, буни на шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, на тегишли соҳа масъуллари тозаламаётгани айтилади. 

Шу ўринда ҳақди савол туғилади: яшаётган жойларимизнинг тоза бўлиши, аввало ўзимизга боғлиқ эмасми?! Фақат ҳовли ва уйларимиз эмас, қишлоқ, шаҳарларимиз ҳам ўзимизники. Унинг озодалигига тозалик идоралари ходимларидан ташқари ҳар биримиз жавобгармиз, масъулмиз. Ким уйи ифлос бўлишини, чиқиндилар сочилиб ётишини истайди? Ҳеч ким! Аммо буни кўчамизга раво кўрамиз. Гоҳида ҳатто машинадан тушишга эриниб, баъзи кишилар уйидан халтачаларга солиб берилган чиқиндиларни пана-пастқамларга улоқтириб кетишади. Шу боис ҳам йўлларимиз бўйида қоғоздан тортиб, турли хил чиқиндилар сочилиб ётади, чекка жойларда уюлиб, бадбўй ҳидлар таратади. Касалликлар ахлат уюмларидан тарқайди. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир аслида.

Энди мурожаатда кўтарилган масалага қайтсак. Аму-Бухоро ирригация тизимлари ҳавза бошқармасидан маълум қилишларича, канал чиқиндилардан тўлиқ тозаланган. Ҳозирда Бухоро шаҳрига туташ экин ерларини суғориш мақсадида ушбу каналдан сув оқизилмоқда.

Шу ўринда эндиликда белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек, суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш — фуқароларга 92 минг 150 сўмдан 552 минг 900 сўмгача, мансабдор шахсларга эса 552 минг 900 сўмдан 921 минг 500 сўмгача жарима солишга сабаб бўлишини эслатиб ўтмоқчимиз. Бу ҳақда “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунида қайд этилган.

Шунингдек, қонун билан транспорт воситаларидан ахлат ёки бошқа нарсаларни ташлаб юборганлик учун белгиланадиган жарималар ҳам оширилди. Поездларнинг вагонлари, автотранспорт воситалари ва шаҳар йўловчилар транспортидан ахлат ёки бошқа нарсаларни ташлаб юбориш энг кам иш ҳақининг бешдан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Report Page