Қашқадарёда карантинга олинган фуқаролар сони 534 нафарга етди

Қашқадарёда карантинга олинган фуқаролар сони 534 нафарга етди

@Nazarov24_7

Қашқадарёда карантин объектларига айлантирилган учта сиҳатгоҳ ва иккита касалхонада 534 фуқаро карантинда сақланмоқда. Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Нуриддин Эгамов «Дарё»га маълум қилди.

Эгамовнинг таъкидлашича, 14 кунлик карантин тадбирлари учун яна учта мослаштирилган база ташкил этиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳудуддаги олтинчи карантин объектига айлантирилиши мумкин. Шунда ҳам унинг неврология ва гемодиализ бўлими бошқа беморларга ҳам хизмат қилишда давом этади.

«Ҳозирча вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказини мослаштирилган базага айлантириш кўзда тутилмаяпти. Аммо уйда даволаниши мумкин бўлган бемор болаларга рухсат берилмоқда. Шифохонанинг реанимация, чақалоқлар ренимацияси, кўкрак ёшидаги болалар, жарроҳлик, пулмонология сингари асосий бўлимлари ўз фаолиятини давом эттирмоқда», — деди Нуриддин Эгамов.

Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасидан қўшимча қилишларича, карантин объектларига жойлаштирилган фуқаролар учун етарли шарт-шароит яратилган; уларни дори-дармон, дезинфекцияловчи ҳамда ҳимоя воситалари билан зарур миқдорда таъминлаш чоралари кўрилган.

Аввалроқ Ўзбекистон ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов Қашқадарё вилоятида 202 киши уй шароитида карантинга олинганини маълум қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, 21 март куни Қашқадарёдаги карантин марказидан қочишга уринган 25 ёшли наманганлик фуқаро девордан ошиб ўтиб, қочаётгани вақтида Миллий гвардия ходимлари томонидан ушланган эди.


Манбаа: daryo.uz




Report Page