Жиззахда карантин сабаб ишламаётган ошхонага келган хўрандалар жанжал кўтариб, икки кишини пичоқлаб қўйди

Жиззахда карантин сабаб ишламаётган ошхонага келган хўрандалар жанжал кўтариб, икки кишини пичоқлаб қўйди

@Nazarov24_7

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида карантин сабаб ёпилган ошхонага келган хўрандалар жанжал чиқариб, икки кишини пичоқлаб қўйди, деб хабар беради вилоят ИИБ ахборот хизмати.

Жиззах шаҳар «Тинчлик» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро М.Н. ва Н.Ж. Шароф Рашидов тумани «Хайрабод» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган умумий овқатланиш шохобчасига келиб, овқат буюртма қилган. Ошпаз мижозларга ошхона карантин муносабати билан ишламаётганлигини тушунтирганида, улар буни тушунишни хоҳламай жанжал чиқарган.

Ошхона рўпарасида истиқомат қилувчи 2000 йилда туғилган фуқаро Ф.У ва укаси туман ХТБга қарашли 52-сонли умумтаълим мактабининг ўқувчиси О.У. жанжални эшитиб чиқади. Даҳанаки жанжал оқибатида фуқаро М.Н. ўзи билан доимий равишда олиб юрган пичоғи билан О.У. ва акаси Ф.У.га тан жароҳат етказган.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича Шароф Рашидов тумани ички ишлар бўлими томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида 21 мартдан бошлаб барча ҳудудларда фаолият юритаётган кўнгилочар объектлар, шу жумладан, тунги клублар, чойхона ва ошхоналар фаолияти коронавирус касаллиги билан боғлиқ эпидемиологик ҳолат барқарорлашгунга қадар тўхтатилган. Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирус билан касалланганлар сони 46 кишига етган.

Report Page