Ўзбек бронекатерлари иштирок этган машғулотдан бехабар Туркманистон ҳарбийлари уларнинг «ҳужуми»ни қайтаришга уринди

Ўзбек бронекатерлари иштирок этган машғулотдан бехабар Туркманистон ҳарбийлари уларнинг «ҳужуми»ни қайтаришга уринди

@Nazarov24_7

Февраль ойининг охирида Ўзбекистон чегара қўшинларининг дарё чегараларини ҳимоя қилиш бўлинмалари Туркманистон ва Афғонистон чегаралари ўртасида жойлашган ҳудудда тактик машғулотлар ўтказди, деб хабар беради «Хроника Туркменистана».

Маълумотларга кўра, ўқув машғулотларида Ўзбекистон томонидан Украинада ишлаб чиқарилган «Жайҳун» ва «Сайҳун» номли иккита замонавий сув бронекатери ҳаракатга келтирилган. Катерлар кучли моторга эга бўлиб, йирик калибрли пулемётлар билан жиҳозланган.

Таъкидланишича, ушбу ҳудудни қўриқловчи туркман чегарачилари машғулотлардан бехабар бўлгани сабаб уларни ушлаш учун дарё флотилия полициясининг иккита транспорт катерида Келиф қишлоғида жойлашган бўлинманинг 20 га яқин аскарини юборган. Ҳар бир қайиқда Калашников автомати билан қуролланган тўққиз нафар чегарачи бўлгани айтилмоқда. Аксарият автоматларнинг магазинида патрон бўлмаган.

Ҳарбий хизматчилардан бирининг сўзларига кўра, чегарачилар машғулот ҳақида огоҳлантирилмагани учун вазиятга тайёр бўлмаган.

«Балки, қўшнилар Ашхободдаги қўмондонлигимизни огоҳлантиргандир, лекин биз бехабар эдик. Шу сабаб чегарада хориж ҳарбийларига тегишли катерларнинг қўққисдан пайдо бўлишига жавоб қайтариш мақсадида қўлга илинган нарсадан фойдаландик», — дейди ҳарбий хизматчилардан бири.

Икки давлат ҳарбийларининг тўқнашуви отишмаларсиз бўлган.

Маълумотларга кўра, Туркманистон сотиб олган барча замонавий катерлар Каспий денгизида жойлашган.


Report Page