Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус сабабли Олмалиқда фуқаролар вафот этгани ҳақидаги хабарни рад этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус сабабли Олмалиқда фуқаролар вафот этгани ҳақидаги хабарни рад этди.

@Nazarov24_7

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонга коронавирус инфекцияси кириб келганлиги, Олмалиқ шаҳрида ушбу вирус сабабли 17 киши вафот этгани ҳақида аудиохабар тарқалди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур хабарга муносабат билдирди ва унинг мутлақо асоссиз ва ёлғон эканлигини маълум қилди.

Вазирликнинг қайд этишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган мазкур аудиохабар мутлақо асоссиз ва ёлғон.

Таъкидланишича, аудиохабарда айтилган Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ёпиқ йиғилиш ўтказилганлиги ҳақидаги иддао ҳам умуман асоссиз. Аслида коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасидаги амалга оширилаётган барча чора-тадбирлар ҳақида кенг жамоатчилик мунтазам хабардор қилиб борилмоқда, дейилади вазирлик хабарида.

Вазирликнинг маълум қилишича, дунёдаги эпидемик вазиятдан келиб чиққан ҳолда мамлакатда коронавирус инфекциясининг олдини олиш борасида барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда ва бу жараён қатъий назоратга олинган.

Жумладан, давлат чегараларида мавжуд 53 та санитария-карантин пунктига қўшимча шифокор-мутахассислар, зарур тиббий жиҳозлар, жумладан, тепловизор ва контактсиз термометрлар, шахсий ҳимоя воситалари ажратилиб, фаолият самарадорлиги кучайтирилди.

Мазкур пунктлардан ўтаётган ҳар бир фуқаронинг яшаш жойи бўйича маълумотлар олиниб, бирламчи тиббиёт муассасалари томонидан тиббий кузатув йўлга қўйилган. Сўнгги маълумотларга кўра, 2020 йилнинг 15 январидан айни пайтга қадар мамлакат бўйича 14 кунлик тиббий кузатувга олинган фуқаролардан 5082 нафарида ҳеч қандай инфекция аломатлари аниқланмаганлиги учун кузатувдан чиқарилган, 2214 нафар фуқарода эса тиббий кузатув давом эттирилмоқда.

Вазирлик айни пайтга қадар Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ бирон-бир ҳолат аниқланмаганини яна бир карра қайд этиб ўтган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида коронавирус тарқалгани, хусусан, икки беморнинг шаҳардаги 16-касалхонага ётқизилгани ҳақидаги аудиохабарлар тарқалди. Кейинроқ Соғлиқни салқаш вазирлиги мазкур хабарларни рад этди ва ушбу маълумот ҳақиқатга зид эканлигини маълум қилди. Шунингдек, соғлиқни салқаш вазири Ўзбекистонга коронавирус кириб келмаганини таъкидлаган ҳамда у кириб келган тақдирда, уни яшириш имконсиз эканлигини айтган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 11 март, чоршанба куни, коронавирусга қарши кураш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигига топшириқлар берди ҳамда мазкур вирус ҳақида гапирди.

ЖССТ 11 март куни коронавируснинг пандемия даражасига етганини маълум қилди. Мазкур ташкилот вакили эса коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келиши эҳтимоли юқори эканини билдирди. Россия Ўзбекистонга коронавирусни аниқлайдиган тест тизимини юборди.


Report Page