Сурхондарё вилояти ҳокими Москва шаҳрида фаолият юритаётган афғон ишбилармонлари билан мулоқот ўтказди

Сурхондарё вилояти ҳокими Москва шаҳрида фаолият юритаётган афғон ишбилармонлари билан мулоқот ўтказди

Surxondaryo viloyati hokimligi matbuot xizmati

Аввал хабар берганимиздек, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов бошчилигидаги делегация Россия Федерациясининг Новосибирск вилояти ва Москва шаҳрига амалий ташрифи доирасида икки томонлама савдо-иқтисодий, молиявий ва инвестиция алоқаларни ривожлантиришга доир қатор тадбир ва учрашувларда иштирок этди.

Сурхондарё вилоятига хорижий инвестицияларни жалб этиш мақсадида Москва шаҳридаги афғон диаспораси вакиллари – афғонистонлик бир гуруҳ тадбиркор ва ишбилармонлар билан бўлиб ўтган учрашувда вилоятнинг иқтисодий, ижтимоий, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги имкониятлари, хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар ҳақида иштирокчиларга маълумот берилди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича тўпланган тажриба, саноат ишлаб чиқариш имкониятларининг ўсиб бораётгани вилоятда инвестиция киритиш ва аграр соҳада қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шароит яратиши таъкидланди.

Ҳозирда Сурхондарё вилоятида қўшни мамлакат сармоядорлари иштирокида 111 хизмат кўрсатиш, 49 қишлоқ хўжалиги ва 35 саноат соҳасида қўшма ҳамда хорижий корхоналар фаолият юритаётир.

Термиз туманидаги “Termiz kargo” экспорт марказида қўшни давлат ишбилармонлари учун барча замонавий қулайлик яратилган. Бу ерда “Бир дарча” принципи асосида ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнлари ҳеч қандай тўсиқсиз, тез ва сифатли амалга ошириляпти. Афғонистонликлар учун виза расмийлаштириш ишлари анча соддалаштирилган.

2019-2020 йилларда афғон тадбиркорлари ҳамкорлигида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида қиймати 46 миллион доллар бўлган 40 лойиҳани амалга ошириш белгиланган.

Учрашувда Москва шаҳрида фаолият юритаётган бу афғон ишбилармонлари ҳам Сурхондарё вилоятига ташриф буюриб, турли соҳаларда ҳамкорлик ўрнатиш, вилоятида ўз бизнесини йўлга қўйиш  истагини билдирди. Ҳозирда хусусий сектор соҳаси ҳамда саноат корхоналаридаги кўплаб афғон сармоядорлари билан ҳамкорликда ишлаш, сармоядорларни жалб қилиш, янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишлар бошлаб юборилди.



 


Report Page