КЕЛАҚОЛ, ЖОНИМ РАМАЗОН !

КЕЛАҚОЛ, ЖОНИМ РАМАЗОН !

@tuychiyev_uz
фото Муҳаммад Исмоил

Ассалому алайкум!

  Авваломбор барчангизга тобора яқинлашиб келаётган моҳи Рамазон муборак бўлсин. Рамазон биз учун, Оллоҳга кўпроқ тоат ибодат қиладиган, қалбимизни поклайдиган, нафсимизни жиловлайдиган, ўю ҳаёлимизни ёлғон кўчалардан йиғиштириб оладиган, орзу умидларимизни иймон тарозусида ўлчайдиган, бежо ҳатти ҳаракатларимизни ақида тартибига соладиган, қиёматда нима деб жавоб беришимизга ҳозирлантирадиган, маънан тозаланиб, янги ҳаётга гўдакдек покиза ва бегуноҳ қадам ташлашимизга тайёрлайдиган муқаддас ойдир. 

Ер юзида каронавирус балоси оловдай ўз оташини сочиб турган ва минглаб бегуноҳ инсонлар қирилиб кетаётган бугунги кунда Рамазон ойининг кириб келаётгани, халоскор кунларнинг кириб келаётганидай одамнинг қалбига равшанлик, ёруғлик ва умид бағишлайди. Шояд, кўпроқ тоат ибодат, тавба тазарру қилсагу Оллоҳ таоло барча гуноҳларимизни, айбларимизни, хатоларимизни, ошкор ва яширин жиноятларимизни, осийликларимизни кечирса. Ношукур ва исёнкор чоғларимиз учун жазонинг баҳридан ўтса, талтайган чоғларимиз учун авф этса.

Хўш, бу катта нуқсонларимиз, ноқисликларимиз нималарда кўринади?

Оллоҳ таоло бутун Ер юзини ўзининг ҳабиби, сарвари коинот Муҳаммад мустафо с.а.в. учун яратдилар. Ва барча одамларни ўзининг бандаси эканлигини англатувчи Қуръони каримни нозил қилдилар. 

Муҳаммад с.а.в. ҳаётлари бизга ўрнак. Суннат амалларидандир. Муҳаммад с.а.в. ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасида Оллоҳ таоло ёди билан яшади, тоат ибодатда бўлди, Оллоҳ буюрган ишни қилдилар, Оллоҳ қайтарган ишдан қайтдилар. Хўш, биз жаноб Ҳақ Пайғамбаримизнинг қайси ишини қилаяпмиз? Пайғамбаримиз қавмнинг улуғларидан Абу Толибнинг хонадонларида туғилиб, дунёнинг ярмини ўзларига тобъе қилиб турган, 63 йиллик умрлари давомида бирор марта оқ ундан қилинган нондан емаган эканлар. Онамиз Сафийяга уйланаётганларида дастурхонда бор йўғи уч тўрт дона хурмо, уч тўрт дона қурт, пиёладек катталикда сариёғдан бўлак ҳеч нарса бўлмаган экан. Саҳобийлар Расулуллоҳ с.а.в. уйга меҳмонга чақирганларида тансиқ таом сифатида кепакдан тайёрланган нон билан эъзозлаган эканлар. Расулуллоҳ элак нималигини билмаган, арпани майдалаб, пуфлаб шопирган, арпани пўстлоғи учгани учган, қолгани нон сифатида ейилган экан. Расулуллоҳ жаноблари ҳатто арпа нонига ҳам тўймай бу ёруғ оламдан ўтиб кетган эканлар. Мана биз ўрнак олишимиз лозим бўлган инсоннинг ҳаёти. Аммо, қайси биримиз ўрнак олаяпмиз? Орамизда бирорта ҳам оқ нон емаган одам йўқ. Орамизда бирорта элакни кўрмаган, арпани шамолда шопириб, унини арпа пўстлоғига қўшиб еган одам йўқ. Орамизда уйланганида тўйини уч тўрт хурмо, уч тўрт қурт, пиёладек катталикдаги сариёғ билан ўтқазган бирорта ҳам одам йўқ. Азиз меҳмонини кепакдан тайёрланган нон билан эъзозлаган мезбон ҳам бирорта йўқ. Майли бўлмасин ҳам. Худога минг қатла шукур, Ўзбекистонимиз бой ва бадавлат, ерлари серҳосил, дунё тамаддунида ўзининг буюк мавқеига эга давлатларидан бири. Аммо орамизда ношукурлар кўп. Кўзи очлар, Худонинг ризқ берувчи қудратига ишонмайдиганлар кўп. Мана бу коронавирус даврида юртимизда озиқ овқат тақчиллиги пайдо бўлади, нархлар ошади, оч қоламиз дейдиганлар кўп. Худди мана шу нарса инсонни диндан чиқаради. Пайғамбаримиз озиқ овқат тақчиллик пайтида озиқ овқатни ғамлаш, лозимидан ортиқни беркитиб қўйиш, ўз нархидан қиммат сотиш, қийин аҳволдан фойдаланиш ҳаром, дедилар. Бутун олам тобъе бўлиб турган пайтда ҳам уйларида бир кунлик овқатдан ошиғини сақламадилар. Бизда эса, ҳали ҳеч қандай тақчиллик сезилгани йўқ, аммо одамлар қоплаб унни уйларига ташимоқдалар. Бозорлардан картошкаларни қоплаб ола бошладилар. Бозорларга минг тонналаб картшка туширилаяпти, аммо одамлар юҳодек картошкага ташланаяпти. Аксинча бўлиши керак эмасми? Пандемия даврида камроқ еб, камроқ исроф қилиб, тежамкорроқ бўлишимиз, бошқалар ризқига кўз олайтирмаслигимиз, бошқаларга илтифотлироқ бўлишимиз керак эмасми? Мана шундай пайтда меҳр мурувватимизни бошқаларга кўпроқ намоён этишимиз, ўзимизни ўзимиз инсофга чақиришимиз керак эмасми? Аслида, ўз нафсимизни тийишимиз, бошқаларнинг ҳаққини емаслигимиз, камхаржроқ бўлишимиз энг катта сахийлигимиздир.

Оллоҳ тақчиллик даврларида ким бирни бошқаларга берса, мен унга ўн баробар миқдорида қайтараман деб марҳамат қилганлар. Оллоҳни бу сўзларига шак келтирманг, бандалигингизда муқим бўлинг. Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. “Мўъмин битта ичакка ейди, мунофиқ кофир етти ичакка ейди”, деганлар. Нима битта ичагингиз, бирданига етти ичакка айландими, кеча уч тўрт кило олган картошкангизга қаноат қилмай, бирданига қоплаб ола бошладингиз, нима картошкани кўп есангиз каронавирус сизни четлаб ўтадими? Одамга инсоф керак, уят керак, ҳаё керак! Қоплаб олаётганингизда атрофингиздаги одамлардан уялмайсизми? Пиёзга талашган эдингиз, қоплаб ғамлаган эдингиз, мана янги пиёз чиқди, энди эскисини нима қиласиз, чиритасизми? Ё чириганини ҳидлаб ўтирибсизми? Ҳиди яхшимикин? Аслида очкўзлик коронавирусдан ҳам баттар касалликдир. Коронавирусдан ўлган одам шаҳид мақомида кетади, очкўзлик туфайли ўлган одам тўғри жаҳаннамга мубтало бўлади.

Рамазон одамлар тавба тазарру қиладиган, гуноҳлардан покиза бўлишга тайёрланадиган, камхарж, камсуқум, камтар, кам ейишга ўрганадиган ойдир. Рўзанинг хикмати шу қадар улуғки, саҳобаи икромлар бутун умр рўза тутишни орзу қилганлар.

 Рамазон ойида ҳар куни осмону фалакдан етмиш минг малоика тушиб, бандаларнинг дуосини арш тоқига олиб чиқиб туради ва бу дуолар албатта ижобат бўлади. Оллоҳдан сўрайлик, пандемия балоси Ер юзидан даф бўлсин. Оллоҳ таоло марҳаматли ва меҳрибондир. Рўза қалқондир. Рўза - бизни бало қазолардан асрагувчи, қалбларимизни иймону эътиқод билан тўлдирувчи, ҳаёт йўлларимизни мунаввар этгувчи, умримизни ризқ баракага лиммо лим қилгувчи, хонадонларимизга файзу фаровонлик келтиргувчи, меҳр оқибатимизни зиёда қилгувчи, касб коримизга, илмимизга олийлик мақомини бахш этгувчи, тўкинчилик сочинчилик келтиргувчи муқаддас ойдир. Хуш келдинг Рамазон! Сенга эшикларимиз очиқ, сенга қалбларимиз очиқ, сенга тафаккуримиз очиқ, сенга жону-танимиз очиқ! Сенинг йўлларингга йиғлаб интизормиз! Ўз шифокорини кутган хастадек, йўлларингга интизормиз. Йўл тополмай турган одам, ўз йўлини топган одамдек, сенинг келишингдан қувончдамиз. Сен Оллоҳнинг аршидан жаннат нафасини олиб келмоқдасан. Сен келаётганингда дўзах эшиклари шарақлаб ёпилгани эшитилади. Сен келаётганингда занжирбанд шайтонларнинг ҳузурбахш оҳу фиғони кўкни тутади. Сен келганингда оламни шундай ифор эгаллайдики, жаннатдан тушган бу бир қултум нафас, ер юзининг барча гулу райҳонларининг ифоридан минг чандон кўпроқ, минг чандон хушбўйроқдир.

Келақол, жоним Рамазон!

   

МУҲАММАД ИСМОИЛ



Report Page