ҲАР ҚАНДАЙ КАСАЛЛИК ЗАИФ ИНСОННИ ТАНЛАЙДИ

ҲАР ҚАНДАЙ КАСАЛЛИК ЗАИФ ИНСОННИ ТАНЛАЙДИ

@tuychiyev_uz
фото телеграм

Ассалому алайкум, қадрли воҳадошлар!

2020 йилнинг 24 январь куни муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга мурожаатнома йўллагидан барчамизнинг хабаримиз бор. Ана шу мурожаатномада акс этган ва жамиятимиз, халқимиз ҳаётига даҳлдор бўлган ҳар бир мавзу, муаммо ва ечимларни эшитиб, биз нуронийлар улкан имкониятлар яратилаётган, одилона сиёсат ҳукм сураётган ва ҳар доим юксак эътибор қаратаётган мамлакатда кексалик гаштини сураётганимиздан яна бир бор фахрланиб кетдик.

Бугунги кунда бутун дунёни ташвишга солаётган коронавирус бизни ҳам четлаб ўтмайди деган хадик билан яшаётган инсонларга қарата шу сўзни айтмоқчиман. Нафақат, вирус балки ҳар қандай касаллик ҳам, аввало, заиф, иродасиз, ўз кучига ишонмайдиган, шукроналик ҳиссидан бегона бўлган инсонларни танлайди. Биз худди шу вазиятда аҳил бўлсак, бирдам бўлсак, оиламиздан, яқинларимиздан меҳр-оқибатни аямасак, замонамиз қаҳрамонлари бўлган шифокорларнинг тавсияларига ўз вақтида амал қилсак, албатта, ҳар қандай вирусни енга оламиз. 

Уйдан чиқманг, деган даъватни ҳар куни эшитяпмиз. Қанчадан-қанча инсонларни биз учун, бизнинг соғлиғимиз учун курашаётганини гувоҳи бўляпмиз. Юртбошимизнинг тинимсиз равишда халқ билан ҳамнафас бўлиб, тезроқ бу дардни юртимиз ҳудудидан четлатиш ва одамларни бахтиёр яшашлари учун ҳар доимгидан кўра кўпроқ ҳаракат қилаётганлигини ҳис қиляпмиз. Телевизор орқали дунёда бир кунда минглаб инсонларнинг ҳаёти тугаётгани, вирусни ривожланган мамлакатларда авж олаётганини кўряпмиз. Агар мана шу вазиятда ҳам, биз эътиборсиз бўлсак, ҳаракат қилмасак эртага виждонимиз олдида бир умрга айбдор бўлиб қоламиз. 

Азиз юртдошлар. Мен 40 йилдан буён қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилаётган Мирзачўл аёли, онаси сифатида шуни айтмоқчиманки, бирдам бўлайлик. Бирдамликда, бирликда гап катта эканини набираларимизга ҳам тушунтирайлик. Ёшларга ўзимиз ўрнак бўлайлик. Агар имконимиз бўлса, саховатпеша инсонлар қатори бўлиб, халқимизга ёрдам берайлик. Бўш қолан вақтларимизда ўз ҳовлимиздан унумли фойдаланайлик. Турли кўчатлар экиб, ниҳоллар парвариш қилайлик. Китоб ўқиб, маънавиятимизни янада бойитайлик. Нуроний, ёши улуғ инсонлар сифатида фарзандларимизга тўғри насиҳат бериб, энг асосийси, фақат ва фақат Яратган Аллоҳдан яхшиликлар тилаб, бу дардга даво сўраб дуо қилайлик.

Мен фахр билан айта оламанки, озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар захираси бўйича дунёнинг ҳеч қайси мамлакатидан ортда қолмаймиз. Бунга қудратимиз ҳам етади, албатта. Дунёнинг энг кучли шифокорлари билан бемалол беллаша оладиган фидойи шифокорларимиз бор. Бу эпидемияни енгиб ўтиш учун барча моддий имкониятлар етарли. Бироқ, биз ўзимизда шаҳс сифатида маънавий имкониятларни яратишимиз, иродамизни мустаҳкамлашимиз керак.

Азиз нуронийлар, меҳнат фахрийлари, қадрли бобожон-бувижонлар. Президентимизга мустаҳкам қанот бўлиш учун ҳам, жамиятимизга муносиб ҳисса қўшиш учун ҳам, аввало, ўзимизни асрайлик. Соғлиғимизга бефарқ бўлмайлик. Ўзингиз кўряпсиз, манаман деган мамлакатлар касалланган инсонларга жой етказиб бера олмаяпти. Қайсидир юртларда беморлар касалхона эшиклари олдида жон беришяпти. Биздачи? Бизда тез фурсатда замонавий қўшимча маҳсус шифохоналар бунёд этилмоқда. Юртимизнинг ҳар бир гўшасида сиҳатгоҳлар етарлича топилади. Шундай экан, нимадан қўрқишимиз, ҳайиқишимиз керак экан. Йўқ, қўрқиш эмас, балки шундай қудратли мамлакатда яшаётганимиздан фахрланишимиз керак.

Биз, Мирзачўлни чаманга айлантирган халқ сифатида, қўлни-қўлга бериб, бир мақсад йўлида ҳаракат қилиб, муҳтарам Президентимизга қанот бўламиз ва, албатта, худо хоҳласа, тождор вирусни ҳам енгамиз. 

Уйда қолинг, уйда қолинг, уйда қолинг!


Башорат Қодирова,

Меҳнат фахрийси

Report Page