ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ЁЗУВЧИСИ ХУДОЙБЕРДИ ТЎХТАБОЕВНИНГ СЎЗБОШИСИ БИЛАН ЁРҚИНЖОН ҲАЙИТБОЕВНИНГ ЯНГИ КИТОБИ НАШР ҚИЛИНДИ

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ЁЗУВЧИСИ ХУДОЙБЕРДИ ТЎХТАБОЕВНИНГ СЎЗБОШИСИ БИЛАН ЁРҚИНЖОН ҲАЙИТБОЕВНИНГ ЯНГИ КИТОБИ НАШР ҚИЛИНДИ

https://t.me/tuychiyev_uz
фото Анвар Туйчиев

Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани 15-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси, вилоят “Ёшлар иттифоқи” сардори, ёш ижодкор Ёрқинжон Ҳайитбоевнинг номи ўз тенгдошлари, ижод аҳли учун яхшигина таниш. Айниқса, вилоятда унинг иштирокисиз китобхонлик тадбирлари ташкил этилмайди. Яқинда бир хушхабарни эшитиб, хурсанд бўлдик.

фото Анвар Туйчиев
фото Анвар Туйчиев

Ёрқинжон Ҳайитбоевнинг “Онам кипригига арзимас дунё” шеърий китоби кўп нусҳада “Зиё” нашриётида чоп этилди. Ижодкорнинг 120га яқин шеърлари ўрин олган китоб 4 бўлимдан иборат бўлиб, улар: “То жисмимда ураркан юрак...”, “Шеър билан қўшилиб, яшайди шоир...”, “Тушларимда ёзилган шеърлар”, “Ўйнар эдим қушчалар билан...” бўлимларидир.

фото Telegram

Дастлабки бўлимда Ватан, халқ, она юрт, мамлакат фидойилари ҳақида сўз юритилган бўлса, иккинчи бўлимдан ҳаёт ҳақидаги ўйлар, кечинмалар, кузатилган ҳодисалар ҳақидаги хулоса ва мулоҳазалар ўрин олган. Учинчи бўлимда айни ёшлик чоғининг меваси бўлган севги-муҳаббат, ишқ ҳақидаги сатрлар жой олган. Тўртинчи бўлим эса, болажонларга аталган.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби, болалар ва ўсмирларнинг, нафақат ёшлар балки, барча китобхонларнинг севимли адиби бўлган Худойберди Тўхтабоевнинг китоб ва китоб муаллифи Ёрқинжон ҳақидаги фикрлари тасвирланган сўзбоши билан бошланган шеърий тўплам ўқувчига чиндан ҳам маънавий бойлик бера олади.

Худойберди Тўхтабоевнинг қуйидаги фикрлари эътиборимизни тортди. “Сирдарёлик ўғлим Ёрқинжоннинг нашрга тайёрланаётган бу шеърий тўпламини ўқиб, айниқса, китоб номининг чиройли танланганини эшитиб, ёш ижодкорнинг адабиёт оламида катта қадам ташлаётганидан хурсанд бўлдим. Онам кипригига арзимас дунё. Эътибор билан шу номни қайта ўқиб кўринг. Қалбингизнинг қайсидир жойлари тўлқинландими? Агар шуни сезган бўлсангиз, ижодкор кўзлаган мақсадига эришибди.”


Устоз ижодкорнинг фикрлари кўркига файз қўшган китобга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Норинисо Қосимова муҳаррирлик қилган.


Ёрқинжоннинг келгусидаги ижоди ёрқин бўлишини тилаймиз.

Анвар ТУЙЧИЕВ
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши раисининг матбуот котиби, Ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси.




Report Page