Қочоқ, Мигрант ва Турист. Трилогия. 2-қисм. Мигрант.

Қочоқ, Мигрант ва Турист. Трилогия. 2-қисм. Мигрант.

Дониёр Рўзметов

1930 йилларда Совет Иттифоқи Марказий Осиёнинг аҳолисини колхозлар ва совхозларда ишлашлари учун уларларни ўтроқлашитириш сиёсатини олиб боради. Тарихдан шаҳарлар ва қишлоқларда яшашга одатланган ҳозирги Ўзбекистоннинг аҳолисини ўтроклаштириш борасида унчалик муаммолар бўлмаган бўлса ҳам, Марказий Осиёнинг кўчманчи аҳолиси, жумладан қозоқларни, қирғизларни ва туркманларни ўтроклаштиришда советлар катта тўсиқларга дуч келадилар. Ота-боболарининг кўчманчи хаёт тарзларидан воз кечишни истамаган қозоқларни ўтроклаштириш учун советлар уларнинг чорваларини тортиб олиш ва ҳатто чорваларни атайлабдан қириб ташлаш ёки ёқиб юбориш каби дахшатли чораларни ҳам қўллаганлар.

Натижада 1930-1932 йиллар оралиғида 4 миллион нафар қозоқларнинг қарийб ярми аянчли ҳолатда ОЧЛИКДАН (отишдан, осишдан ёки қатоғондан эмас) қирилиб кетадилар. Миллионлаган қозоқлар Ўзбекистон, Қирғизистон, Хитой, Туркия ва Европа ҳудудларига жон сақлаш учун тарқалиб кетадилар. Дунё тарихида бирон миллатнинг бунчалик катта қисми тизимли равишда шавқатсизларча қириб ташланганлиги ҳолатлари кузатилган эмас. Оқибатда ҳозирга келиб, Қозоғистон катта инсоний йўқотишлар ҳисобига дунёнинг аксарият давлатлари қатори ўтроқ давлатга айланган.

Ўтроқлаштириш учун қозоқларни шу кўйларга солган советлар минтақамизнинг аҳолисининг хаёт тарзини бутунлай кўчманчилик, миграция деган нарсалар нималигини билмайдиган, узоғи билан ўз туманининг марказига бориб келиб кун кечирадиган, агар мобадо Москвага бориб келгудай бўлса, ўзини худди космосга чиқиб келгандай ҳис қиладиган "ўтроқ" тизимга ўргатиб қўйганлар.

Республикаларимиз ўз мустақилликларини қўлга киритгач, 1990 йиллар давомида юз берган иқтисодий ва сиёсий қийинчиликларнинг натижасида инсонларимиз меҳнат миграцияси деган нарсаларни "кашф" қила бошлаганлар ва бу халқимизда худди ўзга юртларда ишлаш шармандали ҳолатдай қарашларни пайдо қилган. Ваҳоланки, миграция, яъни инсонларнинг бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга қўчишлари инсоният пайдо бўлгандан бери мавжуд бўлган табиий ҳодисадир.  


Мигрант ким ?  

Мигрантнинг ким эканлиги ҳақида маълум бир юридик таъриф йўқ. Фақатгина халқаро ташкилотлар мигрант деганда кимни назарда тутишларига қараб буни аниқлаб олиш мумкин бўлади. Масалан Европада ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти мигрант деганда умумий қилиб "бир давлатнинг ҳудудидан бошқа бир давлатнинг ҳудудига у ерда минимум муҳлат қолиш учун кўчиб борган" ҳар бир кишини назарда тутади. Мигрантларнинг туристлардан ва қочоқларда фарқи, улар ўзга давлатга иқитосодий, ижтимоий фаровонлик излаб узоқ муддатга борадилар ва у ерда ишлайдилар.

БМТ ва ЮНЕСКО ташкилотлари эса мигрантларни "вақтинчалик", яъни мавсумий ва "доимий" мигрантларга бўлишни таклиф қиладилар.

Мавсумий мигрантларга мавсум давомида қўшни республикалар ҳудудига бориб, қурилишларда, пахта териш, кофе ёки қулупнай териш, туристларга хизмат кўрсатиш ва ҳоказо ишлар билан шуғулланиб, мавсум тугагач ўз яшаш уйига қайтиб келадиган мигрантлар киради.

Доимий мигрантларга эса бошқа давлат ҳудудида ўқиш, иш ёки бошқа сабабларга кўра узоқ муддат қолиб, "чет эллик" мақомида истиқомат қилувчи инсонлар кирадилар. 

Мигрантлар ўзга давлат ҳудудига одатда иқтисодий ва сиёсий сабабларга кўра кўчиб борадилар. Сиёсий сабабларга кўра кўчиб борганлар кўпинча "қочоқ" мақомига даъвогарлик қиладилар ва шу сабабдан улар "қочоқлар" деб баҳоланадилар. Улар аксарият ҳолларда ўзга давлат ҳудудига "доимий" яшаб қолиш учун борадилар. Шу сабабли, фақат иқтисодий сабабларга кўра ўзга юртларга вақтинчалик борганларни "Мигрантлар" деб аташ урф бўлган. Ваҳоланки, сиёсий сабабларга кўра ўзга давлатлар ҳудудида бўлган қочоқларни ҳам мигрантлар деб аташ мумкин.

Иқтисодий мигрантларни ҳам иккига бўлиш мумкин : ҳужжатли ва ҳужжатсиз мигрантлар, яъни расмий, қонуний йўллар билан ўзга давлатларда ишловчи мигрантлар ва ўзга давлатларнинг ҳудудларига бориб олиб, у ерда қолиб кетган ҳолда, ҳеч қандай расмий ҳужжатларсиз яширинча ишлаб юрувчи мигрантлар. 

Ҳужжатли мигрантлар одатда ўзга давлатга боришдан олдин қуйидаги ҳолатлардан бирини амалга оширган бўладилар :

- мазкур давлатларнинг ишлашга рухсат берувчи карталарини ютиб олган (Грин кард, Блу кард) 

- давлатлар ўртасидаги келишувларга биноан ишга юборилган

- у ерга боришдан олдин ўзлари иш топиб, расмийлаштирган  

- мазкур давлатга ўқиш ёки бошқа сабаблар билан бориб олиб, ўша ерда иш топиб расмийлаштирган 

- ҳоказо.

Шу сабабларга кўра, ҳужжатли мигрантларда "Қабул қилувчи" давлатнинг қонунчилигига қараб тегишли ҳуқуқлар ва ҳимоялар мавжуд бўлади.

Ҳужжатсиз мигрантлар эса афсуски ҳуқуқ ва ҳимоялардан мосуво бўладилар, чунки улар қўлга тушсалар ўз юртларига юборилишларидан ва бўлиб турган давлатларига қайтиб боришларига тақиқ қўйилишидан қўрқиб яшириниб ҳаёт кечирадилар. Шунинг учун уларнинг аниқ сонлари, иш турлари ва ҳаёт тарзларининг аниқ ҳисоботи ва таърифи бўлмайди.

Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистонлик мигрантлар ўтроқ ҳаётга ўрганган инсонлар бўлганликлари сабабли одатда имкон қадар яқинроқ давлатларга ва қисқа муддатларга бориб ишлаб, сўнгра уйларига, оилалари бағрига қайтиб келишни маъқул кўрадилар. Ўзбекистон мисолида оладиган бўлсак, вилоятлардаги инсонлар дастлабки йилларда чет элга чиқиш ниятлари бўлмаган ва пойтахтга келиб ишлаб юрганлар. Тошкент шаҳридаги прописка муаммолари ва топиладиган пул миқдорининг камлиги сабабли инсонлар Қозоғистоннинг шаҳарларига бир неча ойларга бориб ишлаб, кейин уйларига қайтиб келадиган бўлганлар. Қозоғистоннинг шаҳарларида мигрантлар сони кўпайиб кетгач, "рақобат" ва бошқа сабабларга кўра бизнинг мигрантлар Россия федерацияси ҳудудларига бориб ишлай бошлаганлар. Бунга бизнинг фуқароларимиз учун Қозоғистон ва Россияга бориш учун виза керак эмаслиги ҳам сабаб бўлган. Туркияга визасиз бориш имконияти туғилгач, улар Туркияни ҳам "забт этишни бошлаганлар". Ва ниҳоят Жанубий Кореая ва бошқа ривожланган давлатларга ҳам кўплаб инсонлар турли сабаблар билан мигрант бўлиб кетганлар.


Мигрант нима учун кетади ? 

Баъзан бирон муаммо туғилганда, мигрантлар пулини ололмай оғир аҳволда қолса, ўз юртларига ҳеч нарсасиз қайтиб келса ёки бегона давлатда ўлим топса, "Айб ўзида", "Кетиш шарт эмас", "Ўз юртида ҳам топади шу пулни" дейдиган инсонлар топилиб қолади. 

Уларга ҳозирданоқ қатий равишда жавоб бериб қўя қолай : ҲЕЧ КИМ КЎНГИЛҲУШЛИК УЧУН, яъни МАЖБУР БЎЛМАСА, МИГРАНТ БЎЛИБ БОШҚА ДАВЛАТГА ИШЛАШГА КЕТМАЙДИ ! Нафақат қўшни давлатга кетмайди, ҳатто иложини қилса, пойтахтга, вилоят марказига ва ҳатто туман марказига ҳам кетмайди. Ишлаб топгани ўзига, оиласига, орзу-ҳавасига етса, фақат ўз қишлоғида, ҳовлиси ҳудудида ишлаб юраверди. Орттира олса, туман марказига, пойтахтга, қўшни давлатга мигрант бўлиб эмас, балки дам олишга бориб келади. Собиқ совет даврида шундай бўлганку.

Иқтисодий миграцияга кўплаб сабабларнинг орасида одатда ишсизлик, ойлик маошларининг миқдори камлиги, порахўрлик ва бюрократиянинг кучлилиги, адолат ва ижтимоий ҳимоянинг заифлиги ёки йўқлиги каби асосий омиллар сабаб бўлади. Қачонки давлат ўз вазифасини бажара олмаса ва ўз фуқароларини ҳимоя қила олмаса, инсонлар кун кўриш учун ўзга давлатлардан чора излаб кетадилар. Қисқаси, ўзбек эртагидаги "Сусамбилни орзу қилган ҳайвонларни" яхши ҳаётни орзу қилганликлари ва унга интилганликлари учун айблаш нотўғри бўлади. Ундан кўра, ҳар бир давлат ўз юртида "Сусамбил"ни яратишнинг пайида бўлса, унинг фуқаролари бошқа давлатларга иш, пул излаб кетмайдилар.

Тўғри, ўзбекларнинг иқтисодий миграциясида ўзбек жамиятининг айби ҳам бор. Юқоридаги саналган "иқтисодий" сабабларни тарбия, тарғибот ва баъзан қонунлар ёрдамида тартибга солиш мумкин. Аммо ўзбеклар "орзу-ҳавас" деб чиройли ном бериб қўйган ижтимоий мажбуриятлар мажмуи борки, улар инсонларнинг эхтиёжларини уларнинг имкониятларидан бир неча бор ошириб юборади ва ҳеч қандай иқтисодий фаровонлик уларни қоплай олмай қолади. 

Бизнинг жамиятимиз шундай ёзилган ва ёзилмаган қоидалардан тузилганки, ҳар бир ўзбек туғилганидаёқ ижтимоий мажбуриятлар билан кимларгадир қарздор бўлиб туғилади. Шу билан у бир умр кимларгадир ҳисоблар бериб, қарз бериб, қарз олиб, керакли ва кераксиз урф-одатларни бажариш билан машғул бўлиб яшаб ўтади. Бунинг натижасида серҳаражат тўйлар, машина устига машина олишлар, уй устига уй қуришлар ва кераксиз зиёфатларга пул сарфлашлар келиб чиқади. Қарабсизки, ўзбек бой бўлса ҳам, камбағал бўлса ҳам топгани ҳеч қачон ўзига етмайди. Бу маънода юқоридаги "айб ўзида" деган гапларни айтган инсонларни айтганларнинг гапларида ҳақиқатнинг ҳиссаси бор десак бўлади. Тўғрироғи, айб ўзида эмас, айб жамиятда бўлади.


Иқтисодий миграциянинг оқибатлари. 

Иқтисодий миграция мавсумийми ёки доимийми, давлат учун катта йўқотишдир. Тўғри, мигрантлар юборган пуллар миллий иқтисодиётга яхши пул олиб келиши мумкин ва тарихда бу пуллардан тўғри фойдаланган давлатларга мисоллар мавжуд. Лекин ўзга давлатларнинг иқтисодиётига ҳисса қўшаётган қўл кучлари миллий иқтисодиётнинг ривожига ишлатиладиган бўлса, бунинг фойдаси янада кўпроқ бўлиши мумкин. Бунинг устига, давлат қўл кучидан ташқари давлатнинг тараққиёти учун бебаҳо ҳисобланган "ақл кучи", яъли олий маълумотли кадрлардан ҳам айрилади.

Мигрантнинг ўзига келсак, мавсумий иқтисодий миграция мигрантлари кўпинча ҳужжатсиз ишлаб келишга интиладилар ва бу уларни энг ожиз, ҳимоясиз инсонларга айлантириб қўяди. Уларнинг ҳужжатлари, ишлашга рухсатлари ва ҳимоя қилувчилари бўлмагач, уларни бегона давлатда хоҳласа ишлатиб, пулини бермаслик, хоҳласа аёлларни фоҳишаликка мажбурлаш, хоҳласа эркакларни қул қилиб сотиб юбориш мумкин бўлади. Агар улар касал бўлсалар, касалхоналар уларни даволамасликлари ёки даволаш учун истаганча пул сўрашлари мумкин бўлади. Масалан, улар ўз уйларига олиб келаётган ҳалол пулларини ҳисобга олмаса, марказий осиёлик мавсумий мигрантларнинг кўрадиган кунларига, меҳнат шароитларига ва ҳаёт тарзларига ҳавас қиладиган даражада эмас.

Энди миграциянинг жамиятдаги оқибатларга келадиган бўлсак, ўзбек жамияти ЭРКАК, яъни ОТАнинг атрофига қурилган оилалардан ташкил топган анъанавий жамият ҳисобланади. Ўзбек оиласи (сўнгра ўзбек жамияти) нинг бузилиши учун ундан оиланинг ядроси бўлмиш эркакни олиб ташлаш кифоя. Мавсумий иқтисодий миграция ҳолатида эса ишлашга одатда оилаларнинг эркаклари кетадилар. Чунки бундай миграциянинг машаққатларига аёлларнинг дош беришлари осон бўлмайди. Натижада оилаларда фарзандлар ота тарбиясидан, келинлар эрларининг муҳаббатидан, опа-сингиллар ака-укаларнинг назоратидан мосуво бўладилар. Юртдаги иқтисодий муаммоларни пул билан ҳал қилса бўлади, лекин ижтимоий муаммоларни афсуски пул билан ҳал қилиб бўлмайди. Натижада жамиятда бузуқчиликлар, салбий иллатлар, қисқаси ижтимоий чайқалишлар келиб чиқади. Афсуски, бундай ижтимоий муаммоларга ҳам мисоллар кўпаб топилади.


Хулоса. 

Мигрантни энг соддалаштириб, ўз юртидаги қашшоқликдан қочиб ёки ўз юртидаги шароитлар (иқтисодий, ижтимоий, илмий ва ҳоказо) етарли бўлмаганлиги учун фаровонлик излаб ўзга юртга узоқ муддатларга мавсумий ёки доимий шаклда "чет эллик" мақомида ишлашга кетган ҳар бир инсондир десак тўғри бўлади. Бунинг ичига чет элларда ҳужжатсиз яшириниб юрган ишсизлар, тақдири тескари бўлиб кетган фоҳиша қизлар, ҳужжатлари жойида бўлиб қурувчи, идиш ювувчи, кўча супурувчи бўлиб ишлаб юрганлар, чет элларда тахсил олиш билан бирга пизза ташиб ёки официантлик қилиб пул топаётганлар, уруш бўлаётган Яманда шифокорлик қилаётганлар, ривожланган давлатларда ўқитувчи, банкир, менежер, дастурчи ёки тадбиркор бўлиб юрган инсонларнинг барчаси кирадилар.

Улар қочоқ эмаслар, улар борган давлатларининг фуқароси эмаслар ва туристларга ўхшаб ишлаш ҳуқуқидан мосуво эмаслар. Улар чет элларда ишлаб юрган барча "чет элликлар"лардир ! Улар қаерда қайси мақомда, қандай аҳволда бўлсалар ҳам ўз давлатларининг фуқаролари ҳисобланадилар ва давлатлари уларни ҳимоя қилишга мажбурдир. 

Ўз навбатида, мигрантларнинг ҳам юраклари доим ўз ватанларига, у ерда қолган оила аъзолари, яқинлари томон талпиниб туради ва улар ўз давлатларига доим эзгулик ва фаровонлик тилаб яшайдилар. 


Трилогиянинг 1-қисми, "Қочоқ" мақоласининг ҳаволаси : https://telegra.ph/Qochoq-06-23

Трилогиянинг 2-қисми, "Мигрант" мақоласининг ҳаволаси : https://telegra.ph/Migrant-06-25

Трилогиянинг 3-қисми, "Турист" мақоласининг ҳаволаси : https://telegra.ph/Turist-06-26-3


"Уч замон" Телеграм каналига аъзо бўлиш ва бошқаларга тарқатиш учун ҳавола

👉 https://t.me/uchzamon

Report Page