ҲАР КУНИМИЗ НАВРЎЗ БЎЛСИН!

ҲАР КУНИМИЗ НАВРЎЗ БЎЛСИН!

Маънавият
Мирзаобод тумани

     Наврўз Шарқ халқлари орасида бир неча минг йиллардан буён яшаб келмоқда. Наврўз бирон-бир санани нишонлаш учунгина байрам қилинадиган ҳодиса ҳисобланмайди. У табиатнинг ўзидан келиб чиққан, кун-у тун тенглашгандан сўнг, энди кунларнинг узайиши, узлуксиз меҳнат арафасидаги байрамдир. Узоқ қишдан сўнг кўкдаги қуёшнинг юз кўрсатиши, қирда,дала-даштда майса-гиёҳларнинг ниш уриб чиқиши халқимиз учун ҳақиқий шодиёнага айланган. Нега деганда,ўтган йилги йиғилган ғалла ҳам , озиқ-овқатлар ҳам соб бўлай деган,иликузди пайтларда яна Она Табиатнинг ўзи меҳр-мурувват кўрсатиб , ёруғ кунлардан дарак берган. Шу кунларгача эсон-омон етиб келишган қарияларимизнинг ҳам томирларида қайтадан ғайрат жўш урган. Нав – янги, рўз – кун, яъни янги кун деб аталиши ҳам бежиз эмас.

         Наврўз байрамини барча форс, араб, туркий тилларда сўзлашувчи халқлар ҳар йили баҳорда нишонлаб келишган. Бу қадимий , анъанавий Янги йил байрамимиз ҳақида улуғ алломаларимиз Абу Райҳон Беруний ‘’Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар’’асарида , Маҳмуд Қошғарий эса ‘’Девону луғотит турк ‘’асарида жуда қизиқарли маълумотлар ёзиб қолдирганлар. Умар Хайём олим, шоир,файласуф сифатида бу байрам ҳақида “Наврўзнома’’ номли махсус китоб ёзганлар.Навоийнинг устози Лутфий ‘’Гул ва Наврўз ‘’ достонини яратдилар.Бу асар хамон саҳналаримизни безаб, бизга Наврўз ҳақида адабий-бадиий тушунча ,маълумотлар беришда фойдаланиб келмоқдалар.

          Бугун Янги Ўзбекистонда ўз миллий-қадриятларимиз,урф-одатларимиз Наврўз – Янги йил байрамимизни бор малоҳат,бўй – басти билан кўз-кўз қилиб нишонлаяпмиз. Наврўз байрами кеча билан кундузнинг тенглашган пайти, баҳор фаслининг 21-22-март кунларидан бошлаб бир ҳафта, ўн кун давомида ўтказилган. Бу байрам, аввало, жонланиши,янгиланиши,янги йил билан юртимизга гўзал Бахор фаслининг кириб келиб, келинчакдек ўз яшил сепини кенг ёйиши билан бошланган.

          Ота-боболаримиз, буви-момоларимиз бу байрамни нишонлаб, турли-туман, ранг-баранг удум ва маросимлар ўтқазишган. Қадимда аждодларимиз Наврўз кунлари қиш манзиллари – қишлоқлардан ёзги меҳнат ва ҳордиқ масканлари – ёзлоқларга кўчиб ўтишган. Далаларда баҳорги экин – тикин ишлари бошланиб кетган. Деҳқонлар ерга қўш солишган. Жамоа – жамоа бўлиб, ҳашар – ошарлар уюштирилган. Ўтган аждодлар руҳи ёд қилинган. Уларнинг мозорлари ободонлаштирилиб, кўкаламзорлаштирилган. Оммавий равишда мевали, манзарали дарахтлар ўтқазилган. Далаларда, ёзлоқларда Наврўз – янги йил, янги ҳаёт қайнаган.

          Наврўз байрамига атаб аждодларимиз махсус кийимлар тайёрлашган ва уларни кийиб байрам қилишган. Наврўз таомлари ўзига хос бўлган.Улар орасида, айниқса, сумалак, ҳалим тайёрлаш анъанавий одат тусига кирган. Бу байрамда болаларнинг иштироклари, айниқса, жуда фаол бўлган. Улар Наврўз байрами ҳафталиги ойлигида турли оммавий байрам ўйинлари ўйнаганлар. От ўйин, чиллак, қўғирчоқ ўйин, тош, лапар, ип ўйинлари ва ҳоказолар шулар жумласидандир. Болалар, ўсмирлар, ўспиринлар, бўй қизлар, айниқса, сумалак пишириш маросимида фаол иштирок этиш учун унга анча илгарироқ тайёргарлик кўришган.

            Буғдой донини махсус идишларда қулай иқлим шароити яратиб, сабза қилиб ундириб олишган. Сўнг ундириб уни кеча-кундузи билан катта дошқозонда қайнатиб, сумалак тайёрлашган. Аёнки, тун – у кун тинмай дошқозон қайнаверса, анча – мунча ўтин чидамайди. Шунинг учун ҳар бир хонадон бир боғ, ярим боғдан, ишқилиб, ўтинга ҳам ўз улушларини қўшадилар. Бу арзимасдек кўринган ҳаракат остида жуда улкан маъно ётибди : халқнинг биргалашиб ҳаракат қилишга, нон-у тузини, топган-тутганини бирга баҳам кўришга интилиш ётибди.

             Бу жараёнларда турли – туман халқ ўйинлари, баҳор қўшиқлари ижро этилган. Китобхонликлар, турли жисмоний тарбия – совринли ўйинлар, мусобақалар ташкил этилган.Кўпкари – улоқ,кураш, турли ҳайвон ва паррандалар ‘’жанг’’лари , хўроз, ит,қўчқор уриштириш,масхарабозлик, аскиябозлик, дор ўйинлари, халқ томошалари ўтказилган. Бу бениҳоят чиройли, гўзал сайилдир. Бу  хил сайилларни ўрганиб, оммалаштириш зарур.

             Наврўз байрамининг энг аҳамиятли жихатларидан бири- кексаларга хурмат, уларнинг холларидан хабар олиш, кўмак беришдир.

            Байрам кунлари ораларидан гап қочган қабила, гуруҳ ёки якка шахслар: дўст-оғайнилар, қариндош-уруғлар яйрашиб, бир- бирларини Наврўз билан табриклаб, эсон- омонлик, тинчлик- хотиржамлик тилашган.

           Қозоқ оғайниларимиз Наврўз гўжаси, тожик қадрдонларимиз Наврўз қўмочи, биз ўзбеклар эса сумалак, ҳалим, қўш оши каби Наврўз таомлари билан ён қўшни- жон қўшнилар бир- биримизни сийлаб, байрамни биргаликда ўтказганмиз.Қўшни давлатларимиз билан халқлар орасида дўстлик,миллатлараро тотувлик, бағрикенглик мустаҳкамланган.

           Ўзбекистонда Наврўз байрамини нишонлар эканмиз,юртимиз тинч осойишта,рисқимиз бут,ҳосилдорлигимиз мўл-кўл бўлсин. Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!

 Республика Маънавият ва маърифат маркази Мирзаобод туман бўлинмаси раҳбари Шоҳиста Жумабоева

Report Page