Ишчан аёл

Ишчан аёл

@mashal_gzt

Аёлларнинг ижтимоий ҳаётда фаол бўлиши оилавий ҳаётга пу­тур етказади деган гаплар ғирт уй­дирма. Мен буни ўзимнинг бахтли оилавий ҳаётим мисолида исбот­лашим мумкин.

Дарҳақиқат, хотиним астойдил ишга берилган, бичиш-тикишдан бўшаган вақтини ҳамкасблари би­лан аймоқи бўлишга сарфлайди. Мен эсам газеталардан бирида ке­часи ишлайман.

Биз турмуш қурмоқчи бўлган куни хотиним банкдан икки кунга рухсат олганди. Мен эсам гарчи тунда ишлаган бўлсам ҳам ўша куни ухламадим. Никоҳни қайд қилиш идорасига бориб, турмуш қур­дик. Ўша оқшом суюкли хотинимни бахтли гўшамизда қолдириб таҳри­риятга кетдим. Эрталаб кулбамга қайтганимда ётоқхонамиз эшигига қистирилган шундай хатни кўрдим:

“Суюкли эргинам! Мен банкка кетдим. Сени ўпиб қоламан”.

Хотинимнинг хатини зор-зор йиғлаб ўқидим. Эрталаб уйғондим. Менинг кўз очиб кўрганим ҳали ишдан қайтмаганди. Таҳририятга кечикаётганим учун мен ҳам хат ёзиб эшикнинг ўша жойига қисти­риб қўйдим:

“Жонгинам! Мен кетяпман. Ишдан кеч қолсам бўлмайди. Ду­доқларингдан ўпиб қоламан”.

Биз навбатдаги тонготарда ҳам кўришолмадик. Аммо, менинг садоқатли рафиқам илиқ, қисқа, худди жасур қўмондоннинг буйруғидек лўнда мактублар битишни канда қилмасди:

“Жонгинам! Мен кетяпман. Сени қайта, қайта ва яна қайта ўпиб қоламан”.

Мен ҳам шу заҳотиёқ жавоб ёздим: “Азизам! Хатингни олдим. Катта раҳмат. Сени қучиб қолувчи эринг Ҳасан Кафадан”.

Шу тариқа биз хотиним билан хат орқали гаплашадиган бўлдик. Хотинимнинг турмуш қурганимиз­дан уч ой ўтгач ёзилган ва эшик­нинг ўша жойига қистирилган хати­да шундай дейилганди:

“Азизим! Хатларинг учун мингдан минг раҳмат. Мен жуда бахтлиман ва сенга ҳам шуни ти­лайман. Сени суюнтирадиган хушхабар айтмоқчиман. Тез орада оиламизда жажжи чақалоқ дунёга келади. Чамаси, мен сал-пал ҳомиладор бўлганга ўхшайман, лекин сени безовта қиладиган да­ражада эмас. Дўхтирлар саккиз ойлик бўлди, дейишяпти. Фарзан­димизни жамиятга фойдали инсон бўлиб етишиши учун биз сен билан қўлни-қўлга бериб, баҳамжиҳат ҳаракат қилмоғимиз лозим. Мени унутиб қўйма, хатларингни кутиб қоламан. Фақат сеники бўлиб қолгувчи Покиза Кафадан”.

Жамики оталар каби, мен бу янгиликдан беҳад суюниб кетдим. Шу заҳотиёқ жавобини ёзиб, эшик­ка қистириб қўйдим:

“Менинг фариштагинам! Беҳад хурсандман. Мен сенга тўғноғич сотиб олдим, ёстиғингнинг остидан топасан. Сени минг, минг ва яна минг марта ўпиб қоламан!”

Албатта, йиллар ўтиши билан эру хотин бир-бирига кўникиб қо­лади ва олдинги эҳтирослар ҳам андак сўнади. Биз ҳам оилавий ҳаётга мослашдик ва гоҳо ўзаро бефарқлик ҳам одат тусига кир­ди. Баъзан хат ёзишни унутиб қўядиган бўлдик.

Орадан бир неча йил ўтгач биз хат ёзишни умуман унутиб қўй­дик. Аммо, радионинг рўпарасида­ги ошхона столида кўзга ташланиб қоладиган аёлларнинг буюмлари­дан хотинимнинг кулбамизга келиб туришини билиб қолардим. Бахтли оилавий йиллар шу та­риқа ўтди.

Бир куни ишдан чарчаб кинога бордим. Кинотеатр йўлагида ажабтовур воқеа содир бўлди. Қандайдир бир савлатли аёл тўсатдан ел­камга осилиб қолди:

– Азизим, қадрдоним, суюклигим!

– Кечирасиз, хоним-афандим, – дедим талмовсираб, – мен оилали одамман, болаларимнинг отаси­ман, ўзингизни қўлга олинг. Мен бунақа енгилтакликни ҳазм қилол­майман.

Ана шунда у менга иддао қилиб қолди:

– Сен мени танимадингми? Уят  эмасми? Ахир мен хотинингман, Покиза Кафаданман.

Мен жудаям изза тортиб кет­дим.

– Демак, сен – менинг суюкли хотиним Покизасан? Кечиргайсан, сени дабдурустдан танимабман. Мен сени кўрмаганимдан буён жуда ўзгариб кетибсан.

У бўй-бастига қараб қаторла­шиб турган уч нафар болакайлар – бир қиз ва икки ўғил болага ишора қилиб деди:

– Булар бизнинг болаларимиз! Мен болакайларнинг қўлини оталарча суйиб қисдим.

– Танишганимиздан жуда хур­сандман, – дедим.

Суюкли қизалоғимнинг ойиси­га шивирлаб айтган ушбу гапини эшитмагандек бўлдим:

– Дидингга ҳам қойил эмасман, ойижон! Наҳотки бизга бундан кўра кўримлироқ ота тополмаган бўл­санг?

Кейин хотиним болаларнинг ёнида турган олифтанамо одамни кўрсатиб деди:

– Бу менинг амаким.

Орадан кўп йиллар ўтди, биз эсак оилавий ҳаётимиздан мам­нунмиз. Агар мен биронта ишла­майдиган хотинга уйланганимда эди, биз эру хотин Худонинг берган куни қирпичоқ бўлиб урушардик. 

Мана, мен уйланганимдан кейин неча йиллар ўтган бўлса-да, ҳа­ли-ҳануз оилавий ҳаётимизга рах­на солгудек биронта кўнгилсизлик бўлмаган.

Биз бир-биримиз билан кўришиш учун вақт тополмаймиз, шу боис ўзаро уруш-жанжал ҳам бўлмайди, хафагарчиликсиз, тинчгина яшай­миз. Менинг тажрибам – аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги оилавий бахтга рахна сололмаслигини яна бир карра тасдиқлайди.


Азиз НЕСИН

Ўзбекчага Шодмон ОТАБЕК таржимаси


«Тошкент ҳақиқати»дан

Report Page