Lifestyle.

Lifestyle.


Нима учун келажагимиз китоб мутолаасига боғлиқ? — Фарзандларимиз ақлли бўлишлари учун зудлик билан кўриладиган чоралар.


Ёзувчи Нил Гейман (Neil Gaiman) нинг мутолаа табиати ва фойдаси ҳақидаги ажойиб мақоласи эълон қилинди. Бу шунчаки ғира-шира фикр юритиш эмас, балки кўриниб турган нарсаларнинг жуда тушунарли ва изчил исботига ўхшайди.

Агар сизнинг математик дўстларингиз бўлса-ю, улар бадиий адабиётни нега мутолаа қилишингиз ҳақида сўраб қолишса, шу матнни қўлига тутқазинг. Агар яқин орада барча китоблар электрон бўлиши ҳақида таъкидлаб келаётган танишларингиз бўлса, уларга ҳам шуни ўқитинг. Агар сиз кутубхонага борганларингизни энтикиб (ёки даҳшат билан) эсласангиз, шу матнни ўқинг. Агар фарзанд катта қилаётган бўлсангиз бу матнни улар билан биргаликда ўқинг, болаларингиз билан нимани ва қандай қилиб мутолаа қилиш ҳақида бош қотираётган бўлсангиз бу матнни ўқишингиз шарт.

Инсонлар кимнинг тарафида эканлигини билдириш муҳим. Бу ўзига хос манфаатлар декларациясидир.

Шундай қилиб, мен сиз билан мутолаа ҳақида, шунингдек, бадиий адабиётни ўқиш ва кўнгил учун мутолаа қилиш инсон ҳаётидаги энг муҳим нарса эканлиги ҳақида сўзлашмоқчиман.

Мен балким нохолис туюларман, чунки ўзим ҳам адибман ва бадиий асарлар ёзиб тураман. Мен болалар учун ҳам, катталар учун ҳам бирдек ёзаман. Мана, 20 йилдирки мен асар яратиб, уларни қоғозга битиб, шунинг ортидан кун кўраман. Шубҳасиз, мен инсонларнинг мутолаа қилиши, айнан бадиий адабиётларни кўпроқ ўқиши, кутубхоналар ва кутубхоначиларга иш топилиши, ўқиш мумкин бўлган жойлар мавжуд бўлиб туришидан манфаатдорман. Хуллас, адиб сифатида тарафкашдирман. Лекин мен ўқувчи сифатида ундан-да кўпроқ иштиёқлиман.

Кунларнинг бирида, Нью-Йоркдалигимда хусусий қамоқхоналар қуриш ҳақидаги суҳбатга гувоҳ бўлиб қолдим — бу Америкада шиддат билан юксалиб бораётган саноатдир. Қамоқхона саноати ўзининг келгусидаги ривожини ўйлаши шарт: уларга қанча камера керак бўлади? 15 йилдан сўнг маҳбуслар сони қанча бўлади? Шунда улар оддий алгоритмдан фойдаланиб буни осонгина башорат қилишлари мумкинлигини англаб етишган. Уларнинг алгоритми 10 ва 11 ёшли болаларнинг неча фоизи ўқишни билмаслиги ҳақидаги сўровларга асосланган. Яъни, ўз қониқиши учун китоб ўқий олмайдиганларининг.

Бунда тўғридан-тўғри боғлиқлик йўқ, билимли жамиятда жиноят бўлмайди, деб таъкидлаб бўлмайди. Лекин омиллар ўртасидаги ўзаро боғланиш кўзга ташланади. Бу боғланишларнинг энг оддийлари аниқ-тиниқ кўриниб турган нарсалардан келиб чиқади:

Саводли инсонлар бадиий адабиётни мутолаа қилишади

Бадиий адабиётнинг иккита мақсади бор:

  • Биринчидан, у мутолаага боғланиб қолиш йўлини очади. Кейин нима бўлиши, саҳифани тезроқ варақлаш истаги, гарчи оғир бўлса ҳам давом эттиришга иштиёқ, чунки асарда кимдир фалокатга йўлиққан ва сен у билан кейин нима бўлганини билишни истайсан… бу чинакам драйв. Бу янги сўзларни ўрганиш, бошқача фикрлаш ва олдинги интилишга мажбурлайди. Мутолаанинг ўзи ҳузурланиш эканига гувоҳ бўлади киши. Буни бир марта англаган инсон, доимий мутолаа йўлига тушиб олади.
  • Саводли болаларни тарбиялашнинг кафолатли ва энг оддий йўли уларга ўқишни ўргатиш ва мутолаа ёқимли машғулот эканини кўрсатишдир. Энг оддийси — уларга ёқадиган китобларни топинг, уларни шу китобларга етказинг, ўқишга шароит яратиб беринг.
  • Токи болалар унинг китобини ахтариб, уни ўқишни исташса, билингки, болалар учун мўлжалланган ёмон муаллифлар бўлмайди, чунки болалар ҳар хил бўлишади. Улар ўзларига керакли ҳикояларни топишади ва унинг ичига шўнғишади. Сийқаси чиққан ва кўп такрорланган ғоя улар учун сийқаси чиқмаган янгилик. Чунки бола уни ўзи учун биринчи марта очяпти. Болалар нотўғри нарсаларни ўқияпти, деб ҳисоблаб, уларни ўқишга бўлган иштиёқини ўлдирманг. Сизга ёқмайдиган адабиёт — сизга ёқадиган адабиётлар томон қўйилган қадамдир. Ҳамманинг ҳам диди сизники билан бир хил бўлмаслиги мумкин.
  • Бадиий адабиёт амалга оширадиган иккинчи иш — у эмпатияни пайдо қилади. Сиз телекўрсатув ёки фильм томоша қилганингизда, бошқа инсонлар билан содир бўлаётган воқеаларни кўрасиз. Бадиий асар — ҳарфлар ва тиниш белгилари воситасида бир ўзингиз, ўз тасаввурингиздан фойдаланиб яратадиган оламингиздир. Сиз бу оламни тўлдириб, четдан туриб ўзгача назар ташлайсиз. Сиз ўзингиз билмаган нарсаларни ҳис қила бошлайсиз, ҳеч қачон хаёлингизга келмаган жойлар ва оламларга сайр қиласиз. Ташқи олам ҳам ўзингиз эканингизни англаб етасиз. Сиз бошқа инсонга айланасиз ва ўз реал оламингизга қайтганингизда ўзингизда ҳам нимадир ўзгарган бўлади.

Эмпатия — шундай қуролки, у инсонларни бир жойга жамлайди ва фақат ўзигагина меҳр қўйган ёлғиз инсондек тутмасликни ўргатади.

Сиз китобларда бу дунёда мавжуд бўлиб туриш учун ҳаётий зарур бўлган нимадир топасиз. Шунда: дунё айнан шундай бўлишга мажбур эмаслиги, ҳамма нарса ўзгариши мумкинлиги англаб етилади.

2007 йилда мен Хитойда бўлдим ва компартия томонидан маъқулланган, илмий фантастика ва фэнтезига бағишланган конвентда қатнашдим. Қандайдир бир лаҳзада мен ҳукумат расмий вакилидан сўрадим: Нега бу ишга қўл урилди? Ахир илмий фантастика узоқ вақт маъқулланмасдан келинаётган эди-ку? Нима ўзгарди?

“Ҳаммаси оддий, — деди у менга. — Агар схемаси келтирилса, хитойликлар ажабтовур нарсалар яратишни уддалаша бошлашди. Лекин бирор нарсанинг яхшироғини яратишмас, ё ўзлари ўйлаб топишмасди. Улар ихтиро қилмасди”. Шунда улар АҚШга — Apple, Microsoft, Google кабиларга делегация жўнатиб, келажакни ўйлаб топган инсонларга ўзлари ҳақида саволлар беришган. Аниқланишича, улар болалигида илмий фантастикани кўпроқ ўқишган экан.

Адабиёт сизга ўзгача оламни кўрсатиб бериши мумкин. У сизни ҳеч қачон бориб кўрмаган жойларингизга элта олади. Бир марта ўзгача оламларга сайр қилиб, сеҳрли меваларни татиб кўрганлар каби сиз ўзингиз яшаётган дунёдан тўлиқ қониқмай бошлайсиз. Қониқмаслик — бу яхши нарса. Қониқмаган инсонлар ўз дунёсини ўзгартириш, яхшилаш ва бошқача қилишга қодир бўлишади.

Болаларни мутолаага бўлган муҳаббатини ўлдиришнинг ишончли усули — унинг ён атрофида китоблар йўқлигига амин бўлишдир. Болаларнинг китоб ўқишига шароити ҳам бўлмаслигидир. Менга бу борада омад кулиб боққан. Мен улғайган жойларда ажойиб кутубхона бор эди. Ишга кетаётган ота-онам ҳам таътилга чиққанимда жон-жон деб мени йўл-йўлакай кутубхонага ташлаб кетишар эди.

Кутубхоналар — бу эркинлик дегани. Мутолаа эркинлиги, мулоқот эркинлиги. Бу туганмас таълим (мактаб ёки университетни тарк этган кунимиз тугайдиганга ўхшамайдиган), бу мазмунли бўш вақт, бу бошпана ва ахборотга эга бўлиш имконидир.

Ўйлашимча, бу ерда ҳаммаси ахборотнинг табиатига боғлиқ. Ахборотнинг доимо баҳоси бўлган, тўғри ахборот эса бебаҳодир. Инсониятнинг бутун тарихи мобайнида биз ахборот етишмовчилиги шароитида яшаганмиз. Керакли ахборотни олиш доимо муҳим бўлган ва бунинг эвазига нимадир берилган. Ҳосилни қачон экиш, бирор нарсани қаердан топиш, хариталар, тарих ва ҳикоялар — буларнинг барчаси ўз қийматига эга. Ахборот қимматбаҳо нарса бўлган, унга ким эга бўлса, ёки кимки уни топа олса, мукофотланган.

Сўнгги йилларда биз ахборот етишмаслигидан чекиниб, ахборотга ҳаддан зиёд тўйинтирилганликка дучор бўлмоқдамиз. Googleʼда ишловчи Эрик Шмидтга кўра, ҳар икки кунда инсоният ирқи шу қадар кўп информация яратмоқдаки, бунча информацияни инсоният яралганидан буён 2003 йилга қадар ишлаб чиқарган. Бу кунига 5 эксобайтга яқин миқдоридаги информация дегани, агар рақамларга қизиқсангиз. Ҳозир чўлда нодир гулни излаб топиш эмас, жунгли чангалзорларида айнан маълум бир ўсимликни топиш вазифаси кўндаланг бўлмоқда. Бизда бу информациялар оқими ичида ўзимизга чиндан ҳам кераклисини топишда кўмак керак.

Китоблар —бу ўликлар билан мулоқот қилиш усулидир. У энди орамизда йўқ бўлган инсонлардан ниманидир ўрганиш йўлидир. Инсоният яратилгач, ривожланган, ёдлаб қолиш эмас, доимо ривожлантириб бориладиган билимлар турини кўпайтирган. Шундай эртак ва асотирлар борки, уларнинг ёши айрим давлатлардан ҳам катта, улар илк марта сўзлаб берилганидан буён турли маданият ва деворлардан ошиб бизгача етиб келган.

Модомики сиз кутубхонани қадрламас экансиз, сиз ахборот, маданият ва донишмандликнинг қадрига етмайсиз. Сиз ўтмишнинг товушини бўғиб, келажакка зиён етказасиз.

Биз болаларимизга китобларни овоз чиқариб ўқиб беришимиз керак. Уларни хурсанд қиладиган нарсаларни ўқишимиз лозим. Ўзимиз эшитавериб чарчаган ҳикояларни ўқийлик. Асар қаҳрамонларининг сўзларини турли товушларда ўқиб бериб уларни қизиқтирайлик, токи уларнинг ўзи бу юмушга ўрганишсин. Овоз чиқариб ўқиш бирлашиш онлари бўлади, шу вақт ҳеч ким телефонга қарамайди, дунёнинг барча дарду-ташвишлари чекинади.

Биз тилдан тўлиқ фойдаланишимиз керак. Сўзлашда ривожланиб, янги сўзлар нимани билдириши, улардан қай ўринда фойдаланиш кераклиги англаш, тушунарли тилда мулоқот қилиш, ўзимиз нимани назарда тутаётган бўлса ўшани гапиришни ўрганишимиз керак. Биз тилни музлатишга, уни жонсиз нарса каби авайлаб-асрашга уринмаслигимиз керак. Биз тилдан жонли нарса сифатида фойдаланишимиз, уни ҳаракатланувчи, сўзларни элтувчи, унинг маънолари ва талаффузини вақт ўтиши билан ўзгарадиган нарса сифатида қабул қилишимиз керак.

Адиблар — айниқса болалар адиблари — муштарийлар олдида мажбуриятга эга. Биз ҳаққоний нарсалар ҳақида ёзишимиз керак, айниқса ҳеч қачон мавжуд бўлмаган инсонлар, ҳеч ким бормаган жойлар ҳақида ҳикоя тўқиганимизда тушунишимиз керакки, ҳақиқат — аслида чиндан ҳам содир бўлган нарса эмас, лекин бизга кимлигимизни ҳикоя қилиб берувчи жиҳатдир.

Ниҳоят, адабиёт — нима бўлганида ҳам, бу ҳаққоний ёлғон. Биз ўқувчиларимизни толиқтириб юбормаслигимиз, лекин уларнинг ўзи кейинги саҳифани очишга жазм этишига ҳаракат қилишимиз керак. Мутолаани истамайгина амалга оширадиганлар учун энг яхши воситалардан бири — уларга бош кўтармай ўқийдиган ҳикоя тақдим этиш.

Биз ўқувчиларимизга ҳақиқатни гапиришимиз керак, уларни қуроллантиришимиз, ҳимоя тақдим этишимиз, ўзимиз ушбу яшил дунёда қисқа вақт бўлиш мобайнида баҳраманд бўлган доноликни узатишимиз лозим. Биз воизлик қилмаслигимиз, маъруза ўқимаслигимиз, тайёр ҳақиқатларни она қуш полапонларига озиқ бергандек “чайнаб” бермаслигимиз керак. Шунингдек, биз ҳеч қачон, нечоғлик заруриятлигига қарамасдан, ҳар қандай шарт-шароитда болалар учун ўзимиз ҳам ўқишни истамайдиган нарсани ёзмаслигимиз шарт.

Барчамиз — катталар ва болалар, адиблар ва ўқувчилар — орзу қилишимиз керак. Биз ўйлаб топишимиз лозим. Ҳеч ким ҳеч нарсани ўзгартира олмаслигини, биз яшаётган дунёда жамият улкан, шахсият эса девордаги оҳак атоми, шолипоядаги гуруч сингари қарийб ҳеч нарсага тенглигини таъкидлаб, муғомбирлик қилиш осон. Лекин ҳақиқат шундан иборатки, шахслар дунёни қайта ва қайта ўзгартиришади, шахслар келажакни яратишади, буларнинг барчасини улар нарсалар бошқача бўлиши мумкинлигини тасаввур қилибгина амалга оширишади.

Атрофга боқинг. Жиддий айтяпман. Бир лаҳза тўхтанг-да, ўзингиз ҳозир бўлган хонага қаранг. Мен шунчалик ошкора кўриниб турган нарсани кўрсатмоқчиманки, уни барча унутиб ҳам юборган. Қаранг: сизнинг назарингиз тушаётган ҳамма нарса, деворлар ҳам қайсидир лаҳзада ўйланган. Кимдир ерда ўтиргандан кўра стулда ўтирган қулайроқ, деб ҳисоблаган ва стулни ўйлаб топган. Кимдир менинг Лондонда барчаларингиз билан ёмғирда ивимасдан суҳбатлашиш йўлини ўйлаб топган. Бу хона, ундаги буюмлар, бинодаги, бу шаҳардаги барча нарсалар инсонлар қайта ва қайта нимадир ўйлаб топаётгани учун мавжуддир.

Биз нарсаларни гўзал қилишимиз керак. Дунёни бизга бўлганидан абгорроқ қилиш, океанларни қуритиш, ўзимизнинг муаммоларимизни келгуси авлодларга қолдирмаслигимиз керак. Биз ўз ортимизни йиғиштириб юришимиз, болаларимизга биз томонидан талон-торож, расво ва вайрон қилинган дунё қолдирмаслигимиз керак. 

Кунларнинг бирида Альберт Эйнштейндан болаларимизни қандай қилиб ақллироқ қилишимиз мумкинлиги ҳақида сўрашибди. Унинг донишмандларча жавоби жуда жўн бўлибди. Фарзандларингиз ақлли бўлишини истасангиз, уларга эртак ўқиб беринг. Улар янада ақлли бўлишини истасангиз уларга янада кўпроқ эртак ўқиб беринг, дебди у. У мутолаа ва ўйлашнинг аҳамиятини жуда яхши биларди.

Умид қиламанки, биз фарзандларимизга китоб ўқийдиган, китоб ўқиб беришадиган, улар уй-хаёл суриб, нималарнидир англай бошлайдиган дунёни тақдим эта оламиз.

Нил Гейман.

Нил Ричард МакКиннон Гейман (Neil Richard MacKinnon Gaiman, 1960 йилнинг 10 ноябрида Буюк Британиянинг Портсмут шаҳрида туғилган) — инглиз фантаст-ёзувчиси, график романлар ва комикслар, кўплаб фильмлар сценарий муаллифи. Унинг энг машҳур асарлари “Юлдуз чанги”, “Америка маъбудлари”, “Коралина”, “Қабристон воқеаси” романлари, “Қум одам” комикслар сериясидир. Гейман адабиёт соҳасидаги кўплаб мукофотлар соҳиби ҳамдир.


Report Page