Коронавирусни ёзнинг жазирамаси ўлдира оладими?

Коронавирусни ёзнинг жазирамаси ўлдира оладими?

🌐OLTIARIQ_TV

》》》》》》》》》》


@OLTIARIQ_TV

Юқумли касалликларнинг аксарияти йил фаслига қараб ошиб-камайиб туради. Масалан, грипп ҳам коронавирус сингари совуқ ойларда пайдо бўлади. Қорин тифи эса ёзда урчийди. Қизамиқ мўътадил иқлимли мамлакатларда ёзда йўқолса, тропик минтақаларда қуруқ фаслларда кескин кўпаяди.


Шу сабабли, COVID-19 билан боғлиқ ҳолатда ҳам бугун жаҳонда кўпчилик ана шундай мавсумийлик кутаётганининг ҳеч ажабланарли жойи йўқ, деб ёзади BBC.

Декабрь ойининг ўрталаридан бошлаб вирус Хитойда шиддат билан тарқала бошлаганидан буён у чегараларни ёриб ўтди ва бугун АҚШ ҳамда Европада касалланган сони кун сайин кўпайиб бормоқда.

Вируснинг энг йирик тарқалишларидан айримлари совуқ ҳаво ҳукм сураётган минтақаларда рўй берди. Шу сабабли, одамларда ёз келгач пандемия чекинади, деган умид пайдо бўлган. Бироқ, кўплаб экспертлар ёзги ҳарорат вирусни ўлдиради, деб ишонавермаслик кераклигидан огоҳлантиришмоқда.

Бундай эҳтиёткорлик маълум бир асосга эга.

COVID-19 чақирувчи вирус (унинг расмий номи SARS-CoV-2) – тадқиқотчилар учун ўта янги. Олимларда ҳозирча унинг фаоллигига мавсумдан мавсумга қараб ўзгаришини тасдиқловчи статистик маълумотлар йўқ.

2003 йилда унга ўхшаш SARS вирусини тезда жиловлашга муваффақ бўлинган, шу сабабли бу вирусга ҳам йил фасллари қандай таъсир қилиши борасида маълумот кам.

Бироқ, инсонлар учун юқумли бўлган айрим бошқа корнавирусларга қарши курашиш тажрибаси COVID-19 алал-оқибатда мавсумий касалликка айланиши ёки йўқлигини тушунтиришда асқотадиган айрим илмоқларни тақдим этади.

Фото: Getty Images

Шимолий яримшарда ёз келиши билан коронавирусни юқтириш даражаси пасайишидан кўпчилик умидвор

Эдинбург университетининг юқумли касалликлар марказида ишловчи Кейт Тумплтон томонидан 10 йилча аввал ўтказилган тадқиқотларга кўра, коронавирусларнинг уч тури «сезиларли мавсумий характер» намойиш этган. Яъни, улар грипп характерига эга бўлиб, декабрдан апрелгача бўлган совуқ ойларда бўй кўрсатган.

Иммун тизими заифлашган пациентлардан олинган тўртинчи коронавирус эса ўзини олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган даражада тутган.

COVID-19 ҳам мавсумий бўлиши мумкинлиги борасида айрим шамалар бор. Янги касалликнинг жаҳон бўйлаб баравж тарқалиши вирус совуқ ва қуруқ шароитларни яхши кўради, деган тахминга бориш учун асос бўлади.

Ҳозирча эълон қилинмаган, бироқ коронавирус тарқалган жаҳоннинг 500та шаҳридаги об-ҳаво таққосланган таҳлилга кўра, вируснинг тарқалиши ҳаво ҳарорати, шамолнинг тезлиги ва намлик даражасига боғлиқлигини кўрсатмоқда.

Яна бир ҳозирча эълон қилинмаган тадқиқотга кўра, COVID-19нинг камроқ қайд этилган ҳолатлари нисбатан юқори ҳарорат билан боғланмоқда. Бироқ унда таъкидланишича, биргина об-ҳавонинг ўзи вируснинг тарқалиши борасидаги барча саволларга жавоб бера олмайди.

Навбатдаги (у ҳам эълон қилинмаган) тадқиқот муаллифларининг тахмин ва башорат қилишларича, континентал иқлим (совуқ қиш ва иссиқ ёз)га эга минтақалар вирус учун энг заиф ҳудудлар бўлади. Заифлик буйича кейингиси— қурғоқчиликка мойил минтақалар.

Тропиклар янги каскалликларга нисбатан бошқа жойларга нисбатан чидамлироқ, дейишмоқда бу тадқиқот муаллифлари.

Схема бўйича эмас

Вируснинг мавсумдан мавсумгача фаоллиги ҳақида маълумотга эга бўлмасдан туриб, олимлар йил бўйича нималар содир бўлиши борасида ўз тахминларида компьютер моделлаштиришига таянишмоқда.

Эндемик коронавирус касалликларининг мавсумий кўринишини COVID-19 ҳаракатларига экстраполяция қилиш — жуда мураккаб масала. Эндемик вирусларнинг мавсумийлиги турли сабабларга кўра бўлиши ва у ҳар доим COVID-19 пандемиясига мос тушавермаслиги ҳам мумкин.

Пандемиялар кўпинча оддий юқумли касалликлар авж олишининг мавсумий схемаларига бўйсунмайди. Масалан, 1918-20 йилларда «испанка» гриппи юқишининг чўққиси ёз ойларига тўғри келган. Гриппларнинг аксариятида авж олиш қишда рўй беради.

«Биз эртами-кечми COVID-19 эндемик касалликка айланишини кутмоқдамиз, — дейди Швециянинг Каролин институти вирусологи Ян Алберт. — Агар унда мавсумийлик пайдо бўлмаса, жуда таажжубланарли бўлади. Бироқ, мавсумийлик характери вируснинг пандемия шароитида тарқалиш хусусиятида акс этиши жуда катта сўроқ остида. Биз буни ҳозирча аниқ билмаймиз, лекин бу жиҳатни эътибордан қочирмаслик керак».

Хуллас, биз бошқа коронавируслар ҳақида билганларимизнинг жорий пандемияга қарши қўлламоқчи бўлсак, жуда эҳтиёт бўлишимиз керак.

Фото: Getty Images

Бироқ, нега бошқа коронавируслар мавсумий характерга эга ва нега бизга умид бағишламоқда?

Коронавируслар — қобиқли деб аталувчи вируслар оиласи бўлиб, улар ёпишқоқ, ёғдан иборат мембранага эга ва ундан тожни эслатувчи шохчалар туртиб чиққан.

Бошқа қобиқли вирусларни тадқиқ этилиши ўша қобиғи уларни бошқа қобиқсиз вирусга қараганда ҳарорат ошишидан асрай олмаслигини кўрсатган.

Совуқ шароитларда қобиқ резинага ўхшаш ҳолатга тушиб қотади, гўёки қозонда тўнглаб қолган мойдек. Бу эса вирус организмдан ташқарида бўлганида уни ҳимоялаб, узоқроқ вақт яшаши учун шароит яратади.

Шу сабабли қобиқли вирусларнинг аксарияти ёрқин ифодаланган мавсумий характерга эга.

Тадқиқотларнинг кўрсатишича, SARS-Cov-2 қаттиқ сиртлар (масалан, пластик ва металл)да 21-23 даража иссиқда, нисбий 40 фоиз намликда 72 соатгача яшаши мумкинлиги кўрсатган.

Бу вирус бошқа ҳарорат ва намликда қанчалик яшовчан эканини ҳали аниқлаш керак, бироқ бошқа коронавируслар устида олиб борилган тадқиқотлар улар Цельсий шкаласи бўйича 4 даражада 28 кунгача яшаши мумкинлигини кўрсатган.

COVID-19 чақирувчи коронавируснинг энг яқин қариндоши ва 2003 йилда авж олган SARS ҳам қуруқ ва совуқ шароитларда ўзини яхши ҳис қилган. Ҳарорат ошгани сайин вируснинг умри қисқара борган.

«Иқлимнинг роли шундан иборатки, у организмдан ташқарида бўлган вируснинг барқарорлигига таъсир ўтказади — масалан, юқтирган киши акса урганда у ҳавога учиши ёки турли сиртларга тушиш асносида», — дея тушунтиради атроф-муҳит ўзгариши оқибатларининг биологик хилма-хилликка таъсирини ўрганаётган Мадриддаги табиий фанлар миллий музейи ходими Мигел Ароухо.

«Вирус организмдан ташқарида барқарорлигини қанчалик узоқ сақлаб қола олса, унинг инсонларга юқиши ва эпидемия чақириши хусусияти шунчалик юқори бўлади. Жаҳондаги COVID-19 авж олган энг йирик ўчоқлар айнан совуқ ва қуруқ ҳаво ҳукмрон бўлиб турган минтақалардир», — дейди эксперт.

«Инсонларнинг ўзини тутиши — вирус қандай тарқалишини англаш учун калитдир»

Мигел Ароухога кўра, COVID-19 ҳам бошқа коронавируслар сингари ҳарорат ва намликка сезгир бўлса, бу касаллик жаҳоннинг турли минтақаларида турли фаслларда авж олаверади.

«Икки вирус ўзини ўхшаш тутишини кутиш учун асослар бор, — дейди у. —Лекин бу тенгламада ўзгарувчилар сони битта эмас. Вирус одамдан одамга юқади. Муайян жойда қанча кўп одам бўлса, улар бир бири билан қанчалик кўп алоқа қилса, шунчалик инфекция кўп тарқалади. Инсонларнинг ўзини тутиши — вирус қандай тарқалишини англаш учун калитдир».

АҚШнинг Мэриленд университети томонидан ўтказилган тадқиқотларга кўра, вирус сайёрамизинг Целсий бўйича ҳарорат 5 даражадан 11 даражагача, нисбий намлик паст бўлган шаҳарлари ва минтақаларида тарқалган.

Бироқ, тропикларда ҳам касалликка чалинганлар етарли. Вируснинг Осиёда тарқалиши яқинда Ҳарвард медицина академияси мутахассислари томонидан таҳлил қилинганида, бу пандемик коронавируснинг сезгирлиги об-ҳаво шароитларига нисбатан пастроқ бўлиши аниқланган.

Олимларнинг ҳисоблашича, Хитойнинг совуқ ва қуруқ Жилин ва Ҳейлонгжианг провинцияларида, шунингдек Хитойнинг Гуангси ҳамда Сингапур давлати каби тропик минтақалардаги юқтирганларнинг тезда ўсиб бориши – баҳор ва ёз фаслларида ҳаво ҳарорати ва намлик даражасининг ошиб борганлиги юқтириш ҳолатлари сонининг камайишига олиб келмайди, деган хулоса учун асос бўла олади.

Тадқиқотчиларга кўра, касалликни енгиш учун ҳар бир давлатнинг соғлиқни сақлаш тизимини жиддий равишда кучайтириш керак.

Гап шундаки, вируснинг тарқалиши шунчаки унинг атроф-муҳитда жон сақлай олиш хусусиятига нисбатан кўпроқ омилларга боғлиқ.

COVID-19 сингари касалликларни инсонлар тарқатади. Вируснинг тарқалиш тезлиги йилнинг у ёки бу фаслида айнан уларнинг ўзини тутишига боғлиқ.

Фото: Getty Images

Масалан, Европада қизамиқ касалликларининг юқиш ҳолати кўпайиши ўқув йилининг бошланишига тўғри келади. Ҳолатлар ёзда — ўқувчилар таътилга чиққан чоғда пасаяди.

Хитойча янги йил (25 январь)ни нишонлаш чоғида инсонларнинг улкан миграцияси COVID-19нинг Уҳандан Хитойнинг бошқа шаҳарларига, сўнгра бутун жаҳон бўйлаб тарқалишида асосий ролни ўйнаган.

Бундан ташқари, об-ҳаво бизнинг иммун тизимимизга таъсир кўрсатади ва уни инфекциялар олдида заифлаштиради. Айрим маълумотларга кўра, бунда организмимиздаги D витамини даражаси ҳам муҳим рол ўйнайди. Қишда, қуёш нуридан баҳра олинмайдиган фаслда биз кўпроқ ёпиқ биноларда кун ўтказамиз, организмимиз D витаминини камроқ ишлаб чиқаради.

Лекин, бу грипп каби касалликларнинг мавсумий характерини тушунтириб бера олмаса керак. Совуқ ҳаво иммун тизимимизни заифлаштириши ҳам тасдиқланган факт эмас. Айрим тадқиқотлар буни тасдиқласа-да, бошқа изланишлар айнан совуқ ҳаво кўпроқ ҳужайраларни организмни инфекциялардан ҳимоя қилишга сафарбар этишини исботлаган.

Бироқ, бизнинг касалликларга чидамсизлигимизга намлик жуда катта таъсир ўтказиши ҳақида жиддий исботлар бор. Қуруқ ҳаво ўпкамиз ва нафас йўлларини инфекциялардан табиий йўл билан ҳимоя қилувчи, организмда ишлаб чиқариладиган шиллиқ миқдорини камайтиради.

«Бизни иккинчи тўлқин чулғаб олса, ҳайрон бўлмайман»

Хитойлик олимлар Уҳанда COVID-19дан рўй берган 2300та ўлим ҳолатини тадқиқ этиб, уларни намлик, ҳарорат ва инсон ўлган кундаги ҳавонинг ифлосланиш даражаси билан таққослаб чиқишди.

Бу тадқиқот ҳали илмий журналларда эълон қилинмаган, лекин унданкўринишича, ҳарорат ва намлик юқори бўлган кунлари ўлим даражаси паст бўлган.

Бундан ташқари, хитойлик олимлар мазкур тадқиқотда ҳароратнинг суткалик фарқи юқори бўлган кунларда ўлим даражаси жуда юқори бўлганини ҳам қайд этишган.

Бироқ, шуни таъкидлаш жоизки, бу тадқиқот ҳам асосан компьютерда моделлаштиришга асосланган. Бундай боғлиқлик борлигини жаҳоннинг бошқа минтақаларида ҳам тасдиқлаш керак.

Пандемияга сабаб бўлган вирус янги бўлганлиги сабабли, юқтирганидан сўнг тузалиб кетганлар ҳисобга олинмаса, кимдадир унга нисбатан иммунитет борлигининг эҳтимоли паст. Бу эса коронавирус тарқалиши, юқиши ва касалликлар келтириб чиқариши билан эндемик вируслардан фарқланишини билдиради.

Вируснинг жаҳон бўйлаб тарқалишида йўловчи авиақатновлар асосий воситани ўтади, дейди Франциянинг саломатлик ва медицина тадқиқотлари институти илмий директори Виттория Колизза. Бироқ алоҳида олинган ҳамжамиятда унинг тарқалишига айнан инсонлар ўртасидаги контактлар сабаб бўлган.

Инсонлар ўртасидаги контактларнинг бартараф этилиши юқиш суръатларини секинлаштиради. Жаҳоннинг кўплаб давлатлари ҳукуматлари озиқ-овқат дўконлари, дорихоналардан бошқа жамоат жойларини ташриф учун ёпиб, фуқароларни уйда қолишга чақириб, айнан шунга эришмоқчи.

Фото: Getty Images

Агар COVID-19га чалиниш ҳолатлари ёз ойларига келиб пасайса, касаллик йўқ бўлиб кетмаслиги, йил сўнгига бориб яна бўй кўрсатиши мумкин.

«Ҳозирча COVID-19 мавсумий характерга эга эканлиги номаълум, — дейди Колизза. — бу ерда инсонларнинг ўзини тутиши ҳам ўз ролини ўйнаши мумкин».

Бироқ, унинг огоҳлантиришича, вирусни тўхтатиш учун етарли чоралар кўрилаётгани ҳақида таъкидлаш учун ҳали барвақт.

Агар COVID-19 ҳоллари олдимизда турган ойларда чиндан ҳам камая бошласа, бунга бир қатор сабаблар бўлиши мумкин: шаҳарларни изоляция қилиб, ёпилганлиги, аҳоли иммунитетининг ўсиб бориши. Профессор Албертнинг компьютер моделлаштиришига ишонадиган бўлсак, касалликнинг мавсумий характерга эгалиги ҳам шу қаторда бўлиши мумкин.

«Агар йил фасли чиндан ҳам таъсир ўтказа олса, у бизга бошқа икки сабабнинг реал таъсирини кўришда халақит қилади, — деб огоҳлантиради профессор Алберт. — Қатъий чеклов чоралари кўрилган мамлакатларда одамлар касаллик юқтириб олиш хавфига камроқ дучор бўлишади, лекин кеч куз ва қишда касалликнинг иккинчи тўлқини бизни чулғаб олса, мен ҳайрон бўлмайман».

Ҳаттоки COVID-19 маълум бир мавсумийликка эга бўлган тақдирда ҳам у ёзда бутунлай йўқолиб кетмайди. Бироқ, бизнинг айни кунлардаги касалликни юқиш даражасини пасайтиришга бўлган уринишларимиз жуда фойдали бўлиб чиқиши мумкин.

«Бугун вируснинг портлаш даражасида тарқалишининг олдини олиш учун биз қўяётган қадамлар иқтисодий нуқтайи назарда биз учун қимматга тушмоқда, бироқ улар пандемиянинг ёзда ривожланишини кейинга силжитади, — дейди профессор Алберт. — Агар бу вирусда мавсумийлик хислати бўлса, бу чоралар соғлиқни сақлаш тизимларига келгусида унга қарши туришга тайёрланиб олиш учун фурсат беради».

Эҳтимол, бугун жаҳонда коронавирусга қарши аёвсиз ва оғир курашда айнан вақт захираси жуда етишмаётгандир.


Report Page