КИНО

КИНО

@Maktub_Gazeta

(Ҳикоя)

Муҳаммад Аюбхон Тошкентга келган ё Гагарин ракетада учган йиллари Чортоқнинг тўйларида бўлганмисиз? Бўлмаганмисиз? Э-э, дунёга келмабсиз.

Томошанинг зўри кун ботгач бошланарди. Ҳовлининг тўрига қора ҳошияли оппоқ экран осилади. Ахир, кино қўйилмайдиган тўй тўй эканми? Башарти, Ҳиндистонники бўлса, берди Худо, етмиш маҳалладан томошабин дарёдай оқиб келаверади. Ҳамма икки-учтадан рўмолча ғамлаб оладики, Ҳиндистоннинг киноси йиғлатмай қўймайди-да...

Ана, бўйи бир газдан мўлроқ ошиқ йигит сон-саноқсиз барзангини дўппослай кетади. Ҳар зарби бомбаниг гумбуридан зўр, бир мушти билан бир гала ғанимнинг жони узилади. Ағёрлар тутқуни бўлмиш маҳбубасининг зебо чеҳрасида лахта-лахта қон. Азроилдай жонига қасд қилаётган кушандалардан зиғирча қўрқмайди ва ҳаёт қўшиғини куйлайверади, қаёқдадир машшоқлар мусиқа чалиб беришади.

Тўйхонага тўпланган бола-бақра, йигит-қизлар ғаддор дунёнинг ҳиндистонлик ошиқ-маъшуқлар бошига солаётган зулм-ситамидан ўртаниб, кўз ёшини сел қиладилар. Намози қазо бўлаёзган чол-кампирлар золим Чопрани қарғайдилар, аввал ҳам сиқиб олинган рўмолчалар шалаббо бўлади, тағин сиқиб, ҳавога силкиб оладилар.

Шу пайт экранда мўъжиза рўй беради, ҳиндистонлик Мажнун оқ пайпоғининг қаватига яширган тўппончасини олади, калтак еб ўлмай қолган ёвларга қўрғошин йўллайди. Сўнг пашшанинг ўлигидай еру кўкка сиғмай ётган мурдаларни тепиб ўтиб, Лайлисини бағрига босади, қошларининг ўртасида холи бор, ўрама кўйлакли маҳбуба унинг бўйнига чирмашади. Икков қоп-қора «Мерседес»га ўтирадилар, машина қанот чиқаради ва Лайли-Мажнун саодат манзилига парвоз қиладилар. Қувноқ қўшиқ бошланиб, деворга михланган экранда «ТНE END» ёзуви пайдо бўлади.

Бундоқ томоша эс-ҳушидан жудо қилаёзган меҳмон-мухлислар мутаассир ҳолда бир зум тошдай қотадилар. Зум ўтмай ҳамма гувранади, тўйхонада гулдурос қарсаклар янграйди, олқишлар авж олади. Киночи барчага таъзим бажо қилади, чаккаси пулга тўлиб кетади. Тўй эгаси уни бағрига босиб, устига тўн ёпади.

Чортоқда тўй қилдим деган одамга бундан ортиқ обрў борми?

...Мана, Одил новвой ҳам кенжасини суннат қилдирадиган бўлди.

– Биринчи ўринда кинони гаплашиб келгин, болам, – деди етмиш йил бурун паранжи ташлаган Фарқи момо маслаҳат ошида.

– Ҳа, ҳа, – деди Бувамирза чол. – Албатта, киносиз тўй бўлармиди?

Гап яна Фарқи момода кетади:

– Сталин ўлган йили кенжамни ётқизганман. Тўйларга кино олиб келишни ўшанда ўзим урф қилгандим. Номи қурғур «Бутинким»ми ёки «Потинкам»ми эди-да. («Потёмкин» бўлса керак – муаллиф). Пошшони замонида Дарёйи шўрдаги беш-олтита кемачи қуртлаган гўштни еб ўлган экан, эсласам ҳалигача ўқчийман, кинойинг қурсин.

– Кенжангизни қўлини ўзим ҳалоллаганман-да, – луқма ташлайди Ҳусайн кал.

– Вой кал ўлмагурей, – койийди Фарқи момо ўсма қўйган қошларини билакузукли сўл қўли билан сийпалаб. – Қарисанг ҳам ёлғончилигинг қолмайди-да! Ўзи мусурмонча қўнғироқ билан туғилган-ку. Нимасини ҳалолларкансан, отиям Суннатилла бўлса, билмайсанми?

– Билама-ан, хола, ўшандаям барии бир етти қават кўрпага ётқизиб, ўртага олинади. Қора чироқнинг мойли пилигига ўт ёқиб, боланинг қўлига бир жуфт тухум берилади. Ана ундан сўнг кесса-кесмаса, «булбулча»га устара ва тутакни теккизиб, «куллалош» деб қўйилади. Билмайсиз-да, Суннатиллангизнинг ана шу иримини ўзим қилганман, ахир...

Кампир яна минғир-минғирини қўймайди. Одил новвойнинг юраги сиқилади: алмисоқдан қолган бу чол-кампирлар юз йилги гапни топиб олиб, минг йил чўзғилайди. Мен нима ғамда-ю...

Кинонинг каттакони сочлари жингалик ёшгина йигит экан.

– Хўп-хўп, берамиз, ака, – деди у Одил наввойнинг арзини тинглаб.

– Энди, ука, ўн йил деганда бир тўй бошлаб қолганмиз. Уруғ-аймоқ, ёр-биродар, қўни-қўшни дегандай, ўзингиздан қолар гап йўқ. Бир йўлини қилинг, индийский бўлмаса иложи йўқ. Хом сут эмган банда, эл-юртга шунақа деб катта кетганман.

Бошлиқ девордаги пистоқи тугмачани босганди, малласочли бир қиз кириб, остонада ғоз турди. Жингалак соч бижир-бижир қилганди, униси ғужур-ғужур қилди. Одил новвой ўрис тилини билмаслигидан шу топда жуда ўкинди. Агар йигит бўлиб уйланишини, тўй қилишини, алалоқибат тақдири азалий манави чуғурчуққа дуч келтиришини барвақтроқ билганида-ку...

Лекин барии бир фаҳми етди, униси «индийский» деганди, буниси ҳам «индийский» деб калима ўгирди. Демак ўзининг масаласи. Ҳа, ана малласоч патта ёзди. Одил новвой пул узатди. У раҳмат устига раҳматни ёмғирдай ёғдириб, минг бир қуллуқ қилди. Ўрнидан тураркан, сўл қўлидаги нарсани ўнг томонга олди-ю, «шу озгинани...»

– Ҳай, ҳай, биз хизматда, ака!

– Ўзи жиндайгина, тўйдан насиба деб...

Жингалак соч қўлини кўксига қўйиб кулди:

– Тўйларингиз яхши ўтсин. Жуда ҳам атаб юборган бўлсангиз, киночи боланинг кўнглини оларсиз.

– Ишонаверайми, ука? – ўтинди новвой.

– Қизиқмисиз, гап битта – Худо битта!..

– Ҳе-е, отангга раҳмат! Мана энди хотиржам тўйни бошлайверамиз.

Хушхабарни эшитиб, уйдагиларнинг оғзи қулоғига етганини айтмайсизми. Зиём қулоқ кўк эшагини миниб жарлагани тушди:

– Одил новвойникига тўйга-а...

Уч бақириқдан бирида «индийский кино келган, икки серияли» дейишни ҳам унутмади. Чунки, тўй эгаси шуни жуда қаттиқ шарт қилган.

Ортиқбой ошпаз иккинчи қозондаги ошнинг дамтовоғини кўтарганда, «келди-келди» бўлиб қолди. Боядан бери ҳаловати йўқолиб, оёғи куйган товуқдай потирлаб турган Одил новвойнинг юзи яшнаб кетди. Тишлари сўйлоқ, чўтир йигитни қувонч билан бағрига босди.

– Келинг, ука, балли, балли, – сўнг аста шивирлаб қуйди: – Индийский-а?

– Албатта, ака.

– Ҳа, отангга раҳмат.

Новвой тайин этган бир гала ўспирин уларнинг ашқол-дашқолларини кўтариб, ичкари бошлайди. Киночилар таъзимдаги мезбонларга сиполик билан бош силкиб борадилар. Чўтир йигит нақ бир сўрига жой бўлган даҳмазаларига беш-олти кишини қоровул қўйиб, икки ёрдамчиси ва уч шогирди билан ўзлари учун махсус тузатилган хосхонага кириб кетади. Киночиларнинг кўнгли нозик-да.

– Баччағарлар патифонини айлантириб қўйганда, эшитиб турардик, – ғўлдиради Эшмирза мўйлов попирисини бурқсиратиб.

– Унгача «қулоқчўзма»ни бошлайлик, – деди кимдир. – Болалар «қўлоқчўзма» ўйнамаган тўй тўй бўлармиди?

Ғўзапоялар устида палов ошаётган болакайлар ёғли қўллари билан чапак чалиб юбордилар. Шинаванда йигитлардан бири пул тугилган рўмолчани осмонга отди: «ол, болалар».

Кимдир қочди, кимлардир қувди. Босди-босди, қувди-қувди, чўз-чўз авжига минди. Тенгқурларидан бўйи бир қарич паст Обид қулоқларини илдиз-пилдизи билан юлиб олишганда ҳам ғаниматдан бирор бор кечган эмас. Бу гал ҳам лойга беланган гулдор латта ахийри, унинг қўлида қолди. Аммо рўмолча ичидаги икки донагина сариқ чақани кўрган боланинг ҳафсаласи пир бўлди, чуқур хўрсинди. Индамайгина бориб тангаларни пул туккан йигитнинг оёқлари остига ташлади. Болалар бирваракайига «ҳе-е» деб юборишди.

«Ҳу, пул туккан қўлингга...» деди битта новчароғи, катталар ҳам жуда ранжишди.

– Бир етимчани шунчалар алдайдими?

– Қулоқларининг гўшти чиқиб кетди-я...

Тўйхонадаги борлиқ одам Обиднинг тарафида эди. Қолаверса, «қулоқ чўзма»нинг қоидасига кўра танга тугилмаслиги лозим-да.

– Кел, болаларим, мана пул, – деди Нормирза новвой ва ўз режасини уларга тушунтира кетди. «Урра» дея қичқирган бир тўда йигитчалар икки кун бурун кесилган теракнинг танасига ёпишди. Одамнинг қучоғи етиб-етмайдиган ходанинг пўсти бир зумда шилиниб, оппоқ, серсув танаси ялтиллаб қолди. Нормирза новвой бир бурчига битта эллик сўмлик тугилган қарға шоҳи белбоғни теракнинг учига маҳкамлаб танғиди. Томошаталаблар ҳаш-паш дегунча ходани қозони олинган ерўчоқ ичига тиклашди, болалар унинг тагини шиббалаб ҳам ташладилар.

– Ким мард бўлса, теракка чиқади. Эплолса, қандини урсин, пул ҳам, белбоғ ҳам уники, – деди Нормирза новвой. Тўй эгасининг ҳам сахийлиги тутиб кетди:

– Терак ҳам ўша болага, уйига олиб кетаверади.

Ерда ихчамгина бўлиб ётган ёғочнинг қад-қомати тиклангандан сўнг кўринди. Сирпанчиқ танаси қўл теккизсангиз «чилп-чилп» қилади.

– Чиқса бўлади-ю, аммо тушиш қийин, – деди Акрам чўжа.

– Э-э, оғзингдами ошми? – укасига танбеҳ берди Икром чўжа. – Чиқишам жа-а осонмас.

Чиндан ҳам ялт-юлт қилаётган сирпанчиқ теракка бир-икки бола қўл теккизди-ю, дами ичига тушиб, ўзини четга олди. Шу пайт даврада ҳалидан бери кўринмай қолган Обид пайдо бўлди. Қўйни дўппайиб турган бу жиккак болани кўриб, ҳайбаракаллачилар жунбушга келди:

– Мана шу чаён чиқмаса, ҳеч ким чиқолмайди.

Катталарнинг фирибидан аламзада Обид шаҳд билан теракка тирмашди.

– Тирмизак эплайди, – деди кимдир.

Обид эса мушукдай ёпишиб, тобора баландлаб борарди. Ҳар галги сидирилишидан илгари енгини силкир, ундан шувиллаб тўкилган тупроқ теракка ёпишарди. У тупроқ теккан жойдан ушлаб юқорироқ жилиб оларди...

Тўйхонадаги борлиқ одам турган ерида қотди. Меҳмонхонадагилар ҳам товоқни четга суриб, дераза олдига тўпланишган. Самоварчи чой сўраб келганларни жеркади:

– Шошмасанг-чи, анави болани кўр...

– Ишқилиб йиқилиб ўлмасин-да, – нафас қилди Сотиболди кўса.

– Қанақа одамсиз, ошна, иссиқроқ гапингиз йўқми? Аслида битта етим болани томошақовоққа айлантириб инсоф қилмадик, – силтаб солди уни ёнидаги патак соқол қария. Чўтир киночининг очилган оғзи юмилмас. «Куйлайвериб» адойи тамом бўлган грампластинка яккаш «севаман, севасанму»ни такрорлайдики, чўтир уни тузатишни хаёлига ҳам келтирмайди.

Обид эса аллақачон теракнинг учига чиқиб, ўз иши билан банд эди. У белидаги чилвирнинг тайёр сиртмоғини теракнинг учига солди. Қўйнини дуппайтирган нарса арқон эканлигини билгач, кўпчилик бош чайқади: «вой, балойи азим экан-ку». Аммо уларни янада ҳайратга солган нарса кейин содир бўлди: болакай на белбоғ ва на пулни олмай қайтаверди. У арғамчига осилиб жуда хотиржамлик билан тушиб келарди. Оёғи ерга тегишига бир одам бўйи қолганда «тап» этиб сакради-қуйди. Сув сепгандай жим турган оломон яна жунбушга келди:

– Нега пулни олмадинг?

– Белбоғ ҳам қолаверди-я?..

Обид уларга парво ҳам қилмай арғамчининг учидан тутиб, тортқилай кетди. Хода аввалига тебранди, сўнг бир тарафга сал оғди-ю, аммо йиқилмади.

– Нима қилмоқчи ўзи? – ҳайрон бўлди Сотиболди кўса.

– Ходаниям олиб кетади-да, – деди Сайдулла қассоб.

– Албаттасига олиб кетаман, – чинқирди Обид.

– Боплайсан, бола.

Аммо тўй эгаси жириллашга тушди:

– Қани пул, қани белбоғ? Олиб тушдими, ахир?

– Ҳа-я, рост...

Яна алданаётган боланинг кўзларида ғазаб чақнади:

– Ўзингиз айтдингиз-ку, ё гапларингиз ёлғонмиди? – ва таҳдид билан сўради: – Олиб тушайми?

Сайдулла қассоб унинг қўлидан ушлади:

– Қўй, ўғлим, албатта, сен ютдинг...

Шу топда тўйхонадаги ҳамма уялиб кетди, Обидга қарши ҳеч ким бир сўз айтолмасди.

– Ҳазил-ҳазил, – чайналди хижолатда қолган тўй эгаси. – Гапим – гап. Аммо барии бир олиб кета олмайди-ку?

– Албаттасига олиб кетаман, – яна чинқирди Обид.

Тўйхона сув сепгандай жимиб қолди. Сукунатни ширакайф Умар Полвоннинг ҳайқириғи бузди:

– Э, қўйинглай-е. Ҳаммангизга шадқайи одамгайчилик, – у оғзидаги носини зарда билан пуркади-ю, оёқлари остида ўралашган болаларга ўшқирди. – Қоч ҳамманг!

Унинг зуғумидан катталар ҳам орқага чекиндилар: полвоннинг бундай пайтда учраган одамга мушт солиб юборадиган одати бор. У Обид ҳозиргина қўйиб юборган арқонни ушлаб, бир «ҳайт» деганди, ЗИЛ-замбил ёғоч гурсиллаганича қулади.

– Ол, ўғлим, ёғоч ҳам сеники, – деди хижолат бўлган Одил новвой Обиднинг бошини силаб.

Боланинг кўзлари жиққа ёш эди. Кимнингдир «ҳа, болалар кўтардик» дейиши билан ёшу-қари ходага ёпишди. Аммо тўйхонадаги борлиқ бола унинг икки тарафида ҳар қаричга биттадан тизилишиб олганидан катталарга сон ҳам қолмади. Азимбой тракторчи даранг-дурунг билан аравасининг ён эшигини очди:

– Юкланглар, обориб бераман.

Аммо болалар у томонга қайрилиб ҳам қарашмади: тўппа-тўғри Обидларнинг уйига жўнашди. Бири унинг йиртиқ пальтосини қўлтиқлаб олган, бирининг қўлида Обиднинг онасига аталган насиба. Шу пайт ҳай-ҳайлаб келаётган ўрта ёшлардаги аёл қўлидаги бир жуфт нонни товоқ тўла ошнинг устига ёпди ва тайинлади:

– Ойингга салом айтгин...

– Қулоғинг ёмон оғрияптими? – сўради болалардан бири ачиниш билан. Обид «ҳе-е» дея қўлини силтади. – Ойингга айтсанг, ёғ суртиб қўядилар, ошна...

Шу топда Обид барча болалар учун гўё бир қаҳрамон, катталарнинг бўйнини эголган баҳодир эди. Унинг ёнидаги ҳар бир бола ўзи ҳам теракка чиққандай мағрур борарди. Йигитчалар қўлтиғидаги ёғочнинг учигина кўринарди, холос. Улар Обидларнинг уйи томон бурилганда, тўй эгасининг қичқириғи эшитилди:

– Кино кўргани қайтиб келинглар-а, ўғилларим.

Болалар таклифга парво ҳам қилмай йўлда давом этишарди.

Рустамжон УММАТОВ.

Report Page