Коррупция-тараққиёт кушандаси

Коррупция-тараққиёт кушандаси

Buxoro.uz

Бухоро муҳандислик-технология институтида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини инобатга олган ҳолда, ҳуқуқий таълим ва тарбияга, мутахассисларни касбий тайёрлашнинг сифатини оширишга, таълим дастурларини доимий равишда такомиллаштириб боришга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Коррупцияга алоқадор одам қонунни бузишидан ташқари, ўзининг кимлигини, эътиқоди, маънавияти қай даражада эканини ошкор қилади. Бундай одам нафақат молиявий зиён-заҳмат етказади, балки давлатни, демократияни беҳурмат қилиб, обрўсини тўкади, унга нон-туз бериб катта қилган, илму ҳунар ўргатганларнинг, обрў ва мансаб берган эл-юртнинг юзига оёқ қўяди.

Жорий йилнинг 5 ноябрь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг кенгайтирилган Ҳайъат мажлисида кўрилган масала институт раҳбарияти йиғилишида факультет деканлари, кафедра мудирлари, бўлим бошлиқларига етказилди.

Сентябрь ойидан бошлаб ёшларга коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий таълим бериш мақсадида коррупциясиз таълим модули бўйича факультатив курс ўтишга мўлжалланган ишчи дастур тасдиқланди, амалиётга жорий этилди. Ишчи дастури асосида дарс жадваллари тузилди. “Ахборот ва мураббийлик соатлари”да институтнинг бакалаврият ва магистратура босқичларидаги барча гуруҳларда махсус тайёрланган мутахассислар томонидан маъруза ва амалий дарслар ўтилиши йўлга қўйилди.

Институтда коррупцияга қарши курашиш, уни таг-туги билан йўқ қилиш мақсадида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Аввало талабалар билимини баҳолаш тизимида якуний назорат ишларини текшириш учун махсус ишчи гуруҳ тузилди. Ҳар бир якуний назорат иши кодлаштирилган ҳолда баҳоланди. Институтга ишга қабул қилиш тизими жамоатчилик Кенгаши қарори асосида амалга оширилиши йўлга қўйилди.  Дарс жараёнларини назорат қилиш мақсадида ҳудуд ва барча аудиториялар махсус кузатув мосламалари билан жихозланаяпти. Бу нафақат таълим сифатини оширади балки коррупцион ҳолатларни олдини олишга ҳам хизмат қилади. Хуллас, дунё кун сайин, соат сайин ривожланяпти. Давлатлар ва халқлар ўртасидаги ҳамкорликнинг тезкор, янгидан-янги уфқлари очиляпти, миллий иқтисодиётлар ўзаро чамбарчас боғланган ҳолда юксалмоқда, тараққий этмоқда. Бугун ҳар қандай давлат бошқа давлатлар билан изчил ҳамкорлик қилмасдан, оқилона инвестиция ва ресурсларга таянмасдан, жаҳонга чиқмасдан, айни пайтда дунёга эшикларини кенг очмасдан, одамлар бемалол ишлайдиган ишончли маконга айланмасдан юқори натижаларга эриша олмайди. Бинобарин, коррупциядек мудҳиш иллатни олий таълим тизимидан йўқотиш “Коррупциясиз таълим тизимини” шакиллантириш нафақат давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари, балки тизимда фаолият юритаётган барча ходимлар ва талабаларнинг асосий вазифасидир.

Нусратилла Баракаев,
Бухоро муҳандислик-технология институти ректори

Report Page