Инсоният тарихи урушлар тарихи (ми)?

Инсоният тарихи урушлар тарихи (ми)?

Обиджон Латипов

Ўтган куни тунда 24:00да бошланган пиротехник пақилдоқларнинг жаранги (шовқини) тонггача давом этди. Бу ҳолат кўпчиликни безовта қилгани бор гап. Қариялар, беморлар, ёш болали оналар ва қўйингки тунда ётиб нормал одамдек дам олувчи барчани бирдек, енгил айтганда оромини бузди. Менда анчадан буён қийнаб келаётган “дард” янгилангандек бўлди. Уйқу қочганда ижод келади деганларидек, ўйланиб қолдим 1 кечагина давом этган пақилдоқлар кишиларни шунчалар безовта қилар экан. Сурия, Ироқ, Яман, Афғонистонда яшаётган аҳоли устидан ёғдирилаётган бомбаларни киши ўз танида ҳис қилиши учун қиёс деб топдим. Фарқ шуки, у ерда “катталар” бири олиб бири қўйиб бомбалаш пойгасини йиллардан буён давом эттиришяпти. Баъзилари бу ўқув машғулоти эканини тан ҳам олди. Минг афсуслар бўлсинки биз оддий одамлар ҳам мана шу манфур саҳнани фаол томошабини сифатида тараф-тараф бўлиб олиб ижрочиларни “маҳорати”га тан бериб баҳслашиб ўтирамиз. Пичоқни олдин ўзинга ур оғримаса бировга деган донолар. Сиз иссиқ уйингизда, оилангиз даврасида, хотиржам ҳаёт лаззатидан баҳра олаётганингизда. Параллел ҳолатда ғоявий жиҳатдан қўллаб қувватлаётганингиз “дунёни ёвузликдан қутқарувчи”лар сизга ўхшаган инсонларни устидан бомба ёғдираётган бўлади. Норасида болалар, аёллар, қариялар қони тўкиляпти. Шаҳарлар вайрон, оилалар пароканда биз эса кимни зўрлиги ҳақида баҳслашамиз. Мақсад ҳаракатни оқлайди деган ақида билан бегуноҳ кишилар қони тўкиляпти. Биз қарсак чалиб, олқишлаб ётибмиз. “Саҳнада“ бош рол ижросини талашаётганлар (ва уларнинг иттифоқчилари) ўзлари лозим деб топган ҳудудларни бомбалаш билан бирга, ТВ, матбуот, интернет воситасида кишилар онгини ҳам “бомбалаш”ни унутиб қўйганлари йўқ. Инсониятга, адолатга, тинчликка ХИЁНАТ бўлган бундай “шарафли” ишни амалга оширишда сиёсатчилар, таҳлилчилар, журналистлар ва албатта дин арбоблар (шайхлар, имомлар) алоҳида жонбозлик кўрсатишмоқда. Мақсад кишиларни соғлом фикрлашдан чалғитиш. Ёлғонни урчитиб ташланса ҳақиқатни билган ҳам топа олмайди ёки такрорланаверса ёлғон ҳам ростга “айланади” қабилида иш тутиш. Ўйлаб кўринг кимни қўллаб қувватлаяпсиз? Нимани тарғиб қиляпсиз? Урушними? Инсоният ХХI асрга келиб фан ва техникани юксак чўққиларини забт этиб ҳам муаммоларни ечишни урушсиз йўлини топа олмаса. Инсоният олдида долзарб бўлиб турган саводсизлик, қашшоқлик, тўйиб овқатланмаслик, коррупция, чегаралар каби бир қатор муаммолар навбат кутиб турганда. Дунё ҳукуматлари ҳарбий соҳага, қуролланиш пойгасига миллиардлаб доллар сарфлашяпти. Ким учун, нима учун керак шу харажатлар? Бу харажатлар ўша ҳукуматлар бюджетини ҳам оғир юки эканлиги натижада аҳоли (ўзи тўлаётган солиқлар ҳисобидан бўлсада) кўпгина имтиёзлардан маҳрум бўлиб қолаётгани айни ҳақиқат. Теранроқ қаралса йўқотишлар шундангина иборат эмас. Инсон меҳнатини маҳсули бўлган обод шаҳар ва қишлоқларни шу қуроллар ёрдамида вайрон этилиши, асрлар оша сақланиб келаётган тарихий иншоотларни ҳам қўшиб вайрон этиш тубанлик даражасини кўрсатиб беради. Ҳарбий соҳаларга сарфланаётган миллиардларни босқичма босқич камайтириб маблағни таълимни, тиббиётни ривожлантиришга, ижтимоий ҳаётни ўнглашга сарфланса урушларга олиб келаётган низолар ҳам барҳам топарди. Жуда бўлмаганда қўлга қурол олишгача етиб бормас эди.
Сурияни олайлик, урушаётган томонларни ўз мақсадлари бор. Уларни қўллаб турган “Катта оғалар”и ҳам ўз манфаатларига эга. АҚШ (ва уни коалицияси), Россия ва Франция ИШИДга қарши ўзлари айтмоқчи террорчиларга қарши курашмоқда. Ваҳоланки қанчалар қонхўр, ваҳший қатл саҳналари билан ИШИД қотилликда Башар Асадга тенг кела олмаяпти (ИШИД таҳ. 15 минг , Башар Асад 200 мингдан ортиқни кишини ёстиғини қуритган). Лекин ҳеч ким Асадни террорчи демаяпти, бомбаламаяпти ҳам. Уруш тугамасданоқ Башар Асад инсоният тарихини энг қонхўрлари рўйхатига кириб бўлди. Сурияда урушаётган томонларни барига умумий бир баҳо бериш мумкин. Сиёсий, диний, этник, ҳудудий гуруҳларнинг ҳар бирини ўз ғояси бор ва бунга қўшилмаганларни қонини тўкиш. Рақибини фақат жисмоний йўқ қилиш бу кучлилик белгиси эмас, бу ожизлик белгиси. Муроса - ю мадора қила олмаслик нишонаси. Саховатпешалик қилиб текинга миллионлаб долларли қурол бераётганлар, қочқинларни бир бурда нон билан таъминлаб бера олмаяптилар (Туркия бундан мустасно). Шуми адолат?

Дўстим бир мулоҳаза қилиб кўрайлик тараф тарафга бўлиниб олиб бир бирини қонини тўкишга келганми инсон бу дунёга? Кишилар миллати, тили, терисининг ранги, эътиқодидан, фуқаролигидан қатъий назар Аллоҳнинг бандалари эмасми? Яшаб турганимиз куррайи замин барчамизни уйимиз эмасми? Биз ер юзини вайрон қилишга эмас, обод қилишга буюрилмаганмизми?

Шундай экан Эй замондош! Урушни қўллаб қувватламанг. Уни тарғиб этманг. Зўравонларни тарафида бўлманг. Адолат тарафида бўлинг. Зулмга қарши бўлинг. Золимларни, қонхўрларни ёмон кўринг. У золим қайси мавқеда бўлишидан, қандай қудрат эгаси бўлишидан қатъий назар ундан нафратланинг. Бегуноҳ инсонлар қони тўкилишига ғоя билан ҳам шерик бўлманг. Шундай қилмаса бўлмайди деяётганлар ёлғон гапиришяпти. Тв, радио,интернет, матбуот воситасида сизни бошқаришларига йўл қўйманг. Самимий бўлинг, оқни оқ, қорани қора, денг. Қўлингиздан келса яхшилик қилинг. Илм олинг, фарзандларингизга ҳам илм олишига имкон беринг. Ва албатта САЛОМАТ БЎЛИНГ!

Report Page