iroda

iroda


21 октябрь – Ўзбек тилига Давлат мақоми берилган кун

ВАТАН ЯНГЛИҒ МУҚАДДАССАН, ОНА ТИЛИМ!

Тил ҳам Она Ватан янглиғ азиз, табаррук. Уни севмаган, ардоқламаган баркамол саналмайди. Қайси бир миллат вакили бўлмасин, ўз тилини бошқа тиллардан гўзал, бошқа тиллардан афзал билади. Чунки у шу тилда алла эшитиб улғайган, шу тилда илк бор сўзлаган, кўнглидаги барча орзу-уйлари, ғам-ташвишлари, шодликларини шу тилда ифодалайди. Севимли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг шундай фикрлари бор:”Расул Ҳамзатовнинг авар тилида гапирганини эшитиб, ҳайратга тушганман. Қойил қолиб эмас, шу тилда ҳам шеър ёзиб бўладими, деб ёқа ушлаганман. Икки авар сўзлашса, бир-бирига ўдағайлаяпти, деб ўйлайсиз. Тишда ёнғоқ чаққандек қарсиллаган, тош йўлда арава югургандек тарақлаган овозни эшитасиз. Лекин авар ўз тилини севади. Улуғ шоирлари бу тилда ўлмас шеърлар ёзиб қолдирганлар.

Ўзбек тилим бошқаларга қандоқ, билмайман, лекин мен учун дунёдаги энг бой, энг гўзал, энг баркамол тил!”.

Ҳа, ўзбек тили бошқа тилларга ўхшамаган ўзига хос жарангдорликка, нафисликка, таъсирчанликка, камалакдек ранг-барангликка эга. Буни теран англамоқ учун уни дилдан севмоқ, ўрганмоқ ва тушунмоқ керак.

Тил-миллатнинг маънавий бойлиги. Ана шу бойликсиз унинг миллатлиги ўз аҳамиятини йўқотади. Шу боис ҳам тилимизнинг софлигини, асл жозибасини сақлаб қолиш муҳим. Бунинг учун ҳар биримиз масъулмиз. 

Ирода Орипова

Report Page