Интервью

Интервью


– Фурқат, бугун сизни ўзига хос катта премьера билан табриклашимиз мумкин. Чунки сиз сценарий муаллифи бўлган "Халқ юраги" фильми юртимиз телеканаллари орқали томошабинлар эътиборига намойиш этилади. Лойиҳа ҳақида батафсил гапириб берсангиз.

- Ассалому алайкум! Бугун биз учун жуда ҳаяжонли кун. Фильмни аввалроқ Адиблар хиёбонида намойиш этган эдик, аммо бугунги намойишни "катта премьера" дея оламиз. Фильм 24 сериядан иборат бўлиб, ҳар бир серияси Адиблар хиёбонида ҳайкаллари ўрнатилган атоқли ёзувчи ва шоирларимизга бағишланади. Дастлабки уч серияда Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулҳамид Чўлпон ва Абдулла Орипов каби шоир ва ёзувчиларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида фикр юритилади.


- Туркум фильмларнинг ўзига хослиги нимада?

– Ўзбек адабиёти мумтоз адабиёт, жадид-маърифатчилик адабиёти, ХХ аср адабиёти ва замонавий адабиётга бўлинади. Туркум фильмларнинг ўзига хослиги ҳам шунда. Адиблар хиёбонидаги ёдгорликларни жойлашиш тартибига эътибор берган бўлсангиз, у ерда Алишер Навоийдан бошлаб, Муҳаммад Юсуфгача ҳайкал ўрнатилганини кўрасиз. Ушбу  "Халқ юраги" деб номланган илк фильмимизда томошабиннинг эътиборини ана шунга қаратишга ҳаракат қилдик.


– Айнан сизнинг жамоангиз иш олиб бораётган фильм кимга бағишланган ва кимлар сиз билан ҳамкорлик қилмоқда?

- Ҳозир бизнинг «SPECTRE» киностудиямиз "Ўзбеккино" МА ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг кўмаги билан Абдулла Ориповга бағишланган фильм устида иш бошланмоқда. "Ўзбеккино" МА ташкилий масалаларда бизни қўллаб-қувватламоқда, бунинг учун уларга алоҳида миннатдорчилик билдирамиз. Ана шундай масъулиятли лойиҳанинг бизга ишониб топширилгани биз – ёш режиссёрлар, сценарийчилар, операторлар ва бутун жамоамиз учун катта шараф! Умид қиламизки, бундай ишончни оқлаймиз ва олдинда бизни янада кўплаб ҳужжатли ва бадиий лойиҳалар кутиб турибди. 

Шуни ҳам алоҳида таъкидлашни истардимки, бугун юқорида тилга олинган учта сериянинг ижодкорлари ягона ижодий марказга тўпланишган. Бу бизга умумий мақсад йўлида баҳамжиҳатликда ишлаб - визуал ва ғоявий жиҳатдан яхлит композиция яратишимизга имкон беради. "Бобур" лойиҳаси устида ўз услубига эга ёш режиссёр Бобур Шер бошчилигидаги жамоа иш олиб бормоқда. "Чўлпон" лойиҳасига келадиган бўлсак, бу фильм устида истеъдодли режиссёр ва кўп қиррали ижодкор Ҳусан Рашидов бошчилигидаги ижодий гуруҳ ишламоқда. "Абдулла Орипов " лойиҳаси устида бизнинг ижодий студия – режиссёр Шохрух Расулов, ижрочи продюсер Даврон Абдуғаниев, VFX бўйича мутахассис Зухриддин Асамов ва сценарий муаллифи сифатида ўзим иш олиб боряпмиз.


- Қачон суратга олиш ишларини бошлашни режалаштиряпсиз?

- Декабрь ойининг бошларида суратга олиш ишларини бошлашни режалаштирганмиз. Ҳар бир серияга, албатта, актёрлар иштирокидаги воқеаларни бадиий қайта тикловчи саҳналар киритилади. Бундан ташқари, ҳар бир серияда ҳикоя қилувчи, интервью берадиган мутахассислар, 3D Visual Effects элементлари ҳамда график иллюстрациялар бўлади. Лойиҳани топшириш 2021 йилнинг бошига режалаштирилган.

Report Page