Intervyu

Intervyu

@Jizzax

Интервью: Онлайн таълим ОТМларда ўқитувчилар штатлари қисқаришига олиб келадими?

Ўзбекистонда амал қилаётган карантин чекловлари сабаб ОТМлардаги ўқув жараёнлари ҳам онлайн тарзда бошланиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.

Бир неча кундан буён ижтимоий тармоқларда билдирилаётган айрим фикрларга кўра, бу жараёнда ОТМларнинг ўқитувчилари сонида қисқаришлар рўй бериши мумкин.

Шунингдек, охирги вақтларда ОТМ профессор-ўқитувчиларини ишга олиш тизимини қайта кўриб чиқиш ҳақида ҳам кўп гапирилмоқда.

Хўш, айни шароитда ўқитувчиларнинг штатларида қисқартиришлар қилиш ёки бу тизимни қайта кўриб чиқилиши борасидаги гап сўзлар қанчалик ҳақиқат? Биз шу ва бошқа бир нечта саволлар билан Тошкент давлат техника университетининг ўқув ишлари бўйича проректори Орифжон Зарифов билан қисқа суҳбатда бўлдик.

Зарифовнинг сўзларига кўра, ОТМларда ўқитувчилар штатлари қисқариши ҳақидаги гаплар асоссиз.

«Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ўқув юкламаларининг таҳлили шуни кўрсатдики, ўқув жараёни масофавий шаклда амалга оширилганда, юкламалар таркиби ва уларни ҳисоблаш учун белгиланган вақт меъёрлари анъанавий шаклдагидан деярли фарқ қилмайди.

Иккала ҳолатда ҳам таълим жараёни бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг тасдиқланган ўқув режалари ва фан дастурлари асосида амалга оширилади.

Битирувчилар тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликларининг таълим дастурларини тўлиқ ўзлаштиришлари шарт. Профессор-ўқитувчилар эса лавозим вазифалари доирасида таълим дастурида белгиланган барча машғулот турларини (аудитория ва аудиториядан ташқари) тўлиқ бажаришлари лозим.

Ўқув жараёни масофавий шаклда амалга оширилганда, машғулотлар асосан талабалар билан масофадан туриб (билвосита) компьютер технологияларига асосланган замонавий ўқитиш технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказилади. Бунда профессор-ўқитувчилардан компьютер технологияларига асосланган замонавий дарслик ва ўқув қўлланмалари (жумладан, электрон ўқув адабиётлари)ни яратиш, топшириқлар, назорат саволлари, мустақил ишлаш учун услубий таъминотни янги форматда, кўпроқ ҳажмда (мустақил иш олиб боради) яратиш, талабаларга мунтазам равишда узлуксиз консультациялар бериб бориш, назорат ишлари, лойиҳалар, баҳолашлар, аттестация комиссияси ишини ташкил этишда юқори даражада малака ва сафарбарлик талаб этилади.

Шу билан бирга, масофавий таълимни талаб даражасида ташкил қилиш учун етарли муьтимедиа дастурларини яратиш, ахборот-ресурс базаларини янгилаш ва зарур электрон ўқув ресурслари (фан бўйича (жумладан, янги киритилган фанлар бўйича) тақдимот ва маъруза материалларидан фойдаланган ҳолда электрон ўқув дастурлари ва видео машғулотлар тайёрлаш, янгилаб бориш, мустақил ва амалий топшириқларни бажариш бўйича услубий кўрсатмаларнинг электрон шаклини ва виртуал лабораторияларни тайёрлаш) билан тўлдириш бўйича катта ҳажмдаги ишларни амалга ошириш талаб этилади.

Мен ҳам шундай фикрларни эшитдим, лекин бу гаплар бирор асосга эга эмас», – деди Орифжон Зарифов.

— ОТМ профессор-ўқитувчиларини ишга олиш тизимини қайта кўриб чиқиш борасида қандайдир янги режалар борми? Чунки айнан шу тизимнинг шаффоф эмаслиги ва низомда белгиланганидек, кўпчиликни хабардор қилиш тизими тўғри ишламаслиги борасида кўп танқидлар билдирилиб келинади.

— ОТМга профессор-ўқитувчиларни ишга олиш ўрнатилган тартибда бўш (вакант) ўринлар учун оммавий ахборот воситаларида эълон берилиши ва танлов асосида муносиб номзодни ишга қабул қилиш белгиланган. Бугунги карантин шароитида бўш (вакант) ўринларга эълон қилинган танловларни масофавий тарзда ўтказиш бўйича амалий ишлар қилинмоқда.

Менимча, профессор-ўқитувчилар фаолиятини ўқув йили якуни бўйича баҳолаш орқали янги ўқув йилида фаолият олиб бориш ёки бормаслиги, шунингдек, ажратиладиган устамасини аниқ белгилашда ОТМлар Кенгашлари ролини ошириш керак.

Янги ўқув йилидан жорий этиладиган кредит-модуль тизимида талабалар 1 соат аудитория вақти учун 1,5 соат уйда ва кутубхонада ўқиши зарур. Лекин бу жараён кўп жиҳатдан ўқитувчининг масъулиятига ҳам боғлиқ. Чунки талабалар ўз вақтларидан самарали фойдаланишлари учун уларга дарсдан ташқарида ўқиш учун қизиқарли материаллар ва топшириқлар бериб бориш ўқитувчининг вазифаси ҳисобланади.

— Бу йилдан бошлаб ОТМга ўқишга кириш учун ҳужжат топширишда бешта йўналишни танлаш имконияти берилди. Ўйлашимча, бу тизимнинг Ўзбекистондаги кадрлар сифатига салбий таъсир қиладиган айрим жиҳатлари ҳам бор. Масалан, асосий йўналишни танлаган абитуриент ўқишга киролмади ва у шунчаки ўқишга кириш учун бошқа бир йўналишда ўқийверади.

Ҳаммасида ҳам эмас, лекин фанлар мажмуаси тўғри келадиган шундай йўналишлар бор-ку. Масалан, ТошМИга киролмаган абутуриент умуман бошқа йўналиш – қишлоқ хўжалиги бўйича ўқишга киради. Чунки у ерда кириш бали пастроқ. Тушуняпсизми, мен умуман бошқа соҳага тайёрланган, қизиққан абитуриентнинг ўзига бегона йўналишга кириб қолиши ва бу соҳага кейинчалик хизмат қила олиши ҳақида гапиряпман.

Айтинг-чи, янги тизимга ўқитаётганда бу жиҳатлар қанчалик таҳлил қилинган, деб ўйлайсиз?

— Бу йилдан бошлаб ўқишга ҳужжат топширишда абитуриентга асосий танланган йўналишидан ташқари яна қўшимча 4та йўналишга ҳужжат топшириш имконияти берилмоқда. Бунда абитуриентлар тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси ҳамда фанлар кетма-кетлиги бир хил бўлган таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этади.

2020/21 ўқув йилида ОТМларга ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларида келтирилган барча таълим йўналишлари – бу Ўзбекистондаги барча соҳалари учун зарур бўлган кадрлар эҳтиёжидан келиб чиқиб белгиланган. Шунинг учун ҳар бир таълим йўналиши республика иқтисодиёти учун муҳим ҳисобланиб, «у яхши йўналиш», «бу пастроқ йўналиш» деб қараб бўлмайди.

Тошкент давлат техника университети бўйича 2020/21 ўқув йили учун 44та бакалавриат таълим йўналишлари қабул квоталари ажратилган бўлиб, аксарият таълим йўналишлари бир-бирига яқин техник соҳа ҳисобланиб, саволда қўйилган муаммони келтириб чиқармайди.

— ОТМларда талабалар учун танлов фанлари ўтилиши белгиланган. Аммо жорий йилги танлов фанлар сафида гуманитар фанлар сонининг жуда камлигини кўрмоқдамиз. Нега олий таълимда гуманитар фанлар сони бунчалик қисқартириб ташланяпти? Умуман, танлов фанини талабанинг ўзи танлаши керак-ку.

— 2020/21 ўқув йилининг ўзида республикадаги 35дан ортиқ йирик ОТМлар кредит-модуль тизимига ўтиши кутилмоқда.

Тошкент давлат техника университети мисолида айтадиган бўлсам, хориж тажрибасини ҳисобга олган ҳолда 2020/21 ўқув йилида университетда кредить-модуль тизимида танлов фанлари кўпроқ умумкасбий ва ихтисослик фанларига ажратилди.

Университетнинг кадрлар тайёрлаш сиёсатидан келиб чиқадиган бўлсак, бизда кадрлар тайёрлашда асосий эътибор битирувчиларда муҳандис-техник соҳада амалий кўникмаларни шакллантиришга қаратилиб, гуманитар фанлар блокида танлов фани ажратилмаган.

Жумладан, ўқув режанинг умумкасбий фанлар блокида жами 2910 соатдан 690 соати (24%) танлов фанларига, ихтисослик фанлар блокига эса 1680 соатдан 750 соати (44,6%) танлов фанларига ажратилди. Бу эса талабаларнинг ўқув жараёнида фанларни ўзи танлаб ўқишига ҳамда ўз соҳаси бўйича етук мутахассис сифатида шаклланишига олиб келади.


Report Page