"Бушуев" зотли қорамолларни кўпайтириш истиқболлари

"Бушуев" зотли қорамолларни кўпайтириш истиқболлари


  Фермер хўжаликлари ва аҳоли хонадонларида “Бушуев” зотли қорамолларни кўпайтириш истиқболлари.


           Ҳукуматимиз томонидан аҳолини озиқ-овқат, жумладан чорвачилик маҳсулотлари билан тўла таъминланиши учун ҳар йили соҳавий дастурлар қабул қилинмоқда ҳамда маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга кўпгина имтиёзлар яратиб берилмоқда. Чорвачиликни ривожлантириш чорва молларининг насл-насаби ҳам катта аҳамиятга эга. Наслли моллар зотсиз молларга нисбатан юқори сут ва гўшт маҳсулдорлиги, серпуштлиги ва тез етилувчанлиги билан ажратилиб туради.

           Ҳозирда вилоятимизнинг айрим туманларида чорвачилик хўжаликлари ва аҳоли хонадонларида мамлакатимизда яратилган сут-гўшт йўналишидаги маҳаллий зот - “Бушуев” зотли қорамоллар парваришланиб келинмоқда.

“Бушуев” зотли қорамоллар сут-гўшт йўналишида бўлиб, зотни яратиш ишларига 1905-1906 йилларда агроном, олим Михаил Михайилович Бушуев        (1876-1936) томонидан Мирзачўл шароитида, янада аниқроқ Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида асос солинган. Бу зотни яратишда маҳаллий зебусимон қорамоллардан, голланд, швиц, симментал зотли буқалардан фойдаланилган. Зот мураккаб чатиштириш усулида олинган дурагайларни “ўз ичида” урчитиш усулида яратилган ва 1967 йил 08 май кунида “Бушуев” зотли қорамол зот сифатида тасдиқланган ҳамда Ўзбекистонда яратилган ягона қорамол зоти ҳисобланади.

 Генетик нуқтаи-назардан “Бушуев” зотини халқимизнинг қимматли генетик мулки деб ҳисобласа бўлади. Мазкур зотга мансуб молларнинг танаси оқ, қулоқлар сурпаси ва кўзининг атрофи қора рангда бўлади. Жунлари оқ ранда бўлсада терининг баъзи жойларида қора тусдаги доғлар мавжуд. Конституцияси мустаҳкам, бўйи ўртача баландликда, танаси чўзиқроқ, кўкраги чуқур, лекин энсиз, елка ва бели тўғри бўлади.

    Бу зот қорамоллари муҳим биологик ва хўжалик фойдали белгиларига эга. Улар қуруқ иссиқ иқлим шароитларига яхши мослашган, қон паразитар касалликларига чидамли, сигирлари сут таркибида ёғ даражаси юқори (4 % ва ундан юқори), молларда маҳаллий озуқаларни яхши истеъмол қилиб, маҳсулотга айлантириш қобилияти яхши, буқачалари яхши гўшт маҳсулдорлигига эга. Қисқача айтганда бизнинг мамлакатимизга айнан мос зотдир.

    Сигирларнинг ўртача вазни 380-450 килограмм айримлари                                     600 килограммгача, буқаларнинг вазни боқилганда 750-800 килогарамм, йириклари 1000 килограммгача етади. Ушбу зотнинг гўштга боқилган новвосларининг кунлик ўсиши 750-800 грамм, бўрдоқига боқилган новвослар 18 ойлигида                                   420-450 килограммга етади. 

 “Бушуев” зотли қорамоллар асосан вилоятимизда кенг тарқалган бўлиб, қорамолларнинг насл негизи Сирдарё туманида 3 та, Сайхунобод туманида 2 та, Гулистон туманида 1 та ва Мирзаобод туманида 1 та мазкур зотни кўпайтиришга ихтисослашган жами 7 та наслчилик хўжаликларида жамланган. Бугунги кунда жами 7 та насилчилик хўжаликларида 1053 бош “Бушуев” зотли қорамоллар парваришлаб келинмоқда. Вилоятимиздаги наслчилик хўжаликларида сигирларнинг йиллик ўртача сут соғими 2800-3200 килограммни, сутнинг ёғлилиги                            4,1–4,9 фоизни, оқсил миқдори 3,2–3,4 фоизни, айрим сигирларнинг сут маҳсулдорлиги йилига 5000 килограммни ташкил қилмоқда.

  Ушбу зотга мансуб қорамолларни вилоятимиздаги чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида ҳамда аҳоли хонадонларида кўпайтиришнинг бир қатор ўзига хос афзалликлари мавжуд. Жумладан, ушбу зотга мансуб моллар вилоятимизга хос бўлган кескин континентал иқлимнинг иссиғи ва совуғига, қон–паразитар, лейкоз ва бошқа юқумли касалликларга чидамли, танаси бақувват, мустаҳкам туёқларга эга. Ушбу қорамоллар ноқулай шарт-шароитларга тез мослашувчанлиги, чидамлилиги ва кам талабчанлиги, серсутлиги, сигирлар сутидаги ёғ ва оқсил миқдорининг кўплиги, тез етилувчанлиги ва гўшт маҳсулдорлик юқорилилиги каби ҳусусиятлари билан бошқа зотлардан ажралиб туради.

Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган “Наслчилик тўғрисида”ги Қонунида муайян жойга ҳос ва йўқ бўлиб бораётган зотлар генофондини сақлаб қолиш чорвадорларнинг устувор вазифаларидан бир этиб белгиланган. Ҳозирда бош сони камайиб бораётган “Бушуев” зотли қорамолларни чорва фермалари ва аҳолини хонадонларида кўпайтириш сут ва гўшт маҳсулотларига ўсиб бораётган талабни қондириш ҳамда барча тоифадаги хўжаликлардаги чорва молларнинг зотини яхшиланишида муҳим аҳамият касб этади.

Бунинг учун ихтисослашган хўжаликлардан “Бушуев” зотли қорамолларни сотиб олиш ҳамда барча ҳудудлардаги зооветеринария хизмат кўрсатиш шаҳобчалари томонидан ташкил этилган қорамолларни сунъий уруғлантириш хизматидан фойдаланиш мумкин. Шаҳобчалардаги юқори малакали мутаҳассислар томонидан фермерлар ва аҳолига қарашли жайдари ёки зотисиз сигир, ғуножинларни “Бушуев” зотли буқаларнинг музлатиб сақланадиган уруғлари билан уруғлантириш эвазига улардан биринчи бўғинда зотнинг 25 фоиз, иккинчи бўғинда 50 фоиз ҳусусиятлари жамланган авлод олинади. Бу ўз навбатида ҳар авлодда сут ва гўшт маҳсулдорлиги онасига нисбатан анча юқори бўлган бузоқлар олишига эришилади демакдир.

 Фермер хўжаликлари ва аҳоли хонадонларида сут ҳамда гўшт маҳсулдорлигини ошириш, маҳсулот ҳажмини кўпайтириш мақсадида наслли қорамоллар жумладан, “Бушуев” зотли қорамолларни мутаҳассислар кўмагида кўпайтириш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги         Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси

Сирдарё вилоят бошқармасининг Чорвачилик-насилчилик

ишини назорат қилиш бўлими бош инспектори

                                                                                                    Д.Тошматов

Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот

тармоғи бош инспектори                                                      Ғ.Усмонов


Report Page