Иноятов

Иноятов

ххх

Tafsilot.uz» сайтида «Рустам Иноятов қаерда» номли мақола эълон қилинди. Унда собиқ МХХ раҳбари ҳақида баъзи мулоҳазалар келтирилган. Қуйида уни тўлиғича эътиборингизга ҳавол қиламиз.


Шу йилнинг 31 январида Ўзбекистоннинг энг қудратли, таъбир жоиз бўлса, республиканинг кўринмас бошқарувчилигидан кетган генерал-полковник Рустам Иноятов тақдири кўпчилик учун қизиқарли. Хўш, у аслида ким эди? Унинг истиқболи қандай бўлиши мумкин?

Ҳаётда кимдир ўзи учун ишлайди, кимдир тизим учун ишлайди, яна кимдир тизимни ўзи учун ишлатади. Ташқи разведка офицери, мутахассислиги шарқшунос бўлган Рустам Иноятов 1995 йилда 51 ёшида Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати раиси бўлганида мамлакатдаги вазият бутунлай бошқача эди. Қўшни Тожикистон ва Афғонистонда уруш борар, бошқа ҳамсоялар ичида иқтисодий-ижтимоий аҳвол таранг бўлиб, Ўзбекистон ичида радикализм кайфияти ўсиб бораётган эди.

Бу муаммоларни ечишда Ислом Каримов билан ёнма-ён юргани ҳолда Рустам Иноятов етакчининг ишончига тўлиқ кириб борди. 1999 йилдаги портлашлардан кейин позицияси муттасил кучаяверди.

Ички ишлар вазири, мамлакатда ўша вақтдаги «иккинчи одам» деб қаралган генерал Зокир Алматовни «Андижон 2005 йилда» шахмат тахтасидаги ўйиндан чиқариб юборилиши Рустам Иноятовга Ўзбекистон элитасида мислсиз имкониятлар эшигини очди ва у «шеф» тахаллусини олди. Шундан сўнг 11 йил давомида ўзбек сиёсатида «соядаги бошқарувчи»га айланди. У иқтисодиёт, ижтимоий-сиёсий ҳаёт, хуллас, давлат ва жамиятнинг барча тармоқларини ўзига тўла бўйсундирди.

Президент девони, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, Миллий хавфсизлик кенгаши, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Давлат божхона қўмитаси, Молия вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Марказий банк, Солиқ қўмитаси, Нефт-газ миллий холдинг компанияси, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси, «Ўзбекистон темирйўллари» компанияси, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, олтин ишлаб чиқарувчи гигантлардан тортиб вилоят ҳокимликлари, қўйингки барча кўзга кўринган-кўринмаган ташкилотларгача унинг измида эди.

Президентнинг хавфсизлик хизмати орқали (бу мустақил ташкилот раҳбари МХХ раисининг биринчи ўринбосари саналар, гарчи қоғозларда бевосита Президентга бўйсунади дейилса-да, амалда айнан Рустам Иноятовнинг қарамоғида эди) Президент девонидаги оддий ходимдан давлат маслаҳатчиларигача унинг назоратида эди.

Рустам Иноятов Президентнинг ишлар бошқарувчиси, ёзилмаган қоидага кўра девон раҳбари Зелимхон Ҳайдаров билан зимдан адоватда бўлиб келгани айтилади. Аммо Зелимхон Ҳайдаров Ислом Каримовнинг саройдаги энг яқин ва узоқ йиллик маслакдош мулозими бўлгани боис Президентнинг юзидан ўтиб, унга таъсир қила олмаган. Аммо охирги йилларда бир неча ўринбосарларини яқинда Божхона қўмитасидан ишдан кетган, лекин ўша пайтда Президентнинг хавфсизлик хизмати раҳбари бўлган Муиджон Тоҳирий орқали қамашга уринган эди.

Фақат Вазирлар Маҳкамасини бош вазир Шавкат Мирзиёев мустақил идора қилишга уринар, бироқ хавфсизликнинг қудрати олдида у ҳам тийилишга, Рустам Иноятов билан муносабатларни бузмасликка мажбур эди. Президент яқинда Олий Мажлисга мурожаати чоғида «бу бош не-не мураккабликларга, синовларга гувоҳ бўлмади, вақти келса уларнинг ҳаммасини бирма-бир айтиб бераман» деганида айрим экспертлар айнан Рустам Иноятов билан бўлган зиддиятли вазиятни назарда тутганини тахмин қилишади.

Шу тариқа Президент девонидан тортиб, энг қуйидаги туман ҳокимигача хавфсизлик идорасига сўзсиз бўйсунар, унинг олдида ҳисобдор эди.

Рустам Иноятов даврида Миллий хавфсизлик хизматининг айрим оёғи ердан узилган валломатлари ҳатто гапини икки қилгани учун, машинасини қувиб ўтгани ёки қўнғироғига жавоб қайтармагани каби арзимас сабаблар туфайли ҳам ҳар қандай амалдорнинг белини синдириши билан танилганди.

Ҳар қандай «муҳим ахборот» фақат Рустам Иноятов виза қўйгачгина Ислом Каримовга киритилар, бу маълумот эса исталган одамнинг бошини еб кетиши мумкин эди. Шундай ҳам бўлди. Мамлакатнинг муттаҳам бўлмаган бирорта вилоят ҳокими қолмади. Шавкат Мирзиеёвнинг ҳукумат раҳбари сифатида уларнинг ёнини олиб қилган айрим ҳаракатлари эса МХХ раҳбари томонидан кучли босимга учради. Ўзбекистондаги барча катта-кичик даражадаги раҳбарлар устидан салбий маълумотлар базаси изчил шакллантириб борилди.

Рустам Иноятов унинг мавжудлиги Ислом Каримов ҳокимиятни сақлаб қолишининг ягона ишончли кафолати эканлигини раҳнамонинг қулоғига қуйиб келди ва бунга ишонтира олди. Шу сабабли Бош прокурор Рашид Қодиров бошчилигида Президентнинг катта қизи Гулнора Каримовага қарши барча далилларни тўплаб, тақдим этганида Ислом Каримов жигарбандининг ёнини олиши учун ҳеч қандай имконият қолмаган эди.

Ваҳоланки, хавфсизлик хизматининг энг биринчи вазифаси давлат бошлиғига ва унинг оиласига қарши «компромат» йиғиш эмас, аксинча, бунга йўл қўймаслик чораларини кўриш эканлигини билишмасмиди?! Катта қизига суд ҳукмини раво кўрган Ислом Каримовнинг ич-ичидан Рустам Иноятовдан ҳафсаласи пир бўлгани, аниқроғи, ранжигани аниқ эди. Гап бу ўринда қизнинг хулқи, унинг жиноят содир этгани ёки этмагани ҳақида эмас, балки бир жамоада бўла туриб Президентнинг фарзандига қарши йиллар давомида материаллар йиғиб борилганида бўлди.

Ислом Каримов бундай нохуш воқеалардан кейин садоқатли шогирди Шавкат Мирзиёевни доимий равишда Оқсаройга чақириб, соатлаб музокаралар ўтказиб боргани, унинг ўй-фикрлари билан қизиққани энди сир эмас. Шундан кейин бош прокурор Рашид Қодиров жаноблари ўрнини тезлик билан Шавкат Мирзиеёвга хайрихоҳ Ихтиёр Абдуллаев эгаллади.

Рустам Иноятовнинг саъй-ҳаракатлари билан охирги йилларда хавфсизлик тузилмаси штати ва ваколатлари шу қадар кенгайиб ва бошқарилмайдиган идорага айланиб қолдики, ҳатто раиснинг ўринбосарлари бир-бири билан ёвлашди, тузилма ич-ичидан гуруҳларга бўлиниб кетди. Разведка, контрразведка, терроризм билан курашиш бош вазифаси бўлган обрўли ташкилотнинг нуфузи пасайиб борди.

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, дастлабки йилда арқонни жуда узун ташлаб қўйди. Позициясини мустаҳкамлаб олгунига қадар ўта вазминлик билан хавфсизлик хизмати раҳбари ва идора ҳақида лол-лим демади. Вақти келганда бир ҳамла билан барчасига якун ясади. «Иноятовнинг олтин даври» тугади, бунга шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Эндиликда эса тузилмада рўй бераётган ислоҳотлардан ва янги раҳбариятга қўйилган вазифалардан барчанинг хабари бор.

Президент Шавкат Мирзиеёв Рустам Иноятовни мансабидан олиб, давлат маслаҳатчисидек мўътабар лавозимни бериши ва Сенатнинг аъзоси сифатида дахлсизлик ҳуқуқини тақдим этиши вақтинчалик тусга эга бўлиши ҳам мумкин. Аввало етакчининг жамоаси ғайратли ва шижоатли ёшлар билан тўлган. Улар орасида Рустам Иноятовга узоқ муддатга жой топилармикан? Боз устига, Президентнинг кўплаб қарор ва фармонлари ижроси ўзи мутасадди бўлган Рустам Иноятовга топширилмай, унинг ўринбосарларига юклатилаётганида ҳам қандайдир рамзий маъно бордай туюлади.  

Амалдаги раҳбар 13 йиллик бош вазирлиги давомида Ислом Каримов атрофида юриб, унга ҳақиқий садоқат камарини боғлаган киму, ким унинг ишончидан ўзининг ҳокимиятини мустаҳкамлаш ва фойда топиш учун фойдаланганини тўққиз пулдай яхши билади.

Ҳозир Рустам Иноятов амалда ҳар томондан «шатакка» олинган ва «ортиқча» ҳаракат қилиши қандай оқибатларга олиб келишини яхши тушунади. Бош прокуратура энг яқин шогирди Рашид Қодировни, Тошкент шаҳри прокурорининг собиқ ўринбосари Мираълам Мирзаевни, МХХнинг бир неча юқори мартабали собиқ мулозимларини тергов қилмоқда. Улар сафи дастлабки кўрсатмалардан кейин кенгайиб бормоқда.

Рустам Иноятов давлат маслаҳатчиси сифатида аллақачон Шавкат Мирзиёевга шахсан бўйсундирилган Президентнинг хавфсизлик хизматининг, шу билан бирга азалий сиёсий рақиби, девоннинг ишлар бошқарувчиси Зелимхон Ҳайдаровнинг қатъий назоратида бўлиб турибди.

«Аппарат»дан ташқарида эса ички ишлар вазирлиги, давлат хавфсизлик хизмати, миллий гвардия, чегараларда божхона хизмати ва чегара қўшинлари кучлари умумий «контроли»да қолади. Барча қўшни давлатлар ва қудратли мамлакатлар билан Шавкат Мирзиёевнинг муносабатлари яхши эканлиги ва уларнинг бу алоқаларни ёмонлаштирмасликка ҳаракат қилиши ҳисобга олинса, ҳеч бир давлат унга бошпана беришга ҳам рози бўлмайди. Шу сабабли четга чиқиб кетиш варианти нолга тенг.

Рустам Иноятовни жамоатчилик сўнгги бор Олий Мажлис Сенатининг ялпи йиғилишида кўрган. Ҳозир Президентнинг сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича давлат маслаҳатчиси саналган Рустам Иноятовнинг ишга чиқаётганини эса ҳеч ким тасдиқламаяпти. Боз устига бу хизмат кутилмаганда ислоҳ қилиниб, бутунлай янги ном олмоқда ва фаолияти ҳам ўзгармоқда. Ҳозир ушбу вазифани ҳам норасмий тарзда Президентнинг ҳуқуқ бўйича энг яқин одами, Бош прокурор Отабек Муродов бажариб келаётгани тахмин қилинаяпти. Шу маънода дахлсизлик ҳуқуқи умрбод кафолатмаган.

Нима бўлганда ҳам охирги сўзни Шавкат Мирзиёевнинг ўзи айтади. Конституциявий ваколатларидан фойдаланиб, Рустам Иноятовни кечириши ёки кечирмаслиги мумкин. Аммо давлат раҳбарининг халқпарварлиги ва адолат учун шахти-шиддатидан келиб чиқилса, у халқнинг манфаатларини алоҳида шахсларнинг манфаатидан устун қўйиши аниқ.

Ҳозир МХХнинг «шонли хизматлари» туфайли қамалган қанча-қанча бегуноҳ одамларни озод қилиш жараёни кетаётгани эса қачондир бу ишлар тепасида турган «кимдир» жавоб беришидан дарак беради.

Аммо давлат раҳбарининг кечиримлилик ва бағрикенглик фазилатлари инобатга олинса, барча гап-сўзларни бир четга суриб, ёши улуғлиги ва саломатлиги туфайли, узоқ йиллар биргаликда ишлагани туфайли Рустам Иноятовни пенсияга юбориши, Сенат аъзоси сифатида дахлсизлик ҳуқуқини қолдириши ҳам мумкин. Чунки ҳозиргача Шавкат Мирзиеёв узоқ йил бирга фаолият кўрсатган бирорта раҳбарнинг бурнини қонатганига гувоҳ бўлмадик.

Лекин етакчининг бошқа қирралари ҳам халққа жуда манзур. У мамлакатдаги энг қудратли шахсга айланган ва мислсиз таъсирли Рустам Иноятовни лавозимидан четлатиш орқали Ўзбекистонда ягона, халқ сайлаган бошлиқ ким эканлигини рўй-рост исботлаб берди.

Қудрат марказини МХХдек ҳарбий тузилмадан олиб, фуқаролик ташкилотлари бўлган Президент девонига ва қисман Вазирлар Маҳкамасига кўчирди.

Қўшҳокимиятга асосланган давлат идора шаклини инкор қилиб, бошқарув тизимлари ўртасидаги манфаатлар мувозанатини таъминлашга қодирлигини намоён қилди.

Демократик ва очиқ жамият қуришга қарши кучлар билан ўта муросасизлигини, энг асосийси, амалдорларнинг ҳаддидан ошиб кетиши оқибатлари қандай бўлишини кўрсатиб берди.

Бу орқали президентликнинг иккинчи йилида аҳоли орасида рейтингини кескин ошириб, халқаро жамоатчиликни лол қолдиришда давом этмоқда.

Саид Ибрагимов


Report Page