info

info


Фото: ЎзА

Мирзачўлнинг жизиллаган саратонию, қишининг қахратон чилласини, Бекободнинг изиллаган шамолию яна минг-минг машаққатларни енгиб, бийдек чўлда Гулистонни барпо этган матонатли халқ – айнан сирдарёликлар эканлигини “Ўзбекистонликман!” деганнинг бари жуда яхши билади, деб ўйлайман.

Куни кеча сув тошқини бўлган ҳудудда ҳам ўша матонатли чўлқуварларнинг авлодлари, яъни набираю, чеваралари яшайди. Улар рўй берган бу сув тошқинида ҳам ўша мард ва матонатли инсонларнинг ворислари эканликларини исботлаб, жасорат намуналарини яна бир бор намоён этдилар. Ҳамма бир тану бир жон бўлиб, биргалашиб, белгиланган тартибларга ўз вақтида ва қатьий риоя қилган ҳолда ҳаракат қилганликлари самарасида тез фурсатда барча аҳоли хавфли ҳудудлардан олиб чиқилди.

“Сардоба” сув омборида тошқин бўлибди” деган хабар тарқагандан кўп ўтмай, Давлатимиз раҳбари воқеа жойига етиб келди ва шу заҳоти, шу ернинг – офат рўй берган ҳудудни шахсан бориб кўрдилар. Ўша ернинг ўзида, барча мутасадди раҳбарларнинг зиммасига зарур, аниқ топшириқ ва вазифаларни юкладилар.

Нуронийлар, маҳалла раислари билан Президентимиз шахсан учрашиб, улар билан дилдан гаплашдилар. Бу суҳбатдагиларни ҳам, уни тўғридан-тўғри телевидениеда томоша қилган қолган нафақат сардобалик, балки барча Сирдарё вилояти аҳлининг кайфияти, руҳияти осмон қадар кўтарилди. Эл бошига иш тушган шундай оғир дамларда давлат томошабин бўлиб қараб турмаслигига, эртанги кунга бўлган ишончи ўн чандон ортди.

Учрашув чоғида Давлатимиз раҳбари, маҳаллаларнинг масъулияти ҳар қачонгидан юқори бўлиши кераклигини, ҳар бир маҳалла раиси ҳамда профилактика инспектори ўз ҳудуди аҳолиси билан бирга бўлиб, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишлари зарурлигини алоҳида таъкидладилар. 

Ҳозирда офат ўчоғидаги ҳар бир маҳалла раиси, профилактика инспектори ва барча ходимлар Президентимизнинг ушбу кўрсатмасини тўла тўкис бажаришмоқда.

Сув тошқини бўлиб ўтган ва тошқин етиб бориши мумкин бўлган Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги 22 та аҳоли пунктидан, жами 60 мингдан ортиқ фуқароларимиз Сирдарё вилоятининг туман ва шаҳарларига ҳамда ён қўшни, жон қўшнимиз бўлган Жиззах вилоятига эвакуация қилинди.

Шу ўринда, эвакуация қилинганлар учун ўз уйларида йўқ шароитларни яратиб қўйганларини кўриб, “Э отангга раҳмат!” деб юбордик. Фуқароларимиз ўртасида меҳр-оқибат туйғулари юксалганини, фуқароларимиз сув тошқинидан талофат кўрганларга Яна бир эътиборли жиҳати шуки, нафақат вилоятимиз ва балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ёрдамлар жўнатилмоқда. Бундан бутун сирдарёликларнинг кўнгли тоғдек кўтарилаётганини алоҳида таъкидлаб, барча сирдарёлик нуронийлар номидан, оғир дамларда бизга инсонпарварлик ёрдами кўрсатаётган, меҳр қўлини чўзаётган, ҳеч кимнинг чорлов ва ёки даъватини кутиб ўтирмай астойдил ҳашарга шошилган қўшни Жиззах, Самарқанд, Тошкент вилоятларига, ўзлари оғир шароитда бўлишига қарамай бизга инсонпарварлик ёрдами жўнатган Бухоро, Қашқадарё ва ҳамиша Фарғона водийсида барча жабҳада етакчи Андижон вилоятлари, Тошкент шаҳри ҳокимликларига чин дилдан, ўзимизни самимий миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Сиздек меҳр-оқибатли ватандошларимиз, элим, халқим, юртим деб жон куйдирувчи Президентимиз бор экан, сирдарёликлар кечаги каби табиий офат билан ҳеч қачон ёлғиз ва юзма-юз қолмайди.

Ўтбосар АБДИЕВ,
Сирдарё вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари

ЎзА

Report Page