info

info

SIRDARYO KORONAVIRUS INFO

Дастлабки савол, (Савол-1): Банкдан автокредит олганман. Банклар кредит таътили бериши тўғрисида эълонлар чиқмоқда. Ушбу таътил менга ҳам тегишлими? Фоизлар тўловлари ҳам кечиктириладими? Агар кечиктирилса, уларни кейин йиғилган фоизлар билан қайтаришим керак бўладими?

Жавоб: Кредит тўловларини кечиктириш бўйича амалга оширилаётган чоралар коронавирус пандемияси натижасида молиявий қийинчиликка учраган ҳам жисмоний шахслар, ҳам тадбиркорлик субъектлари учун кўзланган.

Бир масалага аниқлик киритмоқчиман, тижорат банклари томонидан кредитлар бўйича тўловларни кечиктириш ИККИ КЎРИНИШДА амалга оширилмоқда.

Биринчиси, Президентимизнинг жорий йил 3 апрелдаги ПФ-5678-сонли Фармони асосида, молиявий қийинчиликка дуч келган юридик ва жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг кредитлари бўйича тўловларга 2020 йил 1 октябрга қадар кечиктирилиши ҳамда якуний тўловлар муддатларини берилган имтиёзли даврга мос равишда узайтирилиши белгиланган.

Ушбу Фармон билан берилган имтиёзлар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг қарз юкини кескин ошишига йўл қўймасликка ва натижада уларнинг кредит юкини камайтиришга имкон яратди.

Бундан ташқари, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари пул оқимлари фоиз тўловларини қоплаш учун етмаган тақдирда фоиз тўловларини ҳам кечиктириш бўйича Марказий банк томонидан тижорат банкларига тавсиялар берилди.

Бироқ, бу дегани 6 ойдан яъни 2020 йил 1 октябрдан кейин имтиёзли даврда йиғилган ФОИЗЛАР БИЛАН БИРГА тўланади дегани эмас.

Яъни, имтиёзли даврда ҳисобланган фоиз тўловлари якуний тўловлар муддатларини узайтирилганини ҳисобга олган ҳолда, тўлов жадвалининг қолган даврига тенг равишда тақсимланади.

Иккинчи шакл, хабарингиз бор, деярли аксарият республикадаги (24 та) тижорат банклари шу жумлдан вилоятимиздаги 10 та тижорат банклари филиалларида ўз ташаббусига кўра жисмоний шахслар кредитлари бўйича тўлов муддатларини бир томонлама кейинги 2-3 ой муддатга автоматик тарзда КЕЧИКТИРИШ яъни, кредит таътили бериш ҳақида маълум қилди.

Бу нима учун қилинди? Карантин режимига тўлиқ риоя қилиш мақсадида мавжуд республика бўйича 2,4 млн. (вилоятимизда 84 минг та) қарздор-жисмоний шахслардан аризаларни қабул қилиб олишга ҳамда улар банкка ташриф буюришига жисмонан имконият бўлмагани сабабли жисмоний шахсларнинг кредитлари бўйича тўловлар 2-3 ойга автоматик тарзда кечиктирилиб берилди.

Албатта, “ушбу берилган 2-3 ойлик имтиёзли давр якуни бўйича ҳам қарздор-жисмоний шахснинг молиявий ҳолати ва пул оқимлари тикланмаса, унда нима қилиш керак?" деган табий савол туғилиши мумкин.

Шу ўринда, бир масалага аҳамият бериш муҳим — бу дегани қарздор-жисмоний шахслар 6 ойлик имтиёзга мурожаат қила олмайди дегани ЭМАС.

Яъни, ушбу берилган 2-3 ойлик имтиёзли давр якунланганидан сўнг қарздор-жисмоний шахснинг молиявий ҳолати ва пул оқимлари тикланмаган тақдирда, тижорат банклари ўз ички сиёсати, молиявий имкониятларидан келиб чиқиб кредитлар бўйича тўловларни яна қўшимча даврга яъни, 2020 йил 1 октябрга қадар КЕЧИКТИРИШ масаласини кўриб чиқишлари ҳам мумкин.

Юқорида қайд этилганидек, бу дегани 2-3 ойдан кейин автоматик равишда кредит таътили берган давр якунланганидан сўнг имтиёзли даврда йиғилган фоизлар билан бирга тўланади дегани эмас. Ушбу фоиз тўловлари пропорционал равишда тўлов жадвалининг қолган даврига тақсимланади.

Кредит бўйича тўлов муддатлари кечиктирилган даврда ҳам кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ҳисобланиши давом этади ва ушбу фоизлар кечиктирилган муддат тугаганидан сўнг ТЎЛАНИШИ ЛОЗИМ.

Шунинг учун, келгусида қарз миқдорининг ошиб кетишини олдини олиш мақсадида жорий давр учун кредит бўйича тўловни амалга оширишга молиявий имконияти бўлган қарздорлар ўз кредитларини кредит шартномаларида белгиланган муддатларда сўндиришни давом эттиришлари мумкин.

Навбатдаги Савол-2: Карантин режими туфайли ишхонам ёпилган. Мен белгиланмаган даврга вақтинчалик уйдаман ва менинг банкда кредитим бўйича қарздорлигим бор. Ҳозирда банклар томонидан имтиёзлар берилаётгани ҳақида маълумотлар ёритилмоқда. Қандай имтиёзлардан мен фойдаланишим мумкин?

Шунга ўхшаш яна бир савол, Коронавирус туфайли корхонамиз фаолияти вақтинча тўхтатилган. Банкдан кредитимиз бор, лекин бугунги кунда умуман тушумимиз йўқ. Бу ҳолатда банкка кредит бўйича тўловларни (асосий қарз ва фоиз тўловлари) кечиктириш юзасидан мурожаат қилсак қандай имтиёзлар берилади?

Жавоб: 2020 йилнинг 1 октябрига қадар барча кредит ташкилотларига:

Молиявий қийинчиликларга учраган аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кредитлари бўйича асосий қарз тўловларини ҳамда пул оқимлари фоиз тўловларини қоплаш учун етмаган тақдирда фоиз тўловларини кечиктириш;

Муддати ўтган қарздорликларни кечиктирилишида жарима санкцияларини қўлламаслик ҳамда ундирувни кредит таъминотига қаратмаслик тавсиялари берилди.

ҲУРМАТЛИ БАНК МИЖОЗЛАРИ!

Кредитларингиз бўйича тўловлар муддатларини узайтирмоқчи бўлсангиз, бунинг учун банкка ташриф буюриш ҳожати йўқ.

Ҳозирда тижорат банклари томонидан мурожаатларни масофавий қабул қилиш тизимлари яратилган бўлиб, ушбу хизматлар тўғрисидаги маълумотлар тижорат банкларининг расмий веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ёритилмоқда.

Яъни, Сиз мурожаатни масофавий (онлайн) топширсангиз, банклар ўрнатилган тарибда кўриб чиқиб, кредитингиз бўйича тўловлар муддатларини узайтириб беради.

Деярли аксарият йирик тижорат банклари жисмоний шахслар кредитлари бўйича тўлов муддатларини кейинги 2-3 ой муддатга автоматик тарзда кечиктириш (кредит таътили бериш) ҳақида маълум қилди.

Карантин даври тугагач, ушбу берилган имтиёзлар ҳар бир мижоз — жисмоний шахс бўйича индивидуал равишда кўриб чиқилади ва кейинчалик мижозларнинг молиявий ҳолати ва пул оқимларидан келиб чиқиб, ушбу тақдим этилган имтиёз даврини узайтириш ёки тўхтатиш масалалари кўриб чиқилади.

Савол-3: Карантин пайтида кредит олиш мумкинми? Қайси турларини олиш мумкин? Ажратилган кредитлар берилиши муддати чўзилиши мумкинми?

Жавоб: Кредит бериш амалиётлари тўхтатилгани йўқ. Банклар томонидан барча турдаги кредитлар ажратиб келинмоқда. Банклар ўз зиммасига олган мажбуриятлари бажарилади.

Бироқ вазиятдан келиб чиқиб, банкларнинг мавжуд кредитлар муддатини узайтириб, қарз юкларини камайтиришга қаратилганини ҳисобга олишингизни сўраймиз.

Маълумот учун, вилоятимиз бўйича тадбиркорларнинг 1000 дан ортиқ, жисмоний шахсларнинг 40 мингдан ортиқ кредитлари муддатлари узайтирилиб берилди.

Савол-4: Мен тадбиркорман. Бугунги карантин даврида импорт шартномаси бўйича тўловларни банкка бормасдан амалга оширса бўладими? Одатда банклар ташқи савдо операциялар бўйича тўлов ҳужжати асл нусхасини сурайди. Ҳозирги ҳолатда нима килишимиз керак?

Жавоб: Импорт шартномалари бўйича тўловларни интернет-банкинг тизими орқали, яъни банк клиентга уланган ҳолда масофадан туриб ўз ҳисобварақингиздан ташқи савдо операциялари бўйича тўловларни амалга оширишингиз мумкин.

Ҳозирда бу хизмат аксарият тижорат банкларида жорий қилинган.

Савол-5: Банк омонатига нақд пулда маблағ жойлаштирилган. Карантин даврида омонат муддати тугаса ёки унинг фоиз тўловларини олиш фурсати етса, мижоз банкка бормаслиги учун нима қилиши керак?

Жавоб: Жорий йил 9 апрел куни бўлиб ўтган видеоселекторда Президентимиз карантин вақтида уйда ўтирган аҳолига қулайлик яратиш мақсадида муддати тугаган омонатларни муддатини узайтиришга эътибор қаратиш зарурлиги тўғрисида топшириқ берган эди.

Мазкур топшириқ ижроси ҳамда карантин шароитида ижтимоий масофаланишни таъминлаш мақсадида тижорат банклари томонидан қайтариш муддати келган аҳоли омонатлари бўйича шартнома муддатини бир томонлама 2-3 ой муддатга узайтириш орқали уларга фоизли даромадлар ҳисоблаб борилмоқда.

Муддати бир томонлама узайтирилган омонатлар бўйича фоизлар дастлабки шартнома шартларида белгиланиши, шунингдек, пул маблағларига эҳтиёж сезган мижоз томонидан мурожаат қилган санада ҳисобланган фоизлар сақланган ҳолда, тўлиқ тўлаб берилиши таъминланади.

Ҳозирга келиб аксарият тижорат банклари муддати тугаган омонатларни муддатини автоматик равишда шартларини ўзгартирмасдан яъни устамаларни сақлаб қолган ҳолда 2-3 ойга узайтиришди. Қолган банкларда ҳам бу йўналишда ишлар олиб борилмоқда.

Ҳар бир тижорат банки муддати узайтирилган омонатлар ҳақида ўзининг расмий веб сайтлари ва ижтимоий тармоқларида ахборотларни жойлаштирган.

Шунингдек, аҳолидан бўш пул маблағларни банк омонатларига жойлаштиришда банкларнинг мобил иловаларидан фаол фойдаланган ҳолда онлайн омонат турларини танлашни тавсия этамиз.

Онлайн омонат турлари омонатчига масофадан туриб ўз маблағларини бевосита бошқариш билан қулай ҳисобланади.

Навбатдаги Савол-6: Пенсионер карантин даврида яшаш манзилида бўлмаса, унга пенсия пули қандай етказилади?

Жавоб: Пенсия тўлови учун қайднома (ведомость)лар пенсия олувчининг яшаш манзили бўйича Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан махсус дастур орқали Халқ банкининг тегишли филиалларига жўнатилади.

Ушбу қайдномаларга асосан пенсия маблағлари мазкур филиалга молиялаштирилади ва филиал ходимлари томонидан уларни олувчиларига шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар асосида қайдномага имзо қўйдирган ҳолда нақд шаклда тўлаб берилади.

Агарда пенсионер вақтинчалик бошқа худудда яшаётган бўлса, маблағлар Пенсия жамғармасига ҚАЙТАРИЛАДИ ҳамда тўланмай қолган ушбу маблағлар кейинги ойда қўшиб тўлаб берилади.

Лекин, пенсионер яшаш жойини ўзгартирган бўлса, биринчи навбатда ушбу ҳудуддаги Пенсия жамғармасининг бўлимига пенсия тўловларини у вақтинча яшаб турган ҳудуд бўйича тўлов қайдномасига манзилларини аниқ кўрсатган ҳолда киритиш ва молиялаштиришни сўраб, мурожаат қилиши мумкин.

Шу ўринда пенсия пулларини нақд шаклда олаётган пенсионерларга Халқ банкининг шахсий пенсия-овердрафт карталарини очиш ва келгусида пенсия маблағларини банк карталарига ўтказиш тавсия этилади. Бу орқали улар бир қатор қулайликларга эга бўладилар:

Биринчидан, пенсионер қаерда бўлишидан қатъи назар пенсия маблағлари ойнинг дастлабки кунларида пенсия-овердрафт картасига тушади;

Иккинчидан, кейинги пенсия тўловигача пули тугаб қолган тақдирда, пенсионер ойлик пенсиясининг 50 фоизигача фоизсиз овердрафт кредити олиши мумкин;

Учинчидан, картадаги маблағларга йиллик 8 фоиз миқдорида даромад ҳисобланиши билан бир қаторда, уларни Халқ банкининг банкоматлари орқали фоизсиз нақдлаштириш имконияти яратилган.

Савол-7: Барча пулларим пластик карточкада. Пулларимни қандай нақд қилсам бўлади?

Жавоб: Транспорт чекловларига қарамай, вилоятимиздаги барча банкоматлар етарли миқдорда нақд пул маблағлари билан таъминланган ва Марказий банк вилоят Бош бошқармаси томонидан мониторинг қилиб борилмоқда. Бугунги кунда 149 та банкоматлар ишлаб турибди ва улардан ўз пулларингизни нақдлаштириб олишингиз мумкин. Ушбу банкоматларнинг 91 таси “Хумо” тизимида, 58 таси “Uzcard” тизимида ишлайди.

Ўз навбатида фуқаролардан банкоматлар орқали нақд пул маблағларини олиш учун оралиқ масофани сақлашни, банкоматларга зарар етказмаган ҳолда фойдаланишини сўраб қоламиз.

Яна шуни ҳам эслатиб ўтиш керакки нақд пул ўзида вирусни сақлаш хусусиятига эгалиги боис нақд пулдан камроқ фойдаланишни тавсия этамиз. Бунинг ўрнига харидларни пластик карталар ёрдамида амалга оширишингизни сўраймиз. Шунда ҳам пластик картангизни тез-тез дизинфекция қилишни унутманг.

Савол-8: Ҳозирги вазиятда нақд пул ушлаш — жуда хафли дейишяпти. Банкоматларда "cash in", яъни картани нақд пул орқали тўлдириш операциясини амалга ошириш функцияси мавжудми?

Жавоб: Банклар томонидан вилоятимизда 149 та банкоматлар жойларга ўрнатилган бўлиб, уладан 24 таси cash in / cash out функцияли банкоматлар ҳисобланади.

Уларнинг 8 донаси — Узкард тизими банкоматлари ва 16 донаси — "HUMO" тизими банкоматлари.

Мазкур банкоматлар орқали мижозлар нақд пул маблағларини банк карталарига кирим қилиш имкониятига эга.

Савол-9: Банк пластик картамни савдо дўконидаги сотувчига берган эдим, аммо сотувчи картамнинг паролини нотўғри териб, блокка тушуриб қўйди. Карантин пайтида блокка тушган карталарни блокдан ечиш бўйича тушунтириш беринг. Банкка паспортим билан боришим шартми?

Жавоб: Авваламбор, Сиз айтаётган "парол" — банк картаси эгасининг шахсий идентификация рақами ҳисобланиб, савдо нуқталари орқали тўловларин амалга ошириш жараёнида ушбу паролни (шахсий идентификация рақам кодини) шахсан киритишингиз тавсия этилади.

Ҳозирда блокланган банк карталарини блокдан чиқариш бўйича тижорат банклари томонидан мурожаатларни масофавий (онлайн) тарзда қабул қилиш имконияти мавжуд.

Бунда тижорат банклари ахборот коммуникация тизимлари орқали келган мурожаат эгаси, яъни мижознинг зарурий реквизитлари масофадан туриб идентификация қилинади. Идентификациядан ўтган мижознинг мурожаати шу заҳоти кўриб чиқилиб, унинг банк картаси блокдан олиниб ташланади.

Ҳурматли юртдошлар шу кунларда банк хизматларига зарурат туғилганда уйингиздан чиқмаган ҳолда электрон банк хизматларидан фойдаланинг ва ўзингизнинг ён атрофингиздагилар соғлиғига бефарқ бўлманг.

Эътиборингиз учун рахмат! Саломат бўлинг, Уйда қолинг!


Report Page