info

info

SIRDARYO KORONAVIRUS INFO

-савол:- 2020 йил 9 апрелдан бошлаб автотранспорт воситалари ҳаракатланишига давлат хизматлари марказлари томонидан махсус рухсатнома бериш тўхтатилгани ростми?

ЖАВОБ: -Ҳақиқатдан ҳам коронавирус инфекциясини кенг тарқалишининг олдини олиш ва эълон қилинган карантин талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг 2020 йил 8 апрелдаги қарорига асосан, 2020 йил 9 апрелдан бошлаб автотранспорт воситалари ҳаракатланишига давлат хизматлари марказлари томонидан махсус рухсатнома бериш тўхтатилди. Бунда автотранспорт воситаларига мазкур санага қадар тақдим этилган рухсатномалар асосида ҳаракатланиш ҳуқуқи сақлаб қолинди. Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларнинг рўйхати қисқартирилди.

Жорий йилнинг 8 апрель кунига қадар мамлакатимиз бўйлаб карантин эълон қилинган бўлса-да, Давлат хизматлари марказлари ўз фаолиятини тўхтатмасдан фуқароларга зарур ва кечиктириб бўлмайдиган хизматларни кўрсатишда давом этди. Пойтахтдаги 11 та ва вилоятларнинг марказий шаҳарларидаги биттадан Давлат хизматлари маркази туну-кун фуқароларга махсус стикерларни тақдим этишди. Гулистон шаҳар Давлат хизматлари марказига Ягона интерактив Давлат хизматлари портали орқали 4122 та аризалар келиб тушди ва уларнинг 3661 таси кўриб чиқилиб, 3536 таси рад этилди, 125 тасига махсус рухсатнома стикерлар расмийлаштирилди.

2-савол: Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлар қайсилар, деб белгиланди?

ЖАВОБ: - Жорий йилнинг 8 апрель куни Ўзбекистонда коронавирус тарқалишига қарши курашиш бўйича республика махсус комиссияси автомобилдан фойдаланишга рухсат талаб қилинмайдиган ҳолатларнинг янги рўйхатини тасдиқлади.

Қуйидагилар Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхатидан чиқарилди:

Президент Администрацияси, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, суд ва прокуратура органлари шахсий автотранспорт воситалари;

Вазирликлар, давлат қўмиталари, агентликлар ва бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг таркибидаги ташкилотларнинг ўринбосарларининг хизмат автотранспорт воситалари;

Йўл-патрул хизмати автомобиллари ёрдамида кузатилаётган автотранспорт воситалари.

Янги киритилди:

Хусусий тиббий-санитария ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат автотранспорт воситалари;

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хизмат ва ходимларнинг шахсий автотранспорт воситалари;

Қатор қўмиталар, агентликлар, АЖ, МЧЖ, ДКларга тегишли хизмат, йўловчи ташувчи (вахта автобуслари) ва махсус транспорт воситалари, ташкилотлар томонидан тегишли ички ишлар органларига тақдим қилинадиган автотранспорт воситаларнинг рўйхати ва ҳаракатланиш йўналиши кўрсатилган талабнома асосида (рўйхатнинг 12-банди);

Қишлоқ хўжалиги техникалари.

Ўзгарди:

Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилотлар хизмат ва ходимларининг шахсий автотранспорт воситалари рўйхатдан чиқарилиб, давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббий-санитария ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат ва ходимларининг шахсий автотранспорт воситалари қолдирилди;

Коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар — газ, электр энергияси, иссиқлик таъминоти, совуқ сув, сув оқава ва чиқинди ташишнинг хизмат автомашиналари ўрнига махсус автотранспорт воситалари;

Хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва халқаро ташкилотлар хизмат автотранспорт воситаларига аниқлик киритилди (рўйхатнинг 16-банди).

Шунингдек, қуйидаги автотранспорт воситаларининг 50 фоизга қисқартирилган рўйхати шакллантирилади ва ички ишлар органларига тақдим қилинади (ушбу автотранспорт воситалари ташкилот томонидан берилган рухсатнома асосида ҳаракатланади):

йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш лицензиясига эга бўлган йўналишсиз таксилар (йўловчиларсиз фақат етказиб бериш хизматини кўрсатиш мақсадида);

Марказий банк ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда тижорат банкларининг хизмат автотранспорт воситалари;

алоқа хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар, «Ўзбекистон почтаси», «Ўзбектелеком» ва унинг ташкилотлари ҳамда «Ўзинфоком» ягона интегратори»нинг хизмат автотранспорт воситалари.

3-савол: - Маълумки, Давлат хизматлари марказлари ҳозирги карантин даврида ҳам мунтазам ишлаб турибди. Шундай экан, Давлат хизматлари марказларида коронавирус касаллигидан ҳимояланиш бўйича қандай хавфсизлик чоралари кўрилган?

ЖАВОБ: - Давлат хизматлари марказлари аҳоли энг кўп ташриф буюрадиган манзил эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу боис ҳам вилоятимиздаги барча Давлат хизматлари марказлари биноларида ҳам коронавирусга қарши кураш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.

Таъкидлаш керакки, Давлат хизматлари марказларида Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази мутахассисларини жалб қилган ҳолда профилактик дезинфекция ишлари амалга оширилиб, ходимлар тиббиёт ниқоблари ва зарур гигиена воситалари билан таъминланган.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали халқимизга агар карантин даврида бирор турдаги кечиктириб бўлмайдиган давлат хизматларидан фойдаланиш зарурати туғилганда хизматларни онлайн (my.gov.uz сайти орқали) олиш мумкинлиги борасида тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бошқа, яъни зарурат бўлмаган ҳолларда фуқароларимизга уйда қолишни тавсия этамиз.

Карантин даврида ҳар бир марказга ташриф буюрувчи мижоз бинога киришда албатта тиббий ниқобда бўлиши шарт ва қўлларига антисептик восита билан ишлов берилгач, бинога киради ва оралиқ масофани сақлаган ҳолда марказ ходимларига мурожаат қилади.

4-савол: -“Ўзини яккалаш” ҳаёт тарзига амал қилиш бўйича марказларда қандай чоралар кўрилган?

ЖАВОБ: - Жорий йил 4 апрель санасида Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида бу йўналишда белгиланган қўшимча чора-тадбирларга асосан 6 апрелдан эътиборан “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзига асосан барча Давлат хизматлари марказларида 2 метрлик ижтимоий масофани сақлаш тартиби жорий этилди ва бу талабга қатъий амал қилиш белгилаб қўйилди. Ушбу талабларни бузган шахслар қонунчиликка мувофиқ тегишли жавобгарликка тортилиши мумкин.

5-савол: - Карантин пайтида фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида қайта алоқа канали очилганми?

ЖАВОБ: - Албатта. Айни пайтда Давлат хизматлари агентлигининг davxizmataloqa_bot қайта алоқа канали ишлаб турибди ва ушбу каналга аҳолидан мурожаатлар келиб тушмоқда.

Ушбу ботга келиб тушган саволлар “авто жавоб бериш” дастури орқали эмас, балки ҳар бир мурожаат, ҳар бир савол Агентликнинг масъул ходимлари томонидан кўриб чиқилиб, имкон қадар тез фурсатда ваколат доирасида жавоб берилади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ботга фақат давлат хизматлари юзасидан мурожаат қилиш мумкин. Бизни тўғри тушунганингиз учун миннатдорчилик билдирамиз.

Бизга келиб тушган саволлар ҳозирча шулардан иборат.

Эътиборингиз учун раҳмат! Саломат бўлинг!


Report Page