ИММУНИТЕТ

ИММУНИТЕТ


СОҚҚАНИ ҚИЛ, ДАВРИНГ КЕЛДИ, ДОРИФУРУШ...


Бугунги куннинг энг долзарб муаммоси, табиийки, коронавирус ва унга қарши курашишдир. Бутун дунёни қамраб олган бу вирус инсониятни кўплаб синовларга ташлади. Ҳар бир мамлакат бу офатни қандай енгиб ўтиш, унга қарши туришнинг мақбул йўлларини ўйлаб топишга ҳаракат қилишмоқда. Жаҳон мутахассислари, мана, қарийб ўн ойдирки, коронавирусга қарши даво излаш билан овора.


Ҳа, дастлаб, вирусга қарши турли воситаларни қўллаш бўйича тавсиялар берилди. Одамлар ундан фойдаланишди. Бирмунча вақт ўтиб, яна бошқа дорилар-у турли муолажалар тавсия этила бошланди. Тўғри, инсоният шу кунга қадар бу вирус билан тўқнаш келмаган эди. Унга қарши мукаммал воситанинг ўзи йўқ эди. Айнан мана шу ҳолат, яъни пандемиянинг юзага келиши фармацевтика бизнеси билан шуғулланувчи айрим компаниялар учун қўл келди. 


Бошланишига улар оддийгина ниқоблардан фойда топа бошлашди. Хусусан, ўзимизда ҳам ниқобнинг нархи 1 500 сўмдан ошмайди, деб ҳамма ёққа жар солингани билан, амалда эса энг арзон ниқобнинг нархи 2 000 сўм бўлиб турибди. Деярли, зарурат бўлмаса, халқимиз ишлатмайдиган антисептик воситаларнинг “бозори чаққон” бўлиб кетди. Одамлар ваҳимага тушганликлари боис ҳам ушбу воситаларни катта миқдорда, асосийси, нархига эътибор бермасдан сотиб ола бошлашди. Бу ҳам етмагандек, вирусни енгишда хлор моддаси жуда қўл келиши ҳақида дастлаб, шунақа “шовқин кўтаришдики”... Бироқ кейинчалик, унинг ҳам ҳеч қандай фойдаси йўқлигини, аксинча, одамнинг, айниқса, болаларнинг соғлиги учун ниҳоятда зарарли эканлигини мутахассислар “ақллилик” билан таъкидлашди. Нима, хлорнинг зарарлигини олдин билишмасмиди. Билишарди! Лекин бозор яхшигина юриб турганда, инсон саломатлигининг қанчалик қиймати бор, шундаймасми?


Вируснинг кенг тарқалиши фармбизнес вакиллари учун яхшигина пул ишлашга “имкон яратди”. Дорилар нархининг баландлигини қўятурайлик, агарда уларнинг ўзи дорихоналарда топилмаса-чи? Мутахассислар томонидан “Курантил” деб номланувчи таблеткалар коронавирус билан оғриган беморлар учун фойдали, деган гап-сўз чиқди. Мақолани ёзиш давомида ушбу дори воситаси тўғрисида суриштирдим. Маълум бўлишича, ушбу дори воситаси инсон қонини суюлтирар экан. Илгари асосан ҳомиладор аёллар учун тавсия этилган. Чунки ҳомиладорлик даврида улар организмида гармонал ўзгариш рўй бериб, қон қуюлиши кузатилади. “Курантил” эса қонни суюлтириб беради.


Бироқ ҳозирги шароитда коровирус билан касалланган беморларда ҳам қон қуюлиши билан боғлиқ аломатлар кузатилаётганлиги сабабли, ушбу дорини тавсия қилишмоқда. Лекин, эшитишимча, уни дорихоналардан топиб бўлмаяпти. Растага етиб келгунга қадар “учарлар” илиб кетишяпти экан. Бу ёғи “соққани қил, соққани...”.  

НЕГА ОҲАНГАРОНДА ИММУНОЛОГ ЙЎҚ?


Лекин, кузатишлар натижасида шу нарса маълум бўлмоқдаки, вирусга қарши энг яхши восита кучли иммунитет экан. Сўнгги пайтларда тиббиёт ходимлари инсон асосий эътиборни иммун тизимини кучайтиришга қаратиши лозимлигини уқтиришмоқда. Яхши таомланиш, кўпроқ суюқлик ичиш, санитария қоидаларига риоя этиш ва ҳ.к. Шу ерда бир нарсани алоҳида таъкидлашни истардикки, иммунитетни таъсирсиз кимёвий дорилар билан эмас, балки табиий воситалар билан кучайтириш мақсадга мувофиқ саналади.


Нега шу кунга қадар юртимизда халқ табобати билан шуғулланувчи биронта табиб чиқиб, бирон-бир доривор гиёҳни вирусга қарши иммун тизимини кучайтириши ҳақида гапирганини эшитмадик? Биргина воҳамизни олайлик. Оҳангарон воҳасини ўраб турган Чотқол-у Қурама тоғларида, мен аниқ аминманки, минг дардга даво гиёҳлар мавжуд. Ушбу гиёҳлар орасида турли вирусларга қарши иммун тизимини шакллантирадиганлари йўқ деб ўйлайсизми? Афсуски, тиббиётимиз оқсоқланаётганлиги ҳақида кўп гапирамиз, лекин халқ табобати борасида ҳам ишларимиз мақтанарли даражада эмаслигини вазиятнинг ўзи кўрсатиб турибди. Шундай ҳолатда, дунёларга ўзимизни Ибн Сино авлодлари эканлигимизни баралла айта оламизми?!


Сўзларим қуруқ бўлмаслиги учун, туман тиббиёт бирлашмасига қўнғироқ қилиб, мутахассис шифокор билан бироз суҳбатлашдим. Кўп йиллардан буён тиббиёт соҳасида ишлаб келаётган Олтиной опа Адинаматова ўз ишининг устаси. Бироқ айтишича, унинг мутахассислиги иммунолог эмас, балки инфекционист экан. Мутахассиснинг таъкидлашича, туманимизда иммунолог мутахассислигига эга шифокор йўқ. Шу сабабли ҳам, мутахассислиги бир-бирига ўта яқин бўлганлиги сабабли, ушбу вазифани Олтиной опа бажариб келмоқда ва буни ортиғи билан уддаламоқда. Суҳбатимиз давомида тажрибали мутахассис илгари тумандаги ҳар бир ҚОПда иммунолог штати бўлганлиги, кейинчалик бу штат бирликлари қисқартириб юборилганлигини ачиниш билан айтиб ўтди. Бугунги кунга келиб, бутун бошли туманда биттагина иммунолог штат бирлиги мавжуд.


Шу ўринда Олтиной опа томонидан берилган айрим тавсияларни айтиб ўтишни жоиз деб топдим. Малакали мутахассиснинг таъкидлашича, коронавирусга қарши курашдаги энг самарали восита бу соғлом турмуш тарзига риоя қилишдир. Яъни, тўғри ва ўз вақтида овқатланиш, уйқу, спорт билан мунтазам шуғулланиш, асабийлашмаслик ва, албатта, санитария қоидаларига амал қилиш орқали бу вирусни енгиш мумкин.


Одамнинг иммун тизимининг мустаҳкамлиги ҳақида гапирганда (шартли равишда!), ўйлашимча, унинг ахборотга тўйинганлик ҳолатини ҳам айтиб ўтиш лозим. Демоқчиманки, коронавирус балоси инсоннинг руҳиятига ҳам боғлиқ. Яъни, инсон ушбу касаллик ҳақида, қолаверса, бу борада жаҳонда юз бераётган ҳодисалар ҳақида ҳаққоний маълумотларга эга бўлса, унда касалликка қарши туришга бўлган ишонч ортади. Инсон руҳан ўзини-ўзи касалликка қарши тайёрлай олади. Бу жуда ҳам муҳим жиҳатдир.


Масалан, олайлик, коронавирусга чалинганлар ҳақидаги ахборот, яъни касаллар сони яшириляпти, дейлик. Бу ахборотни расмий манбадан ўқиган одам аслида ҳаётда, атрофида кечаётган жараёнлар умуман бошқачалигини кўрганидан кейин, унда нафақат ўзига бўлган, балки давлат юқори раҳбариятига бўлган ишончи сўна бошлайди. Руҳан тушкунликка тушади. Ўзининг ҳимоячиси деб ҳисоблаган давлат органларидан ёлғон маълумот эшитиб, руҳан эзилган одамда, шубҳасиз, иммун тизими пасаяди.


Шундай экан, касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олган маъқул, деган машҳур иборага амал қилсаккина, ушбу офатдан қутуламиз. Йўқса, вазият бундан-да чигаллашиши мумкин. Нима ҳам дердик, мутахассислар тавсиясига қулоқ соламиз: тўғри овқатланинг, вақтида ухланг, спорт билан шуғулланинг, асосийси, ваҳимага тушманг, асабийлашманг. Шундагина, вирус сизни четлаб ўтади.


Кимсан НАЙЗА.



Report Page