Ӯзбекистон Республикаси Оила кодексида белгиланган оила аъзоларининг ва бошка шахсларнинг алимент мажбуриятлари

Ӯзбекистон Республикаси Оила кодексида белгиланган оила аъзоларининг ва бошка шахсларнинг алимент мажбуриятлари


Зульфия Бабаджанова,

Қорақалпоғистон Республикаси

суди судьяси                                                        

 

Ӯзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасига кӯра, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.

Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради.

Мамлакатимизда соғлом ёш авлодни камол топтириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар амалдаги қонунчилик тизимида ӯз аксини топган.

Жумладан, 1998 йил 1 сентябрдан амалга киритилган Ӯзбекистон Республикаси Оила кодексининг 5-бӯлими «Оила аъзоларининг ва бошка шахсларнинг алимент мажбуриятлари» деб номланган бӯлиб, ота-она ҳамда болаларнинг алимент ҳуқуқи ва мажбуриятлари тӯғрисидаги қоидаларни белгилайди.

           Ушбу белгиланган қоидалар ота-оналарнинг ӯз фарзандлари тарбиясига жиддий муносабатда бӯлиш, уларга ғамҳӯрлик қилиш ҳамда болаларнинг таъминоти масалаларига масъулият билан ёндашишини талаб этади.

Хусусан, Кодекснинг 96-моддасига кӯра, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади. Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёҳуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир.  

Ота-она ва бола алоҳида-алоҳида яшаган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола бир вақтнинг ўзида ота ва онадан вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли.

Шунингдек, 97-моддасидаВояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир.

Вояга етган, меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир.” деб белгиланган.

Бундан ташқари, Кодекснинг 98- ва 99-моддаларида ота-онанинг вояга етмаган болаларига алимент тўлаш тартиби ва тўлайдиган алимент миқдори белгиланган бӯлиб, унга кӯра, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидирлар.

Вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасидаги келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак ва агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун - тўртдан бир қисми, икки бола учун - учдан бир қисми, уч ва ундан ортиқ бола учун - ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.

Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.  

Қайд этиш лозимки, республикамиз оила қонунчилигида нафақат вояга   етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари, балки ота-онанинг вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериши шартлиги ҳам белгиланган. Унга кӯра, вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериш ота-онанинг келишувига биноан амалга оширилади. Ота-она ўртасида бундай келишувга эришилмаган тақдирда низо суд тартибида ҳал қилинади.

Ота-онадан вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига ундириладиган алиментнинг миқдори суд томонидан алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг оилавий ва моддий аҳволи ҳисобга олиниб, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади.

Ота-онадан болаларга ундириладиган алимент миқдорини аниқлаш тартиби Кодекснинг 102-моддасида белгиланган бӯлиб, ота-онадан болаларга ундириладиган алимент миқдори алимент тўловчининг ойлик иш ҳақига ва (ёки) бошқа даромадига нисбатан улушлар ҳисобида ёки пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин.

Алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади доимо бир хилда бўлмай, ўзгариб турса ёхуд даромадининг бир қисмини натура тарзида оладиган бўлса, шунингдек даромаддан улуш тарзида алимент ундириш имконияти бўлмаса ёинки ота-она расман белгиланган иш ҳақи ёки даромадга эга бўлмаса, вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун тўланиши лозим бўлган алимент миқдори ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин.

1989 йил 20 ноябрда БМТ томонидан Бош Ассамблеянинг 44/25-Резолюцияси билан қабул қилинган ва 1990 йил 2 сентябрда кучга кирган “Бола ҳуқуқлари тӯғрисида”ги Конвенция талаблари асосида ишлаб чиқилган ҳуқуқий базада вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болаларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқи аниқ белгилаб қӯйилган.

Вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болаларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқини таъминлаш ва бу борада Ӯзбекистон Республикаси Оила кодекси нормаларининг тӯғри ва аник татбиқ этилиши бӯйича бир хил суд амалиётини шакллантириш мақсадида Ӯзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2016 йил 29 июль кунги «Судлар томонидан вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болалар таъминоти учун алимент ундиришга оид ишлар бӯйича қонунчиликни қӯллаш амалиёти тӯғрисида”ги 11-сонли қарори қабул қилинди.

Пленум қарорида судларнинг болаларнинг соғлом ва баркамол авлод сифатида вояга етишида ота-оналар масъуллигига ва улар ўзларининг вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларини ижтимоий таъминлашга мажбур эканлигига, ушбу мажбуриятни ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан алимент фақат суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғи чиқариш орқали ундирилишига ва алимент тўлаш билан боғлиқ бўлган низоларни ўз вақтида ва тўғри ҳал қилиш болалар манфаатлари ҳимоясининг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланишини назарда тутган ҳолда, қонунларга қатъий риоя этиш зарурлигига эътибори қаратилган.

Албатта, амалиётда вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш ҳақида суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза, шунингдек, вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болалар таъминоти учун алимент ундириш ҳақида даъво ариза билан мурожаат қилганда қайси судга мурожаат қилиш лозимлиги ёки ариза, даъво аризалар берганлик учун давлат божи ундириладими йӯқми деган саволлар кӯп учрайди.

Пленум қарорида ушбу саволларга аниқ жавоблар берилган.

Хусусан, Пленум қарорининг 5 ва 6-бандларига кӯра, алимент ундириш юзасидан суд буйруғи чиқариш тўғрисидаги ариза ҳам, даъво ариза ҳам судловга тааллуқлиликнинг умумий қоидаларига кўра, жавобгарнинг яшаш жойи бўйича берилади, шунингдек, ФПК 34-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ аризачи ёки даъвогарнинг ўзи яшаб турган жойда ҳам тақдим этилиши мумкин.  

Вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш ҳақида суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза, шунингдек, вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болалар таъминоти учун алимент ундириш ҳақида даъво ариза берганлик учун давлат божи Ўзбекистон Республикасининг "Давлат божи тўғрисида"ги Қонуни 8-моддаси 2-банди, шунингдек, ФПК 174-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ ундирилмайди.  

Шунингдек, алимент миқдорини камайтириш, алимент тўлашдан озод қилиш ҳақидаги даъво аризалар бӯйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2009 йил 24 ноябрдаги "Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида"ги 14-сонли қарорининг        21-бандига асосан, алимент ундириш ҳақидаги барча даъволардан (бола, ота-она, эр-хотин ва бошқалар таъминоти учун) давлат божи 12 ой учун алимент тӯловлари жами суммасидан, агар алимент ундирилган муддат       12 ойдан ошмаса, шу давр учун алимент тӯловлари жами суммасидан ҳисоблаб чиқилади. Тӯловлар суммаси қарздорнинг охирги иш жойидаги ӯртача ойлик иш ҳақи (даромади)дан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Агар қарздор шу вақтда ишламаса ёки унинг иш ҳақи ва (ёки) даромадини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаган бўлса, давлат божи қонун ҳужжатларида ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади.

 Хулоса қилиб айтганда, инсон ҳуқуқлари, хусусан болалар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, бунинг учун барча шарт-шароитларни яратиш давлатимизнинг устувор йӯналишларидан биридир.

 



Report Page