Хиёнат 4-қисм

Хиёнат 4-қисм

«Мурдалар гапирмайдилар», деймиз. Бизга шундай туюлар? Балки улар гапирарлар, биз эшитмасмиз? Эшитсакми эди..
Тоҳир Малик (қисса)

Матлуба эридан хат олиб келган йигитга бошдан-оёқ разм солди. Аввалига «қамоқда бирга ўтирганмикин?» деб ўйлади. Аммо хушрўй йигитнинг жилмайиб қарашида, ранги-рўйида қамоқнинг совуқ нафасидан асорат йўқ эди. Йигит «ичкарига киринг», деган таклифдан сўнг таранг қилмай, жувонга эргашди. Турсунали қамалишидан илгари, амал отини суриб жавлон ураётган маҳалларда бу уйни кўрган одам орадан бир йил ўтиб-ўтмай яна остона ҳатлаб ичкари қадам қўйгудай бўлса, «ёпирай, кеча ўғри уриб шип-шийдам қилган шекилли», деб ёқа ушлаши тайин эди. Кўзни қамаштирувчи гиламлар, қандиллару жавонлар энди йўқ. Матлуба эри қамоққа олиниб, мол-мулки хатга тушгунига қадар яширишга улгурганини яширди. Қолгани эса, мусодара қилинди. Уй хўжалик ихтиёрида бўлгани, Матлубанинг ўзи шу хўжаликда ишлаётгани учун тортиб олинмади. Янги директор инсоф қилиб, уларга «уйни бўшат», деб тиқилинч қилмай, янгисига жойлаша қолди.

Матлуба дардини кимга айтишни билмай, тўрт девор орасида тўрт боласи билан кун кечириб юрган эди. Давлат бойликни тортиб олгани билан Худо болаларнинг ризқини қиймас экан. Гиламсиз, биллур қандилсиз уйда ҳам яшаш мумкин экан. Дунёда тирик бева фақат у эмас экан. Тирик етимлар ҳам кўп экан. Эри қамалган хотиннинг жони чиқиб кета қолмас экан. Отаси қамалган болалар тақдирга тан бериб яшайверар экан, улғаяверар экан...

Қамоқ — жиноятчи учун жазо. Бу дунёда жиноятга даҳли йўқ одамлар учун ҳам жазо бор экан. Балки ҳаром луқмага шерик бўлгани учун бундай жазо жоиздир? Матлуба буни билмайди. Бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаган. Бунга кейинроқ ақли етади. Ҳозир билга-ни — қўлидаги хатда ёзилган гаплар... Яъни ҳар ойда «солиқ» тўлаб туриш.

Матлуба хатни тўрт марта ўқиб чиқса ҳам тушунмади. Йигитга савол назари билан тикилиб қолди.

— Чексам майлими? — деб сўради йигит ҳотиржам равишда. У жувоннинг ҳайрат исканжасида эканини билиб турса-да, парво қилмади. Уй бекаси бош ирғаб «чекаверинг» дегач, лабига сигарет қистирди. Аммо ўт олдирмай туриб сўради:

— Тинчликми? Нима деб ёзибдилар?

— Нима деб ёзилганни... билмайсизми?

— Мен бировнинг хатини ўқимайман, — йигит шундай деб сигаретини тутатди.

— Хатни ўз қўллари билан ёзиб сизга бердиларми?

— Йўқ. Менга биродарларим келтиришди. Мен эрингизни танимайман. Менинг вазифам —холис хизмат.

— Солиқни... сизга тўлайманми?

— Ҳа, солиқними? — Йигит жилмайди. — Ҳозирча менга. Мен келолмасам бошқа одамни юборишади.

— Юборишади? Ким юборади?

— Буни билишингиз шарт эмас.

— Мен... тушунолмаяпман?

— Тушунолмаяпман? Майли, яхши хотинга ўхшайсиз, сизга тушунтириб бера қолай: сизга эр керакми? Ҳа, албатта керак. Сизга эр керак бўлмаса ҳам болаларингизга ота керак. Демак, у қамоқдан соғ-саломат қайтиши шарт. Қамоқда эса, опагинам, кўп одамлар бекордан бекорга ўлиб кетади. Бировлар битта кичкинагина тошга қоқилиб ҳам ўлиб кетар экан. Бахтсиз ҳодисалар кўпда. Қамоқдаги биродарларимиз эрингизни ҳимоя қилишади. Унинг битта туки ҳам бекорга тўкилмайди. Сиз «солиқ» деяпсиз-у, аслида ундай эмас. Бу хизмат ҳақи. Ҳукумат қоровулларга ҳам маош тўлайдику, тўғрими? Ана, сиз ҳам шунақа тўлайсиз-да.

— Қанчадан тўлайман?

Йигит дарров жавоб бермади. Тутатиб бўлгач, кулдон ўрнига қўйилган ликопчага сигарет қолдиғини босиб эзди-да, тўланажак хизмат ҳақи миқдорини айтди. Буни эшитиб, Матлуба бир сесканди. «Хато эшитмадимми?» деб, сўради:

— Бир йилгами?

—Эрингизнинг жонини ҳурмат қилмас экансиз, опагинам. Ҳар ойда тўлайсиз. Балки уч ойлигини, балки ярим йиллигини қўшиб олдиндан тўларсиз. Олдиндан тўласангиз, бир оз камайтирамиз, буни ўзаро келишиб оламиз.

— Менда бунча пул йўқ... Топганим болаларим...

— Опагинам, сиз топган пулингизни болаларингизга ишлатаверинг. Сиз бизга эрингиздан қолганидан чўтал бериб турсангиз етади.

— Эримдан... ҳеч нарса қолмаган... Бори шу — кўриб турганингиз. Давлат ҳаммасини тортиб олди.

— Давлатга туҳмат қилманг. Бизнинг давлат, опагинам, одил давлат Билмасангиз билиб олинг. Ҳеч қачон ҳаммасини тортиб олмайди. У-буни яшириб олишга имкон беради. Тўртта болангиз бор, а?

— Ҳа... — Матлубанинг кўнглига ёмон фикр келиб, қўрқиб кетди: — Нимага сўраяпсиз?

— Шунчаки қизиқдим. Улар ҳам оталари қайтгунича соғ-саломат юришлари шарт. Ота қамоқдан қайт-са-ю...

— Болаларимга тегманг! — Матлуба беихтиёр шундай деб бақириб юборди. Муштлари ўз-ўзидан тугилди.

— Опагинам, ўзингизни босинг. Бизлар одамхўр эмасмиз. Биз сиз берган хизмат ҳақи эвазига ўзингизни ҳам, болаларингизни ҳам ҳимоя қиламиз. Пул кетса кетсин, жон кетмасин. Менинг яна ярим соат вақтим бор. Биринчи хизмат ҳақини бугун олиб кетишим керак.

— Ҳозир йўқ менда бунақа пул.

— Сиздан ҳозироқ талаб қилаётганим йўқ. Ярим соат вақтим бор, деяпман-ку? Бўла қолинг, қимирланг.

Бу гапдан кейин ҳам Матлуба бир неча дақиқа ҳаракатсиз турди. Йигит эса, бошқа гапга ҳожат йўқ, дегандай индамасдан ўтираверди. Матлуба «Ярим соат вақти бўлса кўчага чиқиб, машинасида ўтира қолмайдими?» деган фикрда унга қараб-қараб қўйди. У «уйда пулим йўқ» деб ёлғон сўзлаган эди. Аслида эса, «бирор кунимга асқотар» деган умидда яшириб қўйгани бор эди. Аммо бу йигит шундай ялпайиб ўтираверса, у қандай қилиб олади? Ундан ташқари бу йигитнинг айтганлари шунчаки пўписами ё жиддий-ми — ҳали тўла фарқига боролгани йўқ. Дастлаб бу йигит кўзига ҳушрўй кўриниб эди. Эндиги ўтириши эса... «Ҳе, гўлаймай ўл!» деб ичида қарғади.

— Ярим соат... Бировдан сўраб топгунимча... Бир-икки кундан кейин келсангиз... топиб қўярдим.

— Келиб-кетиш осон эканми? Мен аммангизнинг қишлоғидан келганим йўқ. Хўп, майли, бир-икки кундан кейин мен келмайман. Ўзингиз борасиз.

— Ўзим бораман? Қаёққа?

— Баҳонада адангизни кўриб келарсиз?

— Адамни... биласизми?

Йигит истеҳзо билан кулди.

— Лақма хотин экансиз. Уйингизни тўғри топиб келган одам адангизнинг икки йилдан бери палаж бўлиб ётганини билмайдими? Хуллас, икки кундан кейин адангизникида кўришамиз. Исмим Хурсанали, сиз ишлаётган совхознинг ҳисобчисиман. Тушундингизми? Бизнинг сиз билан бўладиган ҳисоб-китобимизни биров билмаса фақат ўзингизга фойда. Милисадан умид қилманг. Милиса сизга эмас, бизга хизмат қилади. Биз сизга ўхшаганлардан хизмат ҳақи тўплаб, ҳатто ўша Масковдаги генералларгача боқамиз. Шуни унутмасангиз бўлгани. Сиз билан биз энди бегона эмасмиз. Ҳа, айтмоқчи, бизда «бир-икки кун сабр қилинг», деган гап бўлмайди. Бир сафар майли, кечираман. Бундан кейин ҳар бир кун учун юз қўшилади. Ақл билан иш юритсангиз ҳамёнингиз зарар кўрмайди. Эрингиз унда тинч, сиз бунда бола-чақаларингиз билан тинчсиз. Худо бераман, деса шу-да!

Йигит ўрнидан туриб, эшик сари юрди. Остонага етгач, орқасига ўгирилди:

— Меҳмондўст эмас экансиз. Майли, хафа бўлмайман. Ош-чойга қарздорсиз, унутманг, —ўзини Хурсанали деб атаган йигит бир жилмайиб қўйгач, ташқарига чиқди. Матлуба унга хайр ҳам демади, кузатиш учун остона ҳам ҳатламади. Йигитнинг ҳудди бало чақинидай келиб-кетиши унинг хушини олди. «Турсунали акамдан хат олиб келдим», деб жилмайганида истаралигина бўлиб кўринган эди. «Ош-чойга қарздорсиз», деб чиқаётганида кўзига исқирт бир суллоҳ бўлиб кўринди. «Ким ўзи бу? — деб ўйлади Матлуба. — Ўғри десам, ўғрига ўхшамайди. Башараси бип-бинойи. Балки чўнтаккесардир ё каллакесармикин? Унақага ҳам ўхшамайди. Ё адаси мени синаб кўрмоқчи бўлиб бирор танишини ишга солдимикан? Э, йўқ. Шунақасига синайдими? Синагиси келса, «менга вафо қиладими-йўқми?» деб синар. Ўзига ўхшаган биронта шилқимни юборар. Менга илмоқ ташлатиб кўрар... Э йўқ... Қоранг ўчгур Нафисаси билан шармандаси чиққанидан кейин мендан вафо талаб қилиб гўрга борсинми?..»

Нафисанинг номи эсига тушиб, баттар тутоқиб кетди. Стол устида турган пиёлани олиб деворга қарата отди. Пиёла деворга тегиб ҳам, тахта устига тушиб ҳам синмади.

— Ҳу кўзларинг гўрда чирисин!

Бу қарғишни овоз чиқариб айтди. Назарида Нафиса ишвали кўзларини сузиб қараб тургандай бўлди. Бир қарғиш билан юрагидаги дард кўтарилмай, иккинчисини айтди:

— Афт-башаранг гўрда илон-чиёнларга ем бўлмаса, рози эмасман!

О, аёл қалби! Дунёда мавжуд барча фожиалар сел бўлиб ёпирилса чидар-у, аммо эрининг хиёнатига сира-сира чидай олмас! Айниқса, бу хиёнат ўз уйида, ўз тўшагида содир этилса, юракда ёна бошлаган оловни ҳеч нима ўчира олмас.

Eрининг хиёнаткор бузуқ экани Матлубага кўпдан маълум эди. Ҳали бу «қоранг ўчгур Нафиса» пайдо бўлмаёқ, бир унга, бир бунга шўнғиб юришидан гумон қиларди. Гумони исбот топганида жанжал кўтараман, деди-ю, эплай олмади. «Чидасанг шу, — деди эри. — Мен сенга ялиниб уйланмаганман, ўзинг хуштор бўлиб теккансан. Мен битта хотинга қаноат қиладиган эркаклардан эмасман. Кўнглинг совуган бўлса, ана, орани очиқ қилгину отангникига жўнайвер. Райкомга додвой деб борасанми, ундан наригами, менга барибир. Мендан олса амалини олади. Сен эса, эрдан айриласан. Иккита бола билан сени биров олармикан? Менга тегишда отангнинг розилигини олмагансан. Кетсанг, отангникига ҳам сиғмайсан. Ундан кўра нафасингни чиқармай яшайвер... Сен хотинимсан. Улар бир ўйнаш. Сен билан улар орасида катта фарқ бор. Шуни

тушунсанг бўлди».

Eри ҳақ гапни айтган эди. Матлубанинг Турсуналига ошиқ бўлгани рост. Хатлар ёзгани, шеърлар тўқигани ҳам рост. Келишган, чиройли йигитни ундан бошқалар ҳам яхши кўришар эди. Йигит чиройли бўлса, устига устак амалдор отаси чўнтагидаги пулни аритмай турса, хушторлар саноғига етиш мушкул. Аммо Матлубанинг юрагидаги олов ҳамманикидан кучлироқ эди. Кейин-кейин Матлуба ўша дамларни эслаганидан «юрагим ёнмай, чирибгина кетса бўлмасмиди, уни яхши кўрмай ўлиб қўя қолсам минг марта яхши эди-я!» дейдиган бўлди. Тақдир қалами ёзуғини ёзиб бўлганидан кейин бундай надоматлардан не фойда? Ўша кезлари Одам ато билан Момо Ҳавонинг нима сабабдан жаннатдан ҳайдалганларини билсами эди, эс-ҳушини сал йиғиштириб олармиди...

Олдингилари, эри айтганидай, нафс балосини қондирувчи вақтинчалик ўйнашлар экан. Эри уларга қаттиқ боғланмаган эди. «Ғаркўзинг гўрда чиригур Нафиса» ёмон чиқди. Эрини ўзига тамомила қарам қилиб олди. Эри авваллари ўйнашга боргани билан уни унутмасди, кўнглини овлаб турарди. Эрининг хиёнаткорлиги ошкор бўлганидан кейин ҳам Матлуба икки фарзанд кўрди. Аммо «жувонмарг бўлгур Нафиса»га илакишгач, эр экани тамоман эсидан чиқди. Матлубанинг ўриндаги ноз-карашмаларига ҳам эътибор бермай қўйди. Бир куни «ёшингга қараб қилиқ қил», деб ўрнидан туриб кетгач, Матлуба тирик бева бўлиб қолганини англади.

«Ёшингга қараб қилиқ қил...» Ўшанда Матлуба ҳали ўттиз учга кирмаган эди... Ҳозир қирқнинг остонасида. Ўшандан бери эр нималигини унутаёзган. Дарди зўр... Аммо дардкаши йўқ... Дарди ичида. Фақат бир марта «портлади». Портламаса бўлмас эди...

Шаҳарга бориши лозим эди. Бироқ оёғи тортмай кўнгли хижил бўлиб раён марказиданоқ изига қайтди. Қараса-ки, куппа-кундузи эри «қон қусгур Нафиса» билан бир аҳволда..., болалар мактабдан келиб қолади, деб хавотир ҳам олишмабди...

Матлуба ҳали-ҳали тушунмайди: совхознинг номи «меҳмонхона», аслида эса фоҳишахона вазифасини бажарувчи жойи бор. Эри нима номаъқул нарса еса, ўша ерда ерди. Уйга олиб келгани нимаси у ювиқсизни?! Эри жанжаллашиб ўтирмади. Нафисани юлдиришга ҳам қўймади. «Унингни ўчир», дедию ўйнашини олиб чиқиб кетди. Матлуба эса... ўйлай-ўйлай, ахийри улар ётган ўрин-тўшакни ҳовли ўртасига уйиб, ёқди. Бу билан ҳам ҳовури босилмагач, каравотни ҳам ёқди. (Эрининг ўйнашларни алмаштириб юрганидан минг марта иккинси аёли, ҳалол никоҳи бўлгани яхши эди унинг учун). Болалар кўрқувда жовдирашади.

Қўшнилар ҳайрон...

Фақат Турсунали ҳайрон бўлмади. Эртасига югурдаклари юк машинасида яп-янги каравот ташлаб кетишди. Ҳаромдан қайтмайдиган ана шу эр қамалиб, пешонаси деворга теккач, кўзи очилганмикин?

Оиладан кўра ўйнашнинг карашмасини афзал билган эр «хотиним менга вафо қиляптими?» деб ўйлаяптимикин? Шундай деб ўйлашга ҳаққи борми?Вафо қилмайдиган хотин эрининг қамалиб кетишини кутиб ўтирар эканми? Эрининг бузуқлик дарёсига шўнғиганини билгани ҳамон бу дарёга ўзини отмасмиди? Хатида «вафодорим» дебди...

Вафодорим?

Матлубанинг хаёлига бир фикр ўрилиб, чангалида ғижимланиб турган қоғозни шошиб текислади:

«Ҳа, «вафодорим» дебди. Қизиқ, исмимни ёзмабди. Менга ҳеч бундай демаган. Яхши кунларда ҳам демаган. Анави ер еткурни айтган бўлиши мумкин. Тўхта, тўхта... Балки бу хат ўшанга ёзилгандир. У ҳароми эса, менга жўнатган бўлса-чи? Бояги турқи совуқ унинг хушторидир балки?..»

Шунга ўхшаш фикрлар қуйилиб келавериб, Матлубанинг боши оғриқдан зириллай бошлади. Сўнг шу оғриқ баҳона бўлиб, ҳўнграб йиғлаб юборди. У эрини ҳибсга олишганда ҳам, суд ҳукми ўқилганда ҳам йиғламаган эди. Тўғри, юраги ёмон увишиб эди. Аммо дўст-душман унинг кўзларида нам кўрмаган эди. Биров «душманлар олдида паст кетмади, йиғламагани яхши бўлди», деса, бошқалар «бунча без экан бу хотин? Ҳеч бўлмаса кипригини тупуги билан ҳўлласа-чи, энди эрини яна кўрадими йўқми?» дейишган эди. Юраги фарёд чекмаса, кўзларига ёш келмаса, нима қилсин? Йиғининг фурсати шу кунга белгиланган экан, астойдил йиғлаш учун эрнинг қамалиши баҳона бўлолмас экан, хотин киши ўзининг хорланганини ҳис қилса, бас экан. Айни дамда Матлуба хорланиш куйининг авж пардага кўтарилганини фаҳмлади. Дақиқалар ўтгани сайин у «мактуб» кўзгинанг тешилгур Нафиса»га йўлланган-у, у жувонмарг макр ишлатиб, хушторини бу ёққа жўнатган», деган фикрига астойдил ишона бошлади. Бу фикр тез орада мутлақ ҳокимлик шоҳ-супасини эгаллаб, қолган барча хаёлларни қува кет-ди. Ягона фикрга маҳкум бўлгач, бу зуғумдан қутулиш, қутулишгина эмас, қарши ҳужумга ўтиб, ғанимини яксон қилиш чораларини излай бошлади. Донишманд аҳлининг «жоҳилга ҳилм ила муносабатда бўл», деган насиҳатларига эркаклар амал қиларлар-у, бироқ ўч олиш қасдида ёнаётган аёл икки дунёда қулоқ солмас. Бу соҳада аёлларнинг ягона шиори — «макрга макр қиличи билан ҳамла қилмоқ керак!»

Алам ўтида ёнаётган Матлуба макр бобида Нафисадан орқада эканини тан олди. Бировнинг эрини ўзига ром қилган маккорага пул ундириб олиш қийин иш эканми? Матлуба «уйинг куйгур Нафиса» ишлатган ёки режа қилаётган хийлалар ҳақида ўйлай бошлади. Қамоқда эрининг Тенгиз исмли ўғрибошига йўлиққанини у бечора қайдан билсин? Яхшики у Нафисанинг кўз очиб кўрганини соғиниб Сибирга отланаётганини, эрини лақиллатиб кетиш учун баҳона ахтараётганини билмайди. Билсами, ҳозирги аҳволини туташ десак, гуриллаб ёна бошлашнинг қандай бўлишини тасаввур қилаверинг. Яхшики, Тангри бандаларини кўп нарсалардан бехабар қилиб яратган. Акси бўлгандамиди эди, дунё хотинларнинг ғалвасидан бўшамай қолармиди, валлоҳи аълам!

Матлуба оғриқ зўриданми ё қоронғу халтакўчада милт этган нур тополмай гангиб эзилганиданми, бошини чангаллаб ўтирди. Мактабдан қайтган катта қизи бу аҳволдаги онасини чўчитиб юбормаслик учун паст овозда салом берди. Онаси алик олмагач, елкасидан қучоқлади. Матлуба уни қучиб, энди унсиз фарёд чекди. Эрининг хурмача қилиқларидан безган дамларида баъзан «бу дунёда яшаб нима қилдим?» деган хаёлга ҳам борарди. Ана шу бадбинлик кўчасида ивирсиб қолганида Худонинг ўзи ёмон йўлдан қайтарарди — кўзига болалари кўринарди. Уч йил муқаддам ўнгида қилолмаган иши тушида содир бўлди — ўзини ёқди! Ана шунда бўзлаётган болаларини кўриб, ўзи ҳам бақириб юборди. Бор овози билан бақиргани учун ўзининг овозидан қўрқиб уйғониб кетди. Ўшанда тўнғич қизи ҳам уйғониб, онасини қучоқлаб олган эди. Бу дунёда уни ушлаб турган занжир шу фарзандлари. Шу топгача оталик меҳрини бермаган «зорманда эр» касрига энди булар ҳам азоб чекишлари керакми Қизини қучоқлаб ўтирган Матлуба шуни ўйлаб, юраги эзилиб «бундан кўра отиб ташлашганлари минг марта яхши эди», деб ўйлади. Қизи эса, онаси маъюсланиб қолганида «адамларни ўйлаб сиқиляптилар» деб ўйлаб, хафалик сабабини сира сўрамасди. Ўн олтига етиб қолган қизи Матлубанинг бахтига ғоят ақлли эди. У ҳатто кўчада отаси ҳақида миш-мишларни эшитганида ҳам дардини ичига ютарди-ю, онасига билдирмасди. Кўрпа-тўшаклар нима сабабдан ёқилганига фаҳми етгани учун ҳам бу хонадонда яшаш онаси учун ғоят азобли эканини биларди. Билгани учун ҳам онасига суянчиқ бўлишга интиларди. Лекин онасига қандай суянчиқ бўла олишига болаларча ақли етмасди. Ҳозир ҳам онасини қучган ҳолда нимадир деб уни юпатгиси келди. Аммо ўша «нимадир»ни тополмасди, айтолмасди. Қизининг шу тарзда қучоқлаши ҳам Матлуба учун зўр далда эди. У чуқур нафас олиб, хўрсиниқни нари ҳайдади. Қизининг пешонасидан ўпди-да:

— Насиба, жон қизим, Зилолани боқчадан вақтлироқ олиб кела қол. Майдонга қараб ўт. Шоҳруҳ тўп тепгани чиқиб кетувди. Ҳаммаёғини расво қилмасин, Фарруҳ қани, нима учун биргалашиб келмадиларинг?— деди.

— Фарруҳ ўртоғидан китоб олиши керак экан, ҳозир келади.

Насиба шундай деб онаси буюрган вазифани бажариш учун чиқди. Қизи чиқиши билан Матлуба аввалги ҳолатига қайтди. Орадан беш-олти дақиқа ўтмай, ўғли эшикдан аста мўралади. Китоб-дафтарини қўйиб, кўчани мўлжаллаганида Матлуба уни чақириб, «Вали акангни чақириб кел», деб буюрди. Валижон — беш уй нарида турувчи йигит. Билганлар уни «Турсуналининг мулозими», дейди, билмаганлар эса «директорнинг шопури» дейишади. Ким нима деса десин, аммо Валижон хожасига бағоят содиқ эди. Турсуналига қўшиб уч кун қамаб қўйишганда ҳам хожасининг сирларини очмади. Суддан кейин эса хотини билан биргаликда чиқиб, Матлуба янгасига далда берган, «нима хизмат бўлса, тортинмай айтаверинг. Акам қайтгунларича сизга укаман», деган эди. Матлубанинг унга буюрадиган хизмати йўқ эди. Шу боис кўчада рўпара келганида саломлашарди-ю, ортиқча гап айтмас эди. Шу сабабли янгасининг йўқлови Валижонни шошириб қўйди. Томорқадаги ишини йиғиштириб, қўл-бетини чала-ярим ювгач, хожасининг уйига шошилди. Ичкари кириб ҳол-аҳвол сўрашга улгурмай, янгасидан кутилмаган саволни эшитиб довдираб қолди.

— Аканг бойликларини қаерга яширган?

Бундай саволни терговчи қайта-қайта сўраган, ҳар сафар «билмайман» деган жавобни эшитавергач, ахийри тутақиб, роса дўппослаган эди. Энди эса, янгаси худди ўша терговчига ўхшаб сўраяпти. Ёлғон пўписа қиляптимикин деса, оҳанги анча жиддий.

— Сиз билмасангиз... мен билмайман, опа.

— Сен гўрни ҳам биласан, айт.

— Ахир опа, мен оддий бир шопур бўлсам...

— Сен шопур эмас, қўшмачисан! Акангга қўшиб сени ҳам қўшмазор қилиш керак эди.

— Унақа деманг, опа, болаларим бор.

— Сенда бор бола, бошқаларда йўқми? Ма, ўқи! Аммо бировга ғинг дея кўрма.

Матлуба шундай деб хатни узатди. Валижон ўқиб чиққач, «мен нима қилай?!» деган савол назари билан қаради.

— Мен ҳар ойда пулни қаердан оламан? Сен қўшмачи ҳамма балони биласан. Аканг топганининг юздан бирини уйга олиб келарди. Қолгани қаерда? Ё топасан, ё болаларингни гаровга қўйдираман. Қамоқдан битта каллакесар келган. Унга сени рўпара қиламану ҳолингни кўриб туравераман.

— Худо хайрингизни берсин, жон опа! Ундай қилманг, опажон! Менда нима гуноҳ? Тўғри, маишатларини билардим. Аммо пулга кўзим тушмаган сира. Алдаётган бўлсам — Худо урсин! —Валижон шундай деб йиғламсирай бошлади.

— Пиқиллама, эркак ҳам йиғлайдими? Менга анави бузуқнинг қаердалигини айт ҳозир.

— Қайси... бузуқ?

— Ўзингни гўликка солма! Жувонмарг Нафисани айтяпман!

— У шаҳарда яшайди-да.

— Шаҳардалигини биламан. Қайси кўчада, қайси уйда? Тирик бўлса уйини айт, ўлган бўлса гўрини айт.

— Кўчасининг номини билмайман, опа. Метронинг охирига етгандан кейин озгина юрилса меҳмонхона келади. Кейин ўнгга. Тўрт қаватли иморат.

— Мени бошлаб борасан ўша ишратхонага.

— Хўп, опажон, эртага, ишдан сўраб келаман.

— Ҳозир жўнаймиз.

— Ие, ахир...

— Сенга «ҳозир жўнаймиз», дедим. Бор, чорак соатда тайёр бўлиб чиқ.

Валижонни чақиртиришидан асл мақсади ҳам шу эди. «Акангнинг бойлиги қаерда?» деб сўроққа тутиши йигитни эгиб олиш учунгина эди. Шундай қилмаса, у ё Нафисанинг турар жойини яширарди, ё олиб бориб кўрсатишни пайсалга соларди. Ёки «акасининг севимли ёш хотинини» огоҳлантириб қўйиши ҳам мумкин эди. Шуларни назарда тутиб, Матлуба у билан ўзига хос бўлмаган дағал оҳангда гаплашди. Янгасидан бундай муомалани кутмаган Валижон чиндан ҳам қўрқди. Айниқса, «болаларингни гаровга қўйдираман», деган гапига ишониб, эси тескари бўлиб кетай деди. Йиғиси ҳам ёлғон эмас, рост эди. Бир томонда қама-қама авжига чиққан, яна бир томонда машина ўғирлаш тиш кавагини кавлашдай осон бўлиб қолган, одамлар эса, тўппа-тўсатдан йўқолаётган замонда оддий пўписа ҳам ҳақиқат кўринишини олади. У хожасининг баъзи сирларини билади. Бироқ пул бор-йўқлиги, яширилган-яширилмаганидан бехабар эди. Билганида ҳозирги пўписадан сўнг шарт айтворарди. Тўғри, у калтафаҳм эмас, хожасининг айрим ҳаракатларидан бир нарсани сезгандай бўларди. Айниқса, қама-қамалар довули бошланган, бироқ, уларнинг вилоятларига етмай турибоқ, хожаси ғимирлаб қолган эди. Уч-тўрт марта заргарлик дўконларига кириб чиққанида «ўйнашларга совға-салом оляптилар, акагинам», деб ўйлаган эди. Идорада ўтирган «акагинаси»нинг қўлларига кишан солиб олиб чиқишгандан сўнг совға-салом олинмагани, қоғоз пуллар тиллага айлантирилганини англаб етди.

(4-қисм тугади. 5-қисмга ўтиш учун тагига чизиқ билан ажралиб турган шу ерни босинг )


Report Page