Hhh

Hhh


ЎЛИМ ҚАНДАЙ ЭСЛАНАДИ?


Билингки, ўлимнинг хатари ва даҳшати буюкдир. Одамлар кам фикрлаб, оз эсга олгани учун ҳам ўлимдан ғофилдирлар. Эслаганлар ҳам қалбларини ҳамма нарсадан фориғ қилиб эмас, дунёга машғул бўлган ҳолларида эслайдилар. Бундай эслашдан фойда йўқ. Ўлимни ҳақиқий эслаш йўли - ўлимни доимо ёнида билиш, ўлимдан бошқа нарсани қалбдан чиқаришдир. Буни бамисоли хатарли саҳро ёки денгиз орқали сафарга отланган киши ҳолатига ўхшатиш мумкин. Унинг бутун фикри-зикри сафарда бўлади. Қалб ҳам ўлимни эслаш билан машғул бўлса, бу иш қалбни буткул банд этади. Ўлим билан банд бўлган қалбда айш-ишрат талаби, дунё қувончи камаяди, тошқинлик босилади. Киши ўлимни кўп эслагани сайин ҳар хил ўлим онлари, бу даҳшатли онларни бошидан ўтказган дўстлари, тенгқурларининг илтижо тўла сўнгги нигоҳлари хотирада жонланади. Уларнинг ўлимларини, сўнгги манзилларини эслаб, оғир ўйлар гирдобида колади: улар ким ва қандай эдилар? Энди уларнинг мавқелари, ҳолатлари қандай? Бу чиройли сиймолар тупроққа қандай сингиб йўқолади? Уларнинг жасадлари қабрларда қандай парчаланади? Улар аёлларини бева, фарзандларини етим қолдирдилар, мол-дунёларини ташлаб кетдилар. Уларнинг масжид ва мажлислардаги ўрни бўш, қадамлари дунёдан узилган...


Ҳа, киши ўлимни эслагани сайин қалбида мана шундай узоқ ва яқин ўлимлар, ваҳимали суратлар батафсил жонланаверади. Баъзан ортга қайтиб, уларнинг шижоат тўла ёшлиги, довдирашлари, ҳаётга бўлган майллари ва унда ўзини гўё боқий қоладигандек тутишлари, ўлимни унутишлари, ёшликдаги қувват ва ғайратга суяниб қолишлари, ўйин-кулгуга берилишлари, шундоқ ёнидаги ўлимдан, унинг кутилмаганда келишидан ғофил бўлганлари-ни эслайсиз. Тирикликда вужудини кўтариб турган оёқлар, ҳаракатга сабаб бўлган аъзолар яксон бўлди, энди қандай юрсин?! Тилини қуртлар кемирди, қандай гапирсин?! Оғзига тупроқ тўлган, қандай кулсин?! Ўлиб бўлди, энди нафсга ўлимнинг тадбирини қилишдан не ҳожат?! Шунча йиллар бепарво, ғофил юрди, ўлим фариштаси эса у кутмаган вақтда келди ва нидо қилди: «Ё жаннат, ё дўзах».


Ана шу пайт киши ўзига назар солади, ўзининг ҳам ўшаларга ўхшашлигини кўради, ғафлати ҳам, оқибати ҳам улар билан бир хил бўлиши мумкинлигини ҳис этади. _Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар:_ *«Ўликларни эслар экансан, ўзингни ҳам шулардан бири каби ҳисобла»*. _Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу эса:_ *«Ўзгадан ибратланган одамгина саодатманддир»,* деганлар. Мана шундай фикрлар ва мисоллар орқали ўлимни эслайсиз, ўлим ёнгинангизда турганини ҳис қиласиз. Аллақачон ўлимга ҳозирлик кўриш фурсати етганини, дунёнинг эса нақадар алдамчилигини теран англай бошлайсиз. Энди ўлимни номигагина, тил учида эслаб, ибрат ва огоҳлик ҳосил қилиб бўлмаслигини яхши биласиз. Демак, қачонки, калб дунё билан овуна бошласа, ўша заҳоти ўлимни эсланг, аслингизга қайтасиз. Бир куни Ибн Мутиъ ҳовлиларига назар солиб, унинг гўзаллигидан ҳайратга тушдилар. Кейин: *«Аллоҳга қасамки, агар ўлим бўлмаганида, сени кўриб шодланар эдим. Агар қоп-қоронғу, тор қабрларга қайтиш бўлмаганида, дунё билан кўзларимиз қувонар эди»,* дедилар.

Report Page