ИНСОН ҲАЁТИ ЁКИ ОДАМ САВДОСИГА ҚАРШИ МУҲИМ ҚАДАМ ТАШЛАНДИ...  

ИНСОН ҲАЁТИ ЁКИ ОДАМ САВДОСИГА ҚАРШИ МУҲИМ ҚАДАМ ТАШЛАНДИ...  

@guliston_t_press
Images

ХХI асрнинг дастлабки йиллари илм-фан ва техника ривожининг шиддатли тус олганлиги, ахборот алмашинуви тизимининг тубдан такомиллашганлиги билан инсоният тарихида ўзига хос давр бўлди. Ижобий ўзгаришлар билан бир қаторда айрим трансмиллий жиноятларнинг ортиши ҳам кузатилмоқда. Одам савдоси ҳам ана шундай жиноятлардан биридир.

Одам савдоси, -бу инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати, осойишта турмуши ҳамда келажагига таҳдид солаётган трансмиллий уюшган жиноятчилик кўринишларидан бири бўлиб, ўзининг чегара танламаслиги ҳамда гирдобига асосан ёшларни ва аёлларни тортаётганлиги билан барчада катта ташвиш ва хавотир уйғотмоқда.

Инсонни улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинлиги ҳимоясини таъминлаш асосий қадриятга айланган ушбу даврда бу мудҳиш иллат ноқонуний қурол савдоси, гиёҳвандлик воситаларининг ғайриқонуний муомаласи каби жиноятлар қаторида оғир оқибатларни келтириб чиқаради. Одам савдоси  инсоннинг эркинлиги, тенглиги ва шахсий дахлсизлигига путур етказади, уни турли хўрлик ва камситишларга дучор этади. Одам савдоси деб аталмиш ушбу жиноий фаолият ортида мажбурий меҳнат, қуллик, мажбурий донорлик, ҳарбий тўқнашувларда фойдаланиш, фоҳишабозлик билан шуғулланишга мажбурлаш каби қабиҳ қилмишлар туради.

Дунёда одам савдоси билан боғлиқ вазият таҳлили бу борадаги аҳволнинг ҳамон жиддийлигича қолаётганлигини кўрсатмоқда. Ҳалқаро ташкилотларнинг маълумотларига кўра жаҳон миқёсида ҳар йили 700 мингдан 4 миллион нафаргача одам сотилмоқда, сотиб олинмоқда ёки зўрлик билан ушлаб турилибди. Одам совдоси, мана, бир неча ўн йилдирки, жиноятчилар учун сердаромад манбалардан бири бўлиб қолаяпти. Халқаро миграция ташкилотининг маълумотларига кўра 21 миллиондан 35 миллион нафаргача киши қулликнинг замонавий шаклларидан азият чекмоқда. Мазкур бизнес билан шуғулланувчиларнинг йиллик даромди 32 миллиард АҚШ доллорига тенг. Одам савдоси жабрланувчиларининг 44 фоизи мигрантлар бўлиб, ўртача ҳисобда ҳар йили 45 минг киши мазкур жиноят қурбони бўлади. ҲМТ ташкил этилгандан буён 11 миллиондан ортиқ одам ташкилотнинг саъй-ҳаракати билан мазкур чоҳдан қутқарилди.

Афсус билан таъкидлаш керакки, дунё­да одам савдоси бозори ва унга талаб кундан-кунга ошиб бормоқда. Шу боис, жиноий тузилмалар ушбу ноқонуний фаолият билан шуғулланишнинг турли йўлларини қи­дириш, мақсадини амалга оши­ришни енгиллаштириш учун халқаро жиноий уюшмалар ташкил этиш, давлат хизматчиларини ўзларига оғдириш па­йида бўладилар. Бу эса трансмиллий уюшган жиноятчилик, коррупция каби хавфли иллатларнинг кенг ёйилишига сабаб бўлади.

        Одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар ўз хусусиятига кўра латент характерга эга. Чунки одам савдоси қурбонлари уларга нисбатан жисмоний ёки руҳий тазйиқ ўтказилганлиги ҳақидаги маълумотлар ошкор бўлиши ёки ўзининг ноқонуний хорижга чиққанлиги фош бўлишидан чў­чиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этмайдилар. Бундай ҳолат одам савдоси билан шуғулланган шахсларнинг жавобгарликдан қутулиб қолишига ҳамда жиноий фаолиятини давом эттиришига олиб келади.

Одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг жамиятимизга олиб келиши мумкин бўлган салбий оқибатларини чуқур англаган ҳолда, ўтган йиллар мобайнида республикамизда бундай жиноятларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Аввало, бу даврда одам савдоси жиноятларига бар­ҳам беришнинг норматив-ҳуқуқий базаси шакллантирилди.

2008 йил 17 апрелда «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Давлатимиз одам савдосига қар­ши курашиш ва унинг қурбонларини ҳимоя қилишга қаратилган асосий халқаро ҳужжатларга қўшилди. Унга асосан одам савдосига қарши курашиш – одам савдосининг олдини олиш, уни аниқлаш, унга чек қўйиш, унинг оқибатларини минималлаштириш, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича 17 август 2020 йилда қабул қилинган “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни бу борадаги ишлар самардорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Албатта, кўрилаётган чора-тадбирлар одам савдосидан жабрланганларни нормал турмушга қайтариш, уларнинг жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси эканлигини ҳис этиб яшашига эришишда муҳим восита бўлмоқда. Одам савдосининг тўлиқ олдини олиш учун кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда тарғибот ва ташвиқот ишларини янада жадаллаштириш, маҳаллаларда фаолият кўрсатаётган йиғин раислари ва маслаҳатчилари имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, хотин-қизларнинг ижтимоий муҳофазаси, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш ишларини кучайтириш зарур.

Хулоса қилиб айтганда, Бундай глобал муаммога глобал миқёсда кураш олиб бориш керак. Ҳудудуй чегарани ҳам, давлату миллатни ҳам танламайдиган бу иллатга барҳам беришда давлатлараро ҳамкорлик, кенг миқёсдаги чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ бўлади.

Жиноят ишлари бўйича Гулистон туман суди судья ёрдамчиси Ш.Бўронов

Report Page