Жиноятга жазо муқаррардир

Жиноятга жазо муқаррардир

@guliston_t_press
images

Ўзбекистон Республикаси Конститутциясида давлат ва ҳусусий мулк давлат ҳимоясида эканлиги қайд этилган бўлиб, “Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулкчилик ташкил этишини, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан тўлиқ муҳофаза этилишини кафолатлаши, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги, мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкинлиги;

 “Мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши, мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт”лиги кўрсатилган.

Бироқ ҳамма ҳам фақат халол меҳнат билан бойлик топишни ўзига мақсад қилмасдан, балки ўзгалар мулкини яширин равишда ўғрилик йўли билан талон-торож қилишни тирикчилик манбаи қилиб олганлар ҳам

минг афсуски орамизда кам эмас.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддасига кўра “Ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш” ўғирлик жинояти деб эътироф этилиб, жиноий жавобгарлик белгиланган.

Бироқ, барча ҳолатларда ҳам қилмишни ўғирлик жинояти деб баҳолаш мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 61-моддасида “Мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона, муассаса, ташкилотларнинг мол-мулкини ўғирлаш, ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб лавозимини суиистеъмол қилиш ёки фирибгарлик йўли билан оз миқдорда талон-торож қилиш учун маъмурий жаовбгарлик белгиланган бўлиб, шу модданинг учинчи қисмида башарти талон-торож қилинган мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан ошмаса, бундай талон-торож оз миқдорда талон-торож қилиш ҳисобланиши кўрсатилган.

Юқоридаги қонун талабларидан кўринадики, мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона, ташкилот ва муассасаларнинг базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари (223.000 Х 30 = 6.690.000) дан ошмаган талон-торож учун жиноий жавобгарликка тортиш мумкин эмас.

Бироқ, қонун бу талаби фуқароларнинг мулкига нисбатан татбиқ этилмайди.

Ўғрилик жинояти гарчанд фуқароларга зўрлик ишлатилмасдан содир қилинса-да, бироқ ўзгалар мулкини талон-торож қилишнинг энг кўп тарқалган усули бўлганлиги ҳамда бу тоифадаги жиноятларнинг фош этилиши муайян қийинчиликлар туғдириши қилмишнинг ижтимоий хавфлилигини оширади.

Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганлик учун қонунда базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари назарда тутилган.

Ўғрилик жиноятини оғирлаштирувчи ҳолатларда тавсифловчи белгилари 169-моддасининг 2, 3, 4-қисмларида белгиланиб, ушбу ҳаракатлар учун қуйидагича жазо чоралари белгиланган:

Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми:

а) жабрланувчининг кийими, сумкаси ёки бошқа қўл юкидаги ашёга нисбатан (киссавурлик);

б) анча миқдорда;

в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;

г) уй-жой, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб содир этилган бўлса, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши;

169-модданинг 3-қисми:

а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;

б) компьютер тизимига рухсатсиз кириб;

в) кўп миқдорда;

г) нефть қувурларида, газ қувурларида, нефть ва газ маҳсулотлари қувурларида содир этилган бўлса, -

беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши;

169-модданинг 4-қисми:

а) жуда кўп миқдорда;

б) ўта хавфли рецидивист томонидан;

в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, -

саккиз йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши

Мазкур тоифадаги ишлар бўйича суд амалиётини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1999 йил

30 апрелдаги “Ўзгалар мулкини ўғирлик, талончилик ва босқинчилик билан талон-торож қилиш жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги

6-сонли қарори қабул қилиниб, унда жабрланувчининг ёки бошқаларнинг йўқлигида ёки улар бор бўлса-да, уларга билдирмасдан ўзганинг мол-мулкини яширин талон-торож қилиш ўғирлик ҳисобланиши, бордию жабрланувчи ёки бошқалар мол-мулкининг олинаётганлигини кўрган бўлса-да, лекин айбдор билдирмасдан ҳаракат қиляпман деб ўйлаган бўлса, бундай қилмишни ҳам ўғирлик деб тавсифлаш лозимлиги, ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш билан бошланган, лекин жабрланувчи ёки бошқа шахслар томонидан сезиб қолинганига қарамасдан айбдор томонидан мулкка эгалик қилиш мақсадида уларнинг ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб қилинган ҳаракатлар талончилик деб, ҳужум қилиб ҳаёти ёки соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатганда ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитганда эса босқинчилик деб тавсифланиши, зўрлик ишлатиш ҳаракатлари айбдор томонидан ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиши тугагандан кейин қўлга тушишдан қутулиш мақсадида содир этилган бўлса, бундай ҳаракат талончилик ёки босқинчилик деб қаралмаслиги, зўрлик ишлатишнинг хусусияти ва келиб чиққан оқибатларга қараб қилмишни ўғирлик деб, бошқа жиноятларнинг белгилари бўлганда жиноятлар мажмуи бўйича тавсифлаш лозимлиги, айбдор томонидан содир этилаётган воқеани тушуниб етиш қобилиятига эга бўлмаган (масалан, ёши жуда кичиклар, руҳий жиҳатдан ақли норасолар, алкоголдан ёки наркотик моддалардан кучли мастлик даражасида бўлган ёки ухлаб қолган) шахсларнинг мулкини ўғирлаш ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш деб тавсифланиши кераклиги тўғрисида раҳбарий тушунтиришлар берилган.

Мазкур Пленум қарори тергов ва суд амалиётида вужудга келаётган муаммоли масалаларни ҳал этишда, судланувчиларнинг ҳаракатларини тўғри квалификация қилиб, адолатли ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда дастурамал бўлиб келмоқда.

Бироқ, шуни таъкидлаш лозимки жамият ва иқтисод ривожланиши билан бу тоифадаги жиноятларни содир этиш усуллари кўпайиб, уларни фош этиш мураккаблашиб бормоқда.

Жиноятларни фош этишда замонавий ускуналар, ахборот технологияларидан фойдаланиш заруратини замоннинг ўзи тақозо этмоқда. Шу сабабли ҳар бир фуқаро мулкка нисбатан ҳушёрлигини ошириши, мулк муҳофазаси бўйича ҳудудий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг тавсиялари (онлайн кузатув камераларни, ташвиш сигналларини ўрнатиш ва ҳ.к.)ни бажариши фойдадан холи эмас.

Айни вақтда ҳудудларда нафақат ўғрилик, балки бошқа турдаги  жиноятларни камайтириш, уларни ўз вақтида очилишини таъминлашда жамоатчиликнинг ёрдамисиз бирон-бир натижага эришиб бўлмаслигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Жиноят ишлари бўйича Гулистон

туман судининг раиси М.Сафаров

Report Page