Одам савдоси - глобал муаммо

Одам савдоси - глобал муаммо

@guliston_t_press
Google images

Ҳеч кимга сир эмас, ахборот технологиялари ривожланган бугунги кунларимизда ҳам дунё бўйлаб ҳар йили одам садвоси каби жирканч жиноят натижасида миллионлаб инсонлар “замонавий қуллик” қурбони бўлишмоқда. Ушбу жиноятнинг ривожланишига туртки бўлаётган асосий омиллардан бири чет элларга бориб ишлаш истаги ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигидир. Ўзга давлат, бегона муҳитга тушиб қолган, ҳуқуқий ҳимояси йўқ шахслар, шу жумладан бизнинг ҳамюртларимиз оғир жисмоний меҳнатга жалб қилинмоқда, хотин-қизлар фаҳш ишларга мажбур этилмоқда.

        Мамлакатимиз томонидан одам савдосига қарши курашиш борасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида”ги Конвенциясини, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ушбу Конвенциясини тўлдирувчи “Одам савдоси, айниқса, аёллар ва болалар савдосини олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақида”ги Протоколи ратификация қилиниб, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди, халқаро ҳуқуқ нормалари миллий қонунчиликка мослаштирилди.

Жиноят кодексининг “Одамлардан фойдаланиш учун уларни ёллаш” деб номланувчи 135-моддаси Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 16 сентябрдаги ЎРҚ-179-сонли қонуни билан янги таҳрирда қабул қилиниб, “одам савдоси” деган тушунчага одамни олиш-сотиш ёки одамни эксплуатация қилиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш деб таъриф берилиб, ушбу қилмишлар учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Шунингдек, ушбу тоифадаги ишларни кўришда ягона суд амалиётини шакллантириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2009 йил 24 ноябрдаги “Одам савдосига оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида” 12-сонли қарори қабул қилинди.

Қарорининг 5-бандида, одамни эксплуатация қилиш бошқа шахслар фоҳишабозлигидан фойдаланиш ёки бошқа кўринишдаги шаҳвоний эксплуатацияни, мажбурий меҳнат ёки хизматлар, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатлар, эрксизлик ҳолати ёки одам аъзолари ёки тўқималари олинишини англатиши, фоҳишабозликда фойдаланиш деганда, одамдан унинг ҳақ эвазига номуайян доирадаги жинсий шериклар билан шаҳвоний муносабатларга киришишидан муттасил фойдаланиш тушунилади. Бошқа кўринишдаги шаҳвоний эксплуатация деганда, одамнинг ундан порнографик тасвирлар тайёрлаш, бузуқ ҳаракатлар содир этиш ва ҳ.к. мақсадларда фойдаланиш учун берилиши тушунилиши, мажбурий меҳнат бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлашни англатиши, ҳарбий ёки муқобил хизмат тўғрисидаги қонунлар асосида, фавқулодда ҳолат юз берган шароитларда, суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига биноан, қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда бажарилиши лозим бўлган ишлар мажбурий меҳнат деб ҳисобланмаслиги ҳақида раҳбарий кўрсатмалар берилган. Шунингдек, қарорда қуллик — ўзига нисбатан мулк ҳуқуқига хос айрим ёки барча ҳуқуқлар амалга оширилаётган шахс аҳволи ёки ҳолатини, эрксизлик ҳолати — шахснинг муайян омиллар мажмуи таъсири остида ўз эркига хилоф равишда ҳар қандай иш ёки хизматни бажаришга мажбур бўлганлигини англатиши ҳақида тушунтиришлар берилган.

Ушбу трансмиллий жиноят чегара ёки ҳудуд танламайди, инсон ҳаёти ва унинг тақдирига жиддий хавф туғдиради. Бу жиноят мол-дунёга ҳирс қўйиш, бошқалар тақдирига бефарқлик, ўз манфаатини бошқаларникидан устун қўйиш, давлат ва жамият тақдирига беписандлик каби иллатлар замиридан келиб чиқади. Бугунги кунда алданиб, ўзга юртларда сарсон-саргардон бўлиб юрган ватандошларимиз ҳақидаги мақолаларни ижтимоий тармоқларда кўплаб учратишимиз мумкин.

Айни вақтда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳияти инсон ва унинг манфаатлари экан, одам савдоси жинояти қурбонига айланиб қолмаслик, бу турдаги жиноятлардан жабрланган шахсларни ижтимоий қўллаб қувватлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилаётгани қувончли хол. Бироқ, биз фақатгина оқибат билан курашганимиз бу жиноятни содир этилишини тўхтатиб қўймайди. Одам савдосига қарши курашиш фақатгина ҳуқуқ-тартибот идораларининг вазифаси деб фикр юритиш катта хато эканлигини фуқароларимиз тушуниб етмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан бир қаторда нодавлат-нотиржорат ташкилотлари, соғлиқни сақлаш, бандлик масалалари органлари ҳам ушбу жирканч иллатга қарши курашиши, аҳолида бу каби ноқонуний ҳаракатларга нисбатан муросасизликни шакллантириши жиноятчиликни олдини олишда муҳим омил ҳисобланади.

Жиноят ишлари бўйича

Гулистон туман суди девонхона мудири

Б.Нурматов

Report Page