Гулистон тумани ҳокими Ш.Гафуровнинг мактаб битирувчиларига самимий тилаклари

Гулистон тумани ҳокими Ш.Гафуровнинг мактаб битирувчиларига самимий тилаклари

@guliston_t_press
Images

Хурматли мактаб битирувчилари!

Бугун Сизлар учун, устозлар, ота-оналар, ҳаммамиз учун ҳаяжонли кун – “Сўнгги қўнғироқ”. «Сўнгги қўнғироқ...» Бу жумла ҳар кўнгилда ўзгача жаранглайди, айниқса, битирувчилар қалбида. Ҳар бир қалбда биргина нидо: "Мактабдан ҳеч қачон кетмасайдик!”

Мактаб даври ... Биз неча ёшда бўлмайлик, унинг хотиралари билан яшаймиз. Ўқиб юрган пайтларимиз ёмон кўрган синфдошимиз ҳам йиллар ўтиб энг яқин сирдошимиз эканлигини англаймиз. Мактаб остонасидан ташқарига ҳатладикми, ҳаёт деган уммонга шўнғирканмиз, унда бизни уришиб овутадиган устозлар, хато қилсак бўялган бетини яшириш учун йиртилишига ҳам рози бўладиган қоғозлар, бир қўнғироғи билан минглаб болани бағрига оладиган масканни энди тополмаслигимиздан афсусланамиз.

Ҳурматли битирувчи ёшлар!

Афсуски шароит тақазо қилиб сиз билан юз кўришиб байрамни нишонлай олмаётган бўлсакда, қалбан, доим биргамиз.  Сизларга мустақил ҳаётга йўлланма бериш ҳамда 2019-2020 ўқув йилининг якунига бағишланган “Сўнгги қўнғироқ” байрам тадбирлари битирувчилар учун ҳозирги карантин вазиятидан келиб чиқиб бу йил "Онлайн" тарзда бўлиб ўтмоқда.

Сиз ҳаётингизда энг муҳим қадамларни бошлаш арафасидасиз. Шу вақтгача қадрдон мактабдаги устозларингиз ва дўстларингиз билан ўтказган кундалик турмуш тарзингиз ўрнига янги ҳаёт, ажойиб таассуротлар ва тажрибалар оламига сафарингиз бошланмоқда. Президентимиз раҳнамолигида ёшлар учун барча шароит ва кенг имкониятларни яратиб бериш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган.

Ҳурматли мактаб битирувчилари!
Мустақил ҳаётга қадам қўйишни бошлар экансиз, сизларни талабалик деган номга сазовор бўлишингизни ҳамда Ватанимиз равнақи йўлидаги ишларингизга улкан зафарлар тилайман!

Насиб қилса севимли касбингиз, касбдошларингиз бўлади, ота-онангиз дуолари билан бахтли ҳаёт кечирасиз, иншааллоҳ. Сиз буни уддалайсиз. Сиз эртанги кунингизга ишонинг, энг гўзал келажакни орзу қилинг ва унга интилинг. Билим олиш ва ўрганишдан тўхтаманг, доимо соғ-омон бўлинглар!

Гулистон тумани ҳокими

Гафуров Шавкат Алибекович

Report Page