Гулистон тумани ҳокими Ш.Гафуровнинг туман аҳолисига "Наврўз" байрам табриги ва Мурожаати

Гулистон тумани ҳокими Ш.Гафуровнинг туман аҳолисига "Наврўз" байрам табриги ва Мурожаати

@guliston_t_press
Фото.Гулистон тумани ҳокимлиги

Ассалому алайкум ҳурматли ва қадрли

Гулистон тумани аҳли!

Жаннатмакон она юртимизга барчамиз орзиқиб кутган гўзал ва дилбар фасл - Наврўзи олам кириб келмоқда!

Минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг кўрку зийнати бўлиб келаётган бу ажойиб ва ҳосиятли байрам бугун қалбларимизга яна чексиз қувонч ва завқ бағишламоқда. Мана шу улуғ айём, шарқона янги йил билан сиз азизларни — Муҳтарам отахон ва онахонларни, мунис ва меҳрибон опа-сингилларимизни, жондан азиз суюкли фарзандларимизни, каттаю-кичик юртдошларимизни ва бутун Гулистон тумани аҳлини чин юракдан самимий муборакбод этаман.

Ҳурматли тумандошлар!

Барчамизга маълумки, Наврўз — янги кун, янги фасл демакдир.  Бугун она табиат бағрида янгиланиш ва яшариш фасли бошланмоқда. Ушбу фаслда барча ўзида ёшариш, вужудида куч-ғайрат, азму шижоат хис этади. Халқимиз миллий тикланишдан миллий юксалиш сари тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Барча эзгу қадрият ва анъаналаримиз қатори уч минг йилдан зиёд тарихга эга бўлган Наврўзи оламнинг кундалик ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти тобора юксакдир.

Наврўз — шарқона янги йил сифатида барчамиз учун энг қадрли, энг азиз ва суюкли миллий байрамга айланган. Наврўзнинг ўрни, завқу шавқи бўлакча. Меҳр-оқибат, эзгулик, саховат ҳамда мурувват тимсоли саналмиш ушбу айём халқимизнинг азалий анъаналарига ҳамоҳанглиги билан янада қадрлидир.

Ҳурматли Гулистонликлар, қадрли ватандошлар!

Бугунги кунда дунёнинг 160 дан зиёд давлатларида тарқалган коранавирус муаммоси бутун жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солиб келаётганлигидан барчангиз хабардорсиз.

Афсуски ҳозирги вақтда ушбу касалликка чалинган беморларни мамлакатимизда ҳам аниқланганлиги барчамизни огоҳлик ва ҳушёрликка даъват этиб, бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этган ҳолда хавфли пандемияни тарқалиб кетишини олдини-олишга жиддий эътибор қаратишимиз лозимлигини тақозо этади.

Лекин ҳеч қандай хавотирга, бирон бир ваҳимага ўрин йўқ!

Мамлакатимизда муҳтарам Юртбошимиз ва ҳукуматимиз томонидан короновирус касаллигига қарши курашиш бўйича барча зарурий чоралар кўрилган.

Бу йўналишда касалликни олдини олиш учун Гулистон туманида ҳам тинимсиз профилактика тадбирлари олиб борилмоқда.

 Шундай экан ҳар биримиз, шахсий масъулиятимизни оширган ҳолда тиббиёт ходимлари томонидан берилаётган тавсияларга қатъий амал қилган ҳолда ўзимиз ва яқин инсонларимизни асрашга масъуллигимизни унутмаслигимиз даркор.

Азиз тумандошлар!

Яна сизларга шуни маълум қиламанки, бугунги кунда тегишли масъуллар томонидан асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини нарх-навосини асосиз равишда ошиб кетишини олдини-олиш борасида тизимли назорат ўрнатилган бўлиб, ўз навбатида тадбиркорларимиз томонидан ҳам ушбу ҳатти ҳаракатларни тўғри баҳолаган ҳолда аҳоли учун етарли миқдордаги истеъмол товарларини етказиб бериш чоралари кўрилаяпти.

Хурматли ва азиз туманимиз аҳли!

Ўз вақтида қанчадан-қанча синовлар ва оғир кунларни бошидан кечирган халқимиз вазиятга тўғри баҳо бериб, қанчалик қийин бўлмасин ушбу синовларни ҳам мардонавор енгиб ўтишига ишонамиз.

Шундай экан ҳеч қандай ваҳимага, саросимага асло ўрин йўқ!

Барчангизни кириб келган яшариш, яшнатиш, деҳқонбоболар далага уруғ қадаб бошлайдиган бетакрор байрам Наврўзи Олам билан табриклайман. Ҳаётимиз обод, фаровон бўлсин! Деҳқончиликларимизга Яратганнинг ўзи барака берсин!

Ўзбекистонимиз осмони мусаффо, тинч, сувларимиз мўл, одамларимиз хурсанд бўлиб яшасинлар! Ёмонликлар чекинсин, ҳамиша юртимизда тўйлар, байрамлар бўлсин!

Хурмат билан,

Гулистон тумани ҳокими Ш.Гафуров

Report Page