"Сирдарё ҳақиқати" газетасининг 2020 йил 1 февралдаги 10-сонидаги Гулистон тумани бўйича танқидий-таҳлилий мулоҳаза юритилганлиги юзасидан​

"Сирдарё ҳақиқати" газетасининг 2020 йил 1 февралдаги 10-сонидаги Гулистон тумани бўйича танқидий-таҳлилий мулоҳаза юритилганлиги юзасидан​

@guliston_t_press
Фото. Гулистон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

“Сирдарё ҳақиқати” газетасининг 01.02.2020 йилги №10 сонида “Гулистон туманида йирик лойиҳаларни амалга ошириш, саноатни ривожлантириш бугунги кун талабларидан орқада қолаётгани, хусусан, туманда ўтган йили пахта тайёрлаш режаси бажарилмагани, ҳудудда 15 йиллар олдин қурилган битта пахта тозалаш заводини ҳисобга олмаганда фаолият юритаётган йирик корхона мавжуд эмаслиги, “Обод қишлоқ” дастури бўйича ҳам туманда амалга оширилган ишлар охирига етказилмагани, ҳудудда аҳоли дам олиш, бўш вақтини кўнгилли ўтказадиган истироҳат боғи мавжуд эмаслиги, шунингдек, туманда ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам қониқарсиз экани ҳақида танқидий-таҳлилий мулоҳаза юритилган” мақола юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

Гулистон туманида ҳам тадбиркорлик субъектларини кўпайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш, ташқи бозорларда рақобатбардош бўлган товарларни ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи маҳаллийлаштирилган саноат маҳсулотлари ҳажмларини ошириш ва турларини кўпайтириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ҳозирги кунда туманда 2020 йил 1 январь ҳолатига тадбиркорлик субъектлари сони 1712 тани (юридик 894 та, якка тадбиркорлар 363 та, фермер хўжаликлари 449та) ташкил этади. Шундан. 2019 йилнинг ўзида 2018 йилга нисбатан 3,1 баробар кўп, яъни қўшимча 261 та тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. 2020 йилда яна 292 та қўшимча янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш прогнози белгиланган.  Ушбу тадбиркорлик субъектларига туман аҳолисидан 600 нафар ишга жойлаштирилади.

Гулистон туманини ижтимоий, иқтисодий ва саноатини ривожлантириш дастурлари доирасида 2 та йирик ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Булар, Ишонч худудидаги “Мили текс Сирдарё” корхонаси ва Зарбдор худудидаги “Бек Метал Продакшн” корхоналаридир.

Фаолиятини бошлаш арафасида турган Ишонч худудидаги “Мили текс Сирдарё” корхонаси томонидан умумий қиймати 32 млн. долларлик “Ип калава ишлаб чиқариш” лойиҳаси йилига 10 минг тонна (20 млн. доллар) ип калава ишлаб чиқаради ва йиллик 1,3 млн. долларлик маҳсулотлар экспортини амалга оширади. Ушбу лойиҳа амалга оширилиши натижасида 400 та янги иш ўринлари яратилади.

Зарбдор худудидаги “Бек Метал Продакшн” корхонаси томонидан умумий қиймати 2,6 млн. долларлик “Иссиқхоналар учун метал конструкциялар, профил ишлаб чиқариш” лойиҳаси бўлиб бугунги кунда мамлакатимизга кириб келаётган иссиқхоналар учун метал конструкциялардан 8 минг тонна (10,4 млн. доллар) ишлаб чиқаради ва йиллик 1,5 млн. долларлик маҳсулотлар экспортини амалга оширади ҳамда 8,9 млн. долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.  Ушбу йирик лойиҳа ишга туширилиши натижасида қўшимча 100 та янги иш ўринлари яратилади.

Бундан ташқари вилоятимизда ўтказилган Халқаро Инвестиция форуми доирасида Хитойнинг “Даксинг Ню Материалс” компанияси билан қиймати 30 млн. доллар бўлган пахта линтидан целлюлоза ишлаб чиқариш ва Ветнам давлатининг умумий 4 млн. доллар бўлган “балиқ махсулотларини консервалаш”, “Тропик меваларни етиштириш” ва “Қурилиш материаллари” ишлаб чиқариш лойиҳалари билан келишувларга эришилди.

Бугунги кундаги янги тизим-кластерлар институти Гулистон тумани мисолида ҳам амалга оширилаяпти. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 ноябрдаги “Республика ҳудудларида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини жорий этиш механизмларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 914-сонли қарорига асосан Гулистон туманининг 6200 гектар экин ер майдони Хитойнинг «LT Textile Sirdaryo» МЧЖ пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш кластерига ажратилди. Туман марказидаги “Гулистон пахта тозалаш” корхонаси ҳам ушбу кластер тизимида фаолият юритади. Бу ҳам бевосита янги иш ўринларини кўпайтиради.

2019 йилда “Обод Қишлоқ” дастури доирасида тумандаги Боёвут маҳалласида 9,9 млрд. сўмлик, Бирлашган маҳалласида 9,1 млрд. сўмлик ва Оқолтин маҳалласида 7,8 млрд. сўмлик жами 26,8 млрд сўмлик қурилиш пудрат ишлари амалга оширилди ва маҳаллаларимизга ўзгача кўрк бағишланди. 2020 йилда ҳам яна 2та Бешбулоқ, ва Зарбдор маҳаллаларида “Обод Қишлоқ” ва туманимиз марказида “Обод Марказ” Дастурлари давом эттирилади.

Туман аҳоли учун дам олиш марказларидан бири бўлган туман Маданият саройида 2020 йил январ ойидан бошлаб тўлиқ қайта таъмирлаш ишлари бошланган. Маданият маркази Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилиб, аҳоли ва ёшлар учун Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббуслари асосида фаолият кўрсатади. Бундан ташқари, туман Маданият марказига тегишли “Ёшлар истироҳат боғи” да айни дамда замонавий дизайн асосида қурилиш ишлари бошланган. Унда китоб ўқиш, дам олиш, болалар учун кўнгилочар ўйингоҳлар ва бепул Wifi зоналари ташкил этилади.

Сирдарё вилояти ва Гулистон туман ҳокимликлари ташаббуси билан Гулистон туманида 21-26 феврал кунлари "Ёшлар бандлиги ҳафталиги" доирасида тадбирлар ўтказилди. Ҳафталикни ўтказишдан кўзланган мақсад: Ёшларни иш билан таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, ўз-ўзини банд қилиш бўйича билим ва кўникмаларини кенгайтиришдан иборат бўлди.

Ўтказилган тадбирлар натижаларига кўра ишсиз ёшларнинг 185 нафари чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, қуёнчилик, иссиқхона ташкил этиш, тикувчилик, қандолат ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўналишларида кредит олиш истагини билдирди.

Тумандаги “Ишонч” маҳалласи ҳудудида ип калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Мили текс Сирдарё” МЧЖ қўшма корхонаси фаолияти билан 100 нафар ишсиз ёшлар танишгач, ушбу корхонада ишлаш истагини билдирди. Улар билан корхона маъмурияти ўртасида ишга қабул қилиниши юзасидан келишувга эришилди.

Шунингдек, ишга тушиши режалаштирилган “Бек метал продакшн” корхонаси маъмуриятида ҳам 30 нафар ёшларнинг бандлигини таъминланади.

Тадбир доирасида "Ҳар бир ёшга 1 гектар" лойиҳаси асосида тумандаги Дўстлик СИУ худудида жойлашган туман Ўрмон ҳўжалиги заҳирасида бўлган ерлардан деҳқончилик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган ёшларнинг 31 нафарига 1 гектардан ер майдони ажратилди.

Туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ажратилаётган субсидиялар учун 20 нафар ёшлардан аризалар қабул қилиниб хужжатлар расмийлаштирилди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимизки, Гулистон туманида хар бир соҳани ривожлантириш борасида аниқ режа ва “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган. 

Гулистон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Report Page