Фарзандларимиз тарбиясига бефарқ бўлмайлик! Ёҳуд бугунги кунда телефоннинг фарзанд тарбиясига таъсири.

Фарзандларимиз тарбиясига бефарқ бўлмайлик! Ёҳуд бугунги кунда телефоннинг фарзанд тарбиясига таъсири.

@guliston_t_press
Images

Президент раҳбарлигида жорий йилнинг 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар таъсирчанлигини янада ошириш борасида йиғилиши ўтказилиб, унда муҳтарам юртбошимиз "Болаларимизни телефон тарбиялаяпти" – деб бу масалага жиддий эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаб ўтган эдилар.

Айтиш жоизки, бугунги кунда интернет глобал тармоғининг умумтараққиётга таъсири – рад этиб бўлмайдиган ҳақиқат, бироқ у айрим ёшларимизнинг маънавий иммунитетини сиқиб олаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Интернет глобал тармоғи орқали тарғиб қилинаётган бузғунчи ғоялардан яна бири «оммавий маданият»дир. Бу ҳам ўзликни, ўтмишни унутишга қаратилган ғараз ниятларнинг ифодаси аслида. Кимлардир ўзи ботган ботқоққа бошқаларни ҳам тортмоқчи. Мана шундай вазиятда фарзандларимизни телефон мутелигидан асраш ва бу ишни, энг аввало, ота-оналар, оила ўз зиммасига олмоғи даркор. Фарзандининг келажаги учун масъуллик ҳисси улардан ўта ҳушёрликни, доимий диққат-эътиборда бўлишни талаб этади.

Оилада улғаядиган боланинг қандай инсон бўлиб шаклланиши биринчи навбатда ота-онага боғлиқ. Улар эса ишни, аввало, болага чиройли тарбия беришдан бошламоқлари даркор. Зеро, тарбия барча ҳикматларнинг аввалидир.

           Ҳар бир инсон ўз фарзандини дунёдаги энг намунали, илмли ва маънавиятли бўлишини орзу қилади. Шунга эришиш йўлларини ахтаради. Бу йўлда тўғаноқ бўлган барча тўсиқларни енгиб ўтишга интилади. Аммо айрим оилаларда боланинг рисоладагидек инсон бўлиб етишувида тарбия биринчи восита экани эътибордан четда қолади.

           Шуларни ҳисобга олган ҳолда, Ҳукумат қарори билан Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси тасдиқланди. Узлуксиз маънавий тарбия концепциясини амалга оширишнинг устувор йўналишларидан бири аҳолининг фарзанд тарбияси бўйича билимларини, педагогик маданиятини ошириш, фуқароларни узлуксиз маънавий тарбиянинг самарали усуллари ва амалга ошириш шакллари билан мунтазам таништириб бориш ҳисобланади.Концепциянинг мақсади ёш авлодда мустақил ҳаёт учун зарур ижтимоий кўникма ва фазилатларни ёшига мос, босқичма-босқич шакллантириш асосида юксак фазилатли, баркамол авлодни вояга етказишдан иборат.

           Инсоннинг маънавий ва ақлий ҳислатларини, асосан, унинг олган тарбияси, яшаган муҳити белгилайди, деб ҳисобланади. Агар, яхши тарбия инсоннинг энг қимматли бойлиги бўлса, нотўғри тарбия унинг учун бахтсизликка, ҳатто ҳалокатга айланиши уқтирилади. Шунинг учун мактаб тарбиясидан ҳам олдин оила тарбиясига катта аҳамият берилади. Оилада тўғри йўлга қўйилган тарбия мактаб таълими учун катта мададдир ва аксинча, оилада тегишли тарбия ишлари олиб борилмаса, бу ҳолда мактабдаги таълим-тарбия ишининг самараси паст бўлиб қолаверади.

           Афсуски  бугунги глобаллашув даврида ўзига хос ва мос миллий, диний қадриятларга асосланган халқимизнинг тарбия борасидаги азалий анъаналари “оммавий маданият”, менталитетимизга ёт ғоя ва қарашлар таъсирида асл моҳиятини йўқотиб бораётгани барчамизни ташвишга солади. Ушбу жараёнга, яъни тарбия масаласига ўз вақтида жиддий эътибор қаратмасак, эртага кеч бўлиши, тузатиб бўлмас даражадаги оқибатларгаолиб келиши мумкин.

           Бу борада ижобий натижага эришиш учун нафақат, педагоглар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, ёшлар билан ишловчи ташкилотлар, балки кенг жамоатчилик ҳамкорликда иш олиб бориши, хусусан, тушунтириш ва тарғибот ишларини кучайтириш лозим. Айниқса, маҳаллаларда, ҳар бир оилада ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ота-онанинг фарзанд тарбиясига, фарзандларининг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга бўлган эътибори ва масъулиятини ошириш лозим. Энг муҳими, фарзандларимизни соғлом, комил инсон қилиб тарбия қилайликки, улар ўз ота-боболарига, тарихимизга, Ватанимизга, она тилимизга, миллий қадриятларимизга, муқаддас динимиз анъаналарига содиқ бўлсин.

Республика Маънавият ва маърифат маркази Гулистон тумани бўлинмаси раҳбари Ж.Ботирбеков


Report Page