Халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгашининг ишчи йиғилиши бўлиб ўтди
@GulistanUzЖорий йилнинг 11 июнь куни Гулистон шаҳар ҳокими Т.Дадабаев бошчилигида Халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгашининг ишчи йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда ҳоким ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, шаҳар ҳокимлигининг тегишли ходимлари ҳамда 14 нафар депутатлар иштирок этишди. Мазкур йиғилишда ҳоким ўринбосарлари томонидан бажарилаётган ишлар ҳамда режалаштирилган лойиҳалар тўғрисидаги ахборотни тинглаш мақсадида ташкил этилди. Барча ўринбосарлар ўз йўналишлари бўйича шаҳар кенгаши депутатлари олдида тўлиқ ҳисобот беришди.
Гулистон шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари - Ф.Каршибаев томонидан шаҳар бюджетининг даромадлар режасининг бажарилиши ҳолати, аҳолининг бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида аниқ маълумот бериб ўтилди. Бундан ташқари, Гулистон шаҳрида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳоким ўринбосари - Б.Муратовнинг ахбороти тингланди.
Шунингдек ҳоким ўринбосари - Б.Исматов 2020 йил инвестиция дастури, жумладан жорий йил январь-май ойлари прогноз кўрсатгичларнинг ижроси, йирик ишлаб чиқариш қувватларини ўз вақтида ва сифатли ишга тушириш, туғридан-тўғри хорижий инвестиция, экспорт режаларининг бажарилиши ҳолати тўғрисида сўз юритди. Йиғилиш иштирокчилари кун тартибига киритилган Гулистон шаҳрида ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича соҳалар кесимида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботни эса ҳоким ўринбосари - Л.Ахмедовдан тинглашди.
Айтиш жоизки, бугунги кунда маҳалла ва оила жамияти аҳоли ўртасидаги долзарб масалалардан биридир. Шу боиз Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг ўринбосари - Ш.Мухаммадиевнинг оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги маърузаси ўқиб эшиттирилди.
Ўтказилган йиғилиш сўнгида Гулистон шаҳар ҳокимлигининг ташкилий-назорат гуруҳи томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида гуруҳ раҳбари - Л.Джураев сўз юритди.
Гулистон шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати