Genius

Genius

Gen1us_02

Дўзах деганда мияга биринчи бўлиб биз бу дунёда биладиган оловдек олов фикри келади. Лекин дўзах олови бу дунё оловидан кучлироқдир. Ҳаттоки, унинг шиддатини бирор нарса билан қиёс қилиб бўлмайди. Чунки дунё олови бир нав бўлса, жаҳаннам олови бошқа бир навдир. Дунё олови ҳамма нарсани куйдириб кўмир қилиб қўяди. дунё оловига кирган киши ёниб, куйиб, сўнг ўлиб кетади ҳамда унинг аламидан қутулади. жаҳаннам эса—Аллоҳ поноҳ берсин—унга кирган одамга доимий азоб беради. "На уларга ҳукм қилиниб, ўла олур ва на улардан (жаҳаннам) азоби енгиллатилур"
(Фотир сураси, 203-оят)

Терилар куйиб ажраб кетмайди, балки у ерда пишади. Терилар ҳар сафар пишганда Аллоҳ азобни тоттириш учун уларни яна бошқа териларга алмаштириб қўяди. Дўзах аҳли унда яшайди, фикр юритади, эслайди ва хусуматлашади. Жаҳаннамда дарахтлар бор, лекин у заққум дарахтидир. У: "Дарҳақиқат, у дўзах қаъридан чиқадиган (ўсадиган) бир дарахтдир. Унинг бутоқлари (даги мевалари хунукликда) худди шайтонларнинг бошларига ўхшар"
(Вас-соффот сураси, 64-65-оятлар)

Жаҳаннамда таомлар бор, дўзах аҳли уларни ейишади, лекин бу таомлар ана шу ифлос дарахтнинг меваларидир. Дўзах аҳли "ундан қоринларни тўлдирувчидирлар"
(Воқеа сураси, 53-оят)

"Албатта, (дўзахда ўсадиган) Заққум дарахти гуноҳкорнинг таомидир. (У) қоринларда ёғдек қайнар, қайноқ сувнинг қайнашидек"
(Духон сураси, 43-46-оятлар)

Жаҳаннамда ичимликлар бор. У ерда сув бор, лекин йирингли сув. Кофир ундан ичади ва "Уни ютмоқчи бўлади-ю, (томоғидан) ўтказа олмас"
(Иброҳим сураси, 17-оят)

Заққум дарахтидан еганларидан сўнг, ташналикдан Қуръонда васфи келган ана шу қайноқ сувдан ичадилар. Ичганда ҳам чанқаб, тинкаси қуриган туя каби ичадилар. Кейин уларнинг боши устидан ана шу қайноқ сувдан қуйилади.
"У (сув) билан уларнинг қоринларидаги нарсалар ҳам, терилари ҳам эритиб юборилур"
(Ҳаж сураси, 20-оят)

Дўзахда яна кийимлар бор, лекин оловда: "Бас, кофир бўлганлар учун оловдан кийимлар бичилур"
(Ҳаж сураси, 19-оят).

Жаҳаннамда яна соялар ва соябонлар бор, лекин улар ҳам оловдандир: "Улар учун устиларидан ҳам оловдан бўлган "соябонлар", остиларидан ҳам (оловдан бўлган) "Соябонлар" бўлур" (Зумар сураси, 16-оят).

"Қора тутун сояси остидаки, на совуқдир ва на ёқимли"
(Воқеа сураси, 43-44-оятлар)

Дунёда айш-ишратга берилган, ўз куфрида туриб олган ва қайта тирилишни инкор қилганларнинг хотимаси ана шудир.

"Улар бундан илгари (дунёда) ишратчи эдилар. Яна улкан гуноҳ (ширк) узра устувор эдилар. Яна айтар эдилар: "Бизлар ўлиб тупроқ ва суякларга айлангач, ростдан ҳам қайта тирилтирилувчимизми?!"
(Воқеа сураси, 45-47-оятлар)

"Улар у ерда инграб-ҳанграб турурлар. Модомики (охиратдаги) осмонлар ва ер бор экан, (улар) у ерда мангудирлар, илло Роббингиз хоҳлагани бундан мустаснодир. Албатта, Роббингиз истаган нарсасини амалга оширувчидир!"
(Ҳуд сураси, 106-107-оятлар)

Аллоҳдан паноҳ тилаймиз...

Шайх Али Тантовийнинг "Исломни умумий таништириш" китобидан

Report Page