Путиндан жиддий юриш. Африканинг 43 нафар давлат раҳбари нега Россияга келди?

Путиндан жиддий юриш. Африканинг 43 нафар давлат раҳбари нега Россияга келди?

🌐OLTIARIQ_TV

》》》》》

Фото: nangs.org.

Якунланган ҳафтада Сочида «Тинчлик, хавфсизлик ва тараққиёт учун» шиори остида бўлиб ўтган биринчи «Россия-Африка» халқаро иқтисодий форуми ҳақиқатда глобал геосиёсий кўламга эга муҳим воқеа бўлди. Унда қитъанинг барча 55 мамлакати ва қатъадаги 7 та интеграция ташкилотлари ва бирлашмаларидан 6 мингдан ортиқ аъзолар қатнашди.

Жумладан, уларнинг 43 нафари давлат раҳбарлари эди. Африка Иттифоқи раиси, мазкур анжуман ҳамраиси, Миср президенти Абдулфаттоҳ Саид Ҳусайн ас-Сиси тадбирни ташкил этиш ишларига катта ҳисса қўшди. Гарчи тадбир билан боғлиқ харажатлар Россия томонига 70 миллион долларга тушган бўлса ҳам, имзоланган ҳужжатлар пакети 12,5 миллиард долларга тенг бўлди.

Африка – Европа-атлантика ва Ҳиндистон-тинч океани ҳудудларини боғлаб турувчи ўзига хос кўприк бўлиб, жаҳоний аҳамията эга ва қудратли давлатларнинг стратегик манфаатлари тўқнашаётган нуқтадир. Шу боис Африка бўйича Япония, Европа Иттифоқи, АҚШ ва Хитой ҳам алоҳида ва йирик форумларни мунтазам равишда ўтказиб келади. Энди улар сафига Россия ҳам қўшилди.

Фото: inosmi.ru

«Африка давлатлари ишончли равишда ҳам сиёсий ва ҳам иқтисодий куч йиғиб бормоқда ҳамда кўп қутбли дунёнинг асосий таянчларидан бирига айланмоқда»,дея анжуманда таъкидлади Россия президенти Владимир Путин. 

Саммитнинг яна бир аҳамиятли томони шунда бўлдики, расмий Москва Африка мамлакатларининг 20 миллиард долларлик қарзларини кечиб юбориши ҳақида расмий эълон қилди. Албатта, бу Кремлнинг ташқи қарзлардан биринчи воз кечиши эмас.

2014 йилда Россия Кубанинг 31,7 миллиард, Шимолий Кореянинг 11 миллиард, Ироқнинг 12 миллиард, Афғонистоннинг 11,3 миллиард, Суриянинг 9,8 миллиард АҚШ доллар қарзи баҳридан ўтган эди. Шу тариқа 1991 йилдан шу кунга қадар Россия жами 140 миллиард доллар миқдордаги қарзларни қайтармасликка рози бўлди.

Аслида юқоридаги қарзлар асосан, собиқ СССР даврида турли кредитлар ва бошқа эҳтиёжлар учун ажратилган ёрдамлар ҳисобидан шаклланиб қолган. Уларнинг учдан икки қисми Жазоир, Ангола, Ливия, Мозамбик, Эфиопия ҳиссасига тўғри келади. Қолгани Бенин, Гвинея-Бисау, Замбия, Мадагаскар, Мозамбик, Танзания, Сан-Томе ва Принсипи, Экваториал Гвинея улушидир.

Аслида совет даврида Африка қитъасида 300 саноат корхонаси, 155 та қишлоқ хўжалиги объекти, 100 та ўқув муассасаси, 10 та олий, 80 та ўрта ва ўрта-махсус билим юртлари қурилган эди. 480 минг африкаликлар касбий тайёргарликдан ўтган. 1970 йилларда эса Африка мамлакатларида СССРнинг 40 минг маслаҳатчиси ишлар эди.

Фото: ria.ru

20 миллиард доллар чегара эмас

Экспертлар фикрига кўра, 2050 йилга бориб Африка давлатлари умумий ялпи ички маҳсулоти 29 триллион долларга етади. Бу албатта, катта иқтисодий бозор ва экспорт салоҳияти демакдир. 

Россиянинг қитъадаги барча давлатлар билан йиллик савдо айланмаси охирги беш йилда икки баробарга ошди ва 20 миллиард долларга етди. Унинг Африка билан савдосининг 7,7 миллиарди биргина Миср ҳиссасига тўғри келмоқда ва тенг равишда тақсимланмагандир.

Савдо айланмаси кўрсаткичлари бўйича руслар Франциядан икки ярим баробар, АҚШдан 3 баробар, Хитойдан 8 баробар, Европа Иттифоқидан 15 баробар орқада қолмоқда. Хитой миллиарддан ортиқ аҳоли яшаётган қитъага ўтган йили 130 миллиард доллар сармоя жалб қилган ва 60 миллиард долларни тез орада киритишни ваъда қилмоқда.

Шундай бўлса-да, «Русал», «Газпром», «Алроса», «Роснефть», «Северсталь» каби йирик компаниялар Африкага муваффақиятли кириб боришмоқда. Экспорт улушида асосий салмоқни нефт маҳсулотлари, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ташкил этмоқда. Жорий йилда Россия африкалик истеъмолчиларга 30 миллион тонна буғдой етказиб бериб, бозордан французларни сиқиб чиқарди. 

Ҳарбий ҳамкорлик ва қурол-аслаҳа сотиш бўйича бизнес ишлари ҳам гуллаб-яшнамоқда. Ҳозирда Африка қитъаси Яқин Шарқ ва Ҳиндистондан кейин ҳарбий техникаларнинг энг кўп сотиб олувчи бозор ҳисобланади. 

Африка мамлакатлари айни пайтда терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш учун бюджетдан 18-30 фоиз маблағларни сарфлашмоқда. Шимолий, Марказий ва Шарқий Африка ҳудудларида ИШИД, «Ал-Қоида», «Боко Харам», «Аш-Шабаб» каби террорчи ташкилотлари фаол ҳаракат қилиб келмоқдаки, ҳукуматларнинг уларга қарши курашда ҳар томонлама пухта ҳарбий тайёргарлик ва замонавий қурол-аслаҳаларга эга бўлишини замоннинг ўзи талаб қилмоқда.

Шу сабабли «Рособоронэкспорт»нинг Африкадаги умумий буюртмалари ҳажми 14 миллиард доллардан ошиб, биргина ушбу йилда 4 миллиард долларлик экспорт ҳажмларини амалга ошириши кутилмоқда.

Қолаверса, «Қора қитъа»нинг юқори мартабали вакиллари иштирокидаги бу форум Россиянинг Яқин Шарқдаги улкан сиёсий ғалабасидан кейин юз бергани кўпчилик экспертлар томонидан эътироф этилмоқда. Россия ва Туркиянинг ўзаро келишиб олиши уруш комида қолган Сурияда сиёсий ғалабани узил-кесил таъминлаб берди.

2015 йил якунида Манбижда «ИШИД»га қарши жанглардан кейин руслар курдларга Сурия ҳукумати билан келишувга эришишни таклиф этишган эди. Бироқ улар АҚШни афзал билишди ва у билан иттифоқчига айланди. Аммо Туркия уларга қарши қақшатқич жангларни бошлагач, курдлар хатосини англаб, Москванинг дастлабки таклифига кўнишга ноилож мажбур бўлди.

Россиянинг энг катта ютуғи – Яқин Шарқ бўйича позицияси трансмиллий қадриятлардан келиб чиқмасдан, минтақадаги ҳар бир давлатнинг алоҳида манфаатларини ҳам ҳисобга олган ҳолда шакллантирилаётгани бўлмоқда.  

Фото: AFP

Ўтган ҳафтада президенти Владимир Путинни АҚШнинг Яқин Шарқдаги стретегик иттифоқчилари бўлмиш БАА ва Саудия Арабистонида тантанали кутиб олишгани замирида ҳам шу масала ётади.

Россия терроризм ва беқарорликларга қарши курашнинг энг яхши усули – мавжуд давлат тузилмаларини сақлаб қолиш деган, тамойилни илгари сурмоқда. Африка қитъаси давлатлари 2003 йилда Ироқда, 2011 йил Ливияда АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатлари олиб борган кампания қандай натижа билан тугаганини ҳали унутишгани йўқ. 

Ғарб давлатлари каби русларнинг Африкани бирор нуқтасини муқаддам босиб олмагани ёки қул савдоси билан шуғулланмагани, собиқ Иттифоқ даврида ҳам асосан локал урушларга ҳарбий ёрдам кўрсатгани ва мустамлакачиликка қарши қатъий позиция сақлаганини африкаликлар илиқ ижобий таассурот билан ёдга олади. Бу ҳам Россияга муваффақиятли ҳаракат учун қўшимча сиёсий дивидентлар келтиради.

Таълим ҳам катта геосиёсий кучга айланмоқда. Ўз даврида Россия Халқлар дўстлиги университетида ўн минглаб африкалик талабалар таҳсил олган эди. Ҳозирда 17 минг (2 минг нафари бепул), АҚШда 38 минг, Европа Иттифоқида 52 минг, Хитойда 60 минг африкалик талабалар таҳсил олмоқда.

Мисрдан Жанубий Африка Республикасигача

Форум доирасидаги музокаралар асносида 50 та лойиҳа бўйича 12,5 миллиарддан ортиқ келишувларга эришилди.

Эфиопия ва Мозамбик билан «Росатом» тинчлик мақсадларида атом энергиясидан фойдаланиш ҳамда Россия-Эфиопия Ядро фанлари ва технологиялари марказига асос солиш бўйича шартнома имзолади.

Жаҳонда энг йирик уран ишлаб чиқарувчи давлат ҳисобланган Намибия давлати президенти Хаге Готфрид Гейнгоб эса мамлакатга Россия ҳарбий маслаҳатчиларини юборишни сўраб расмий мурожаат қилди.

Гвинея Республикасида хавфли юқумли касалликларнинг профилактикаси ва эпидемиология илмий-тадқиқот инстититути фаолият юритмоқда ҳамда тиббиёт бўйича ҳамкорликни чуқурлаштиришга катта диққат қаратилмоқда. 

Ҳозир руслар 20 та давлатга, жумладан, Уганда, Руанда, Мозамбик ва Ангола билан имзоланган ҳарбий шартномаларни бажармоқда. Анголага Су-30К қирувчилари етказиб беришни якунлади. Форумда Нигер билан 12 та Ми-35 та ҳужумкор вертолётларини етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди.

Эритрея эса ракетли катерлари ва вертолётларни харид қилишга катта қизиқиш билдирмоқда ҳамда Қизил денгиз шельфида биргаликда нефть ва газ конларини излаб топиш ва фойдаланиш ниятида.

Марокашда қиймати 2 миллиард долларлик нефтни қайта қуриш заводини молиялаштириш, Руандада углеводород хом-ашёси ва тоғ-кон саноатини ривожлантириш бўйича лойиҳаларга қўл қўйилди.

Москва Нигер Республикаси, Гвинея Республикаси, Конго Демократик Республикасини ривожлантириш бўйича дастурларга 2,5 миллиард доллар сарфлайди. Хусусан, бу маблағлар Нигер Республикасида 1300 километрлик нефт қувурининг қурилиши, Гвинея ва Конго Демократик Республикасида темир йўлларни ривожлантириш ва транспорт инфратузилмаларини бунёд этиш ишларига сарфланади.

Анголада уяли алоқа оператори иш бошлайди ва 1 миллиард долларлик карбамид заводи ҳам ишга туширилади. Мисрга 1 миллиард долларлик 1300 та темир йўл йўловчи ваконлари етказиб берилади. 

Гана россиялик қурувчилар иштирокида турар-жойлар ва уйлар бунёд этишни мақсад қилмоқда.

Россия қуролларини таъмирлаш бўйича марказлар Ангола, Уганда ва Нигерияда очилиши кутилмоқда. Фуқаролар уруши кечаётган Суданга эса ракетага қарши С-400 мажмуалари етказиб берилади.

Россиянинг БРИКС бўйича ҳамкори – Жанубий Африка Республикаси билан ҳарбий техникалар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона очилади. Саммит кунлари Россиянинг иккита Ту-160 стратегик бомбардимончилари тарихда биринчи бор Саратовдан ҳавога кўтарилиб, 9 минг масофани тўхтамасдан босиб ўтди ва ЖАРнинг Йоханесбургдаги Ватерклуф авиабазасига бориб қўнди. Бу бутун Африка давлатлари унга хайриҳоҳлигини кўрсатишга қаратилган ўзига хос сиёсий интилиш бўлди.  

Замбия эса икки томонлама савдода доллардан воз кечиб, рубл билан ҳисоб-китоб қилиш улушини кескин оширади. Мозамбик олмос қазиб олиш ва уни қайта ишлаш бўйича алоқаларни кучайтиради.

Марказий Африка Республикаси ўз ҳарбийларини Россия ҳарбий ўқув юртларига юборади, ҳатто бу ерда ҳарбий базасини ҳам очиш эҳтимоли йўқ эмас. 2018 йил мартидан буён бу ерда 5 та рус ҳарбийлари ва 170 та фуқаролик йўриқчилари мамлакат қуролли кучларини тайёрламоқда. Чунки ушбу давлатга нисбатан бир йилдан буён БМТ Хавфсизлик кенгашининг қурол-яроғ бўйича эмбаргоси қўлланилган ва уни ечишда Россиядан кўмак сўрамоқда.

Сьерра-Леоне эса сиқилган табиий газ, дизел ёнилғиси ва мазутни етказиб бериш бўйича ҳар томонлама ҳамкорликка тайёр.

Зимбабве эса Россиядан энергетика, транспорт ва инфратузилмалар, олтин, туризм соҳалари учун сармоялар киритишга умидвор.

Комор ороллари президенти Азали Ассуманининг таъкидлашича, РФ билан иқтисодий кооперацияни мустаҳкамламасдан Африканинг тараққиётига эришиш имконсиздир.

Фото: nangs.org

Ҳар уч йилда бир маротаба...

Ҳозирда Африка мамлакатлари ва Россия ўртасида бир-бирига етказиб берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари умумий ҳажми 22 миллиард доллар бўлиб, бу бўйича шериклик ҳам истиқболли бўлиши мумкин.

«Россия-Африка шериклик форуми»ни ҳар уч йилда бир маротаба ўтказишга келишиб олинди. Бундан ташқари, Ташқи ишлар вазирларининг сиёсий маслаҳатлашувлари эса ҳар йили олиб борилади.

Эфиопия бош вазири Абий Аҳмад Али кейинги олий даражадаги саммитни Аддис-Абебада ўтказишни таклиф қилди. Кабо-Верде президенти Жорже Карлуш ди Алмейда Фонсека ҳам шундай ташаббус билан чиқди.

Айни пайтда АҚШнинг бу қитъада 34 та ҳарбий базаси бор. АҚШ бу ерда «Осмон ости ўлкаси» билан рақобатлашиш мақсадида 2008 йилда Африка қўмондонлигини (AFRICOM) ташкил қилди. Аммо иқтисодий жиҳатдан Хитойдан ортда қолаётгани ҳам факт.

Албатта, Яқин Шарқ ва Африкада АҚШнинг сиёсий-ҳарбий ҳамда Хитойнинг иқтисодий-сармоявий қудратига Россиянинг яқин йиллар ичида бас келиши, ҳатто яқинлашиши ҳам қийин. Аммо рақобат бўйича ишни қачондир бошлаш керак эди-ку.

Россия қитъага иқтисодиётдан ташқари юмшоқ кучлар ва хавфсизлик йўналишларида ҳамкорликни таклиф қилаётган кам сонли қудратли давлатлардир биридир. Россия бу усуллардан самарали фойдаланиб, Осиёда, Лотин Америкасида ҳам муваффақиятли ташқи ҳамкорлик сиёсатини олиб бораяпти.

У бу улкан ишларни ялпи ички маҳсулоти ҳатто Италияникидан кам, мудофаа харажатлари эса Франция сарфидан озроқ бўлган бир шароитда уддалаётгани эътиборга лойиқ. Россия Африкада умумэътироф этилган таъсирли кучга минимал молиявий харажат ва максимал дипломатик тафаккур билан эришаётгани рост.

Бир томондан, Ғарбнинг кети кўринмас санкциялари Москвани янги иқтисодий бозорларни топишга мажбур қилмоқда. «Совуқ уруш» даврида АҚШ ва СССРнинг Африкадаги рақобати ва кўрсатган ёрдами иқтисодий эмас, балки сиёсий сабабларга кўра амалга оширилган эди. Эндиликда бунинг пойдеворида фақат ўзаро манфаатдорликка асосланган алоқалар ётишини Путин жаноблари алоҳида таъкидлади.

Қитъа беҳисоб табиий бойликларнинг хазинаси ҳамдир. Ундан ҳар ким ўз улушини олиб қолишга интилади. Жумладан, Россия ҳам. 

Бошқа томондан, эса бу устувор геосиёсий аҳамиятга эгаки, БМТга аъзо давлатларнинг салкам ўттиз фоизи айнан Африка давлатлари улушига тўғри келмоқда. Улар билан умумий ҳамжиҳатликда ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш руҳидаги мулоқотни юқори даражада олиб бориш глобал масалалар муҳокамасида жуда қўл келади. Чунки Африкага таъсир – жаҳонга таъсирдир.

Африка давлатлари ҳам сўнгги йилларда жаҳоннинг бошқа куч марказлари уларнинг ички ишларига аралашувидан жиддий хавотирда. Шу маънода ташқи муносабатларни диверсификация қилиш орқали қайта уйғонаётган Россия қийин вазиятларда улар расмий ҳукуматларини тарафини олишига қатъий ишонишади. Шу маънода Африка давлатлари етакчилари кўп қутбли халқаро муносабатлар тарафдори бўлишмоқда. 

Шу тариқа 2014 йилда АҚШ президенти Барак Обама Гаагада Россияни «таъсирини йўқотиб бораётган минтақавий давлат», деган фикри бугунги ҳақиқатга мос келмаслигини Путин яна бир бор исботлади.

Абдулазиз Ҳасан,

халқаро шарҳловчи


Report Page