Бухорода футбол фестивали ўтказилди

Бухорода футбол фестивали ўтказилди

Buxoro.uz

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 декабрь куни имзоланган “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан ҳамкорликда болалар ва ўсмирлар ўртасида футболни янада ривожлантириш борасида бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Хусусан, томонлар мактаб ўқувчилари ўртасида мунтазам равишда футбол мусобақаларини ўтказишни режалаштиришган бўлиб, ҳозирда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида айнан мактаб ўқувчилари иштирокида футбол фестивали ўтказиб келинмоқда.

16 декабрь куни Бухоро вилоятида ҳам болалар ўртасида футбол фестивали бўлиб ўтди.

Болалар ва ўсмирларни футбол билан шуғулланишга қизиқишини ошириш, ҳаваскор футболни оммавийлаштириш, юқори иқтидорга эга бўлган ёш футболчиларни саралаб олиш ва уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлаш каби эзгу-мақсадлар мужассам бўлган ушбу фестивалда вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларининг 20 та умумтаълим мактабларидан миллионлар ўйинига қизиқувчан 200 нафардан ортиқ  ўқувчи-ёшлар қатнашишди.

Тадбирда Ўзбекистон футбол ассоциациясининг биринчи вице президенти Равшан Эрматов сўз олиб, фестиваль қатнашчиларини табриклади.

–Болалар футболига бу қадар юксак эътибор қаратилаётгани бежиз эмас, -деди Равшан Эрматов. –Боиси, катта майдонга илк қадамлар айнан шу даврдан бошланади. Ишончимиз комилки, бугун ғалабанинг дастлабки нашидасини тотиб, мағлубиятдан тўғри хулоса чиқаришга ўрганаётган, интилишу изланишлари билан ҳеч кимдан кам эмаслигини намоён этаётган навқирон авлод вакиллари келгусида жаҳон ареналарида она-Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қиладилар.

Фестивал якунида Равшан Эрматов, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг масъул ходимлари Маъмур Саидқосимов, Бахтиёр Ширинов, Бухоро вилоят футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти Бобир Қодиров ва "Бухоро" футбол жамоаси бошлиғи Шуҳрат Ҳамроев  ва бошқа мутасаддилар иштирок этиб, ғолиб ва совриндор жамоаларга тўп, спорт либослари ва жиҳозларидан иборат совға-саломлар улашишди. Ўз навбатида, болажонлар ҳам юқори суръатда ташкил этилган фестивалда иштирок этганидан мамнунлигини изҳор этишди.

Шунингдек, Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти "Бухоро" жамоаси қароргоҳи, вилоят футбол Академияси ҳамда Бухоро шаҳрида жойлашган қурилиши тугалланмаган ҳудудий футбол Академиясига ташриф буюриб, у ердаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди. Мутасаддиларга тегишли кўрсатма ва таклифлар берилди. 

Report Page