“Ипак йўлидаги карвонсаройлар” халқаро ассоциацияси делегацияси—Бухорода

“Ипак йўлидаги карвонсаройлар” халқаро ассоциацияси делегацияси—Бухорода

Buxoro.uz

Қадим ва беқиёс тарихий обидалари, нодир ва кўҳна меъморий ёдгорликлари, халқимизнинг бой миллий ва маданий меросига айланган кўп асрлик мажмуалар, мақбара ва хонақоҳлар, муқаддас қадамжоларига эга Бухорои шариф бутун башарият тамаддунининг тарихий маданий ўчоқларидан бири сифатида халқаро миқёсида тан олингани биз учун фахр-ифтихор, албатта. Шу нуқтаи назардан, халқаро доирада ҳам бизга қизиқиш билдираётган давлатлар сафи кенгайиб бормоқда. Жумладан, Кўҳна Қитъанинг қадим тарихга эга Франция давлати билан ҳам маданий мерос объектларини асраб-авайлаш соҳасида изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу борада “Ипак йўлидаги карвонсаройлар” халқаро ассоциациясининг ҳаммуассиси, унинг республикамиздаги филиали раҳбари, таниқли меъмор-эксперт, қадимшунослик соҳасида тадқиқотчи олим, жаноб Филипп Барбью ҳамда тарихий ёдгорликлар бўйича минтақавий бошқарманинг маданий мерос ишлари бўйича куратори, қадимий ёдгорликларни сақлаш, техник мониторингини олиб бориш ва баҳолаш бўйича эксперти Матильда Лобату хоним сингари мутахассисларнинг олиб бораётган ишлари диққатга сазовор.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Франция давлатининг мамлакатимиздаги элчихонаси саъй-ҳаракати билан юртимиздаги номоддий мерос объектларини асраб-авайлаш соҳасида ҳамкорлик доирасида жаноб Филипп Барбью ҳамда Матильда Лобату хоним бошчилигидаги делегация аъзолари қадим шаҳримизда меҳмон бўлиб, вилоят ҳокими Ўктам Барноев билан учрашдилар. Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган қабулда меҳмонларга Бухоро ва унинг тарихи, бугуни, бой маданий мероси ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ўз навбатида самимий қабул учун миннатдорлигини изҳор қилган француз тадқиқотчилари юртимиздаги қадимий обидалар, кўп минг йиллик меъморий ёдгорликларни асл ҳолича сақлаш ва уларни авлодларга бус-бутун етказишда, тарихий объектларни реставрация қилишда яқин ҳамкор бўлишга тайёр эканликларини билдирдилар. Меҳмонлар Бухоро вилоятининг сайёҳлик салоҳиятига юқори баҳо бердилар. 

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати       

Report Page