ФИЛ

ФИЛ

Жорж ОРУЭЛЛ (1903–1950),

инглиз адиби

Қуйи Бирманинг Моламянь шаҳарчасида умримда илк бор сон-саноқсиз одамларнинг нафратига дучор бўлдим. Мен ушбу шаҳарчада ҳудудий полиция нозири бўлиб ишлардим. Бу ерларда ғайриоврўпавий қарашлар фақатгина норозиликлардан иборат эди. Полиция нозири бўлганим учунми, қулай вазият бўлди деганда каминага қопқон қўйишарди...

Одатий кунларнинг бирида бир нохушлик содир бўлди. Каллаи саҳарлаб шаҳарчанинг бошқа бир қисмидаги полиция нозири менга қўнғироқ қилиб қандайдир фил бозорни вайрон қилаётганини айтди, менинг бориб бирор чора кўришимни илтимос қилиб сўради. Нима қилиш кераклигини билмасам-да, у ерга бориб ҳодисага гувоҳ бўлмоқчи эдим. Шу сабаб понига ўтириб йўлга тушдим. Филни гумдон қилишда иш бермаса ҳам, ихчам ва эски «Винчестер 44» милтиғимни олдим. Бир неча бирмалик йўлда учраб, менга жонивор не кулфатлар келтиргани ҳақида маълумот беришди. Айтишларича, у ёввойи фил эмас, аксинча, масиқиб қолган хонаки фил экан. У барча ўргатилган филлар каби ҳирси қўзийдиган пайти келгани учун занжирлаб қўйилган, бироқ кеча тунда занжирларини узиб, қочиб кетганмиш. Бирмаликлар бу ҳайвон қаршисида ожиз эди. Жонивор аллақачон бировнинг бамбук чайласини бузган, сигирини ўлдирган, мева расталарига ҳужум қилиб, бир қанча маҳсулотни паққос туширган, шунингдек, ҳукуматнинг чиқинди ташувчи фургонини учратиб ҳайдовчи энди сакраб қочаман деганда фургонни ағдариб, ҳайдовчига хавф солган эди.

Яхши эслайман, ўша тонг ёмғир бошланишидан олдин ҳавонинг авзойи бузуқ эди. Мен кулбаларни айлана туриб майиби чиққан одамга дуч келдим. У ярим яланғоч қора танли дравидалик қулвачча эди ва афтидан, анча дақиқалардан бери жон беролмай қийналарди. Айтиш­ларича, фил тўсатдан у томон келиб қолган, хартуми билан тутиб, зилдай оёқлари билан босиб, шўрликни ер билан яксон қилиб эзғилаган эди. Чалажон жасадни кўрган заҳотим югурдакни яқин атрофдаги дўстимникидан филни отишга ярагулик қурол келтиргани жўнатдим. Понини эса қўрқиб жини қўзимасин, филни кўрганда мени итқитиб юбормасин, деб аллақачон ортга қайтариб юборгандим.

Югурдак бир неча дақиқа ичида милтиқ ва бешта ўқдон олиб қайтди, айни дамда баъзи бирмаликлар келиб, жонивор бор-йўғи бир неча юз ярд олисда, қуйидаги шоли далаларида эканини айтишди. Табиийки, мен йўлга тушганим заҳоти даҳанинг бутун аҳолиси кулбаларини тарк этиб, ортимдан эргашишди. Улар қўлимдаги қуролни кўришгани сабабли филни отмоқчилигим ҳақида ҳайратланиб чуғурлашарди. Худди инглиз оммасига қизиқ бўлгани каби, бу улар учун ҳам қизиқ эди, фарқ шундаки, бирмаликлар гўштдан умидвор эди. Бу менга бироз ноқулайлик туғдирди. Менинг жониворни отаман деган кўнг­лим йўқ эди – мен нари борса ўзимни ҳимоя қиларман деб югурдагимни қуролга жўнатгандим – бироқ ортингдан оломоннинг изма-из келиши асабингни таранглаштирламоғи бор гап. Мен йўлдаёқ қотиб қолгандим. Филни кўрган оним камоли ишонч билан англадимки, уни отмаслигим керак эди. Нафас олаётган жониворни ҳаётдан мосуво этишни – бу жиддий масала! – бирор улкан механизмнинг муҳим қисмини вайрон қилиш билан таққослаш мумкин. Имкон қадар вазиятни ўзгача якунлаш ҳақида бош қотирардим.


Ортимдан эргашган халойиққа бир қур назар ташладим. Тўда жуда қуюқ эди: камида икки минг киши, етмаганига яна одам сони ўсиб борарди. Улар йўлнинг анча қисмини тўсиб қўйганди. Энгил-боши эътиборни тортмай қўймайдиган башараларга нигоҳим тушди – уларда кўнгилхушликдан мириқиш зоҳир эди: барча жонивор отилажагига ишонарди. Улар мени худди ўйин кўрсатгич масхарабозни кузатгандай кузатаётгандилар. Тўсатдан шуни фаҳмладимки, нима бўлмасин, филни қулатишимга тўғри келар эди. Халойиқ мендан шуни кутар ва мен буни адо этишга мажбур эдим. Ўшанда, қурол кўтариб мазкур жойда турарканман, энг аввало, Шарқда оқ танлининг ҳурмати сариқ чақа эканини тушундим. Яна шуни билдимки, агар оқ танли киши зулмга қўл урса, бу ўз обрўсини ўзи барбод қилгани бўлади, у беқадр ўйинчоққа, қуруқ савлатгагина айланиб қолади. «Маҳаллийлар» олдида мулзам бўлиб қолмаслик унинг вазифалари сирасига киргани ҳар қандай нохушликда «маҳаллийлар» ундан нима кутса, ўшани бажо келтирмоғини тақозо этарди. Хуллас, у кутилган қиёфага кира олиши зарур эди...

Ўзим истамаган ишга қўл уришим зарурлигини англадим. Қуролга киши жўнатганимдаёқ бунинг учун ўзимни ёзғиргандим. Лекин соҳиб, яъни амалдор ўзини соҳибдай тутиши шарт, у нима чора кўришию қай тўхтамга келишини аниқлаш учун қатъиятли бўлиши талаб этилади. Елкамда қурол, ортимдан икки мингча оломонни эргаштириб шунча йўлни босиб ўтсам-у, ҳеч нарсага қурбим етмаса – йўқ, бунинг сира иложи йўқ – кулгига нишон бўлардим. Менинг ҳам, бошқа оқбаданларнинг ҳам ҳаракати бир пул бўларди унда.

Бироқ нима бўлганда ҳам, мен жониворга зарар етказиш қасдида бўлмаганман. Унинг номига мос вазминлик билан даста алафни тиззасига ураётганини кузатдим. Унга ўқ узиш гуноҳи азимдек туюлди менга. Шу ёшимда мен қонни кўриб ўзини йўқотадиган довдир эмасдим-у, кун келиб филга қарата ўқ бўшатиш етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди. Бундан ташқари, улкан махлуқнинг эгасини ҳам ҳисобга олиш керак эди. Тириклигида у камида юз қадоққа тортса, ўлгандан сўнг атиги беш қадоқ – мугуз тишларининг баҳосигагина арзирди. Лекин мен туйқус чора кўришга мажбур эдим. Етиб келганимизда шу ерда бўлган, ёши улуғроқ бир-иккитасидан жонивор ўзини қандай тутаётгани ҳақида сўрадим. Жавоблар бир хил эди: агар уни ёлғиз қолдирсам, менга эътибори тушмаслиги мумкин; агар яқин борсам, кунимни кўрсатиши тайин. Нима қилишим энди равшан эди. Айтайлик, йигирма беш ярдча унинг яқинига бориб, оқибатини синаб кўрмоқчи эдим. Борди-ю, у менга ҳамла қилса, отиб ўлдиришни, эътибор бермаса, ўз ҳолига қўйишни режа қилгандим. Бинобарин, биринчи режам юз бермаслиги жон-дилимдан хоҳлардим. Камина бир нўноқ мерган, замин эса қадам қўйса, ботар даражада лой эди. Агар фил ҳамла қилса-ю, мен анқайиб қолар бўлсам, улкан машина остидаги бақадай хатарда қолишим муқаррар эди. Бироқ ўшанда ҳам ўзим ҳақимдамас, ортимдагилар ҳақида ўйлаётгандим. Ортингда шунча кўз қараб турган вақтдаги билан якка ўзинг бўлгандаги ҳадиксирашнинг ўртасида озмунча фарқ бор дейсизми?

Оқсуякман деганлар маҳаллий халқ қошида довдираб қолмасликка мажбур, шу боисдан ҳам мен эсанкираб қолмадим. Хаёлдан кечгани фақат шу бўлдики, мабодо бирор нарса кутилгандек юз бермаса, икки минг бирмалик кўз ўнгида фил мени таъқиб қилгани, тутиб олгани, ҳамла қилгани ҳамда тепаликдаги ҳинд каби хириллаб ётган чала ўликка айланганим саҳнаси акс этиши мумкин эди. Эҳтимол, улар бундан мириқиб кулармиди? Сира бундай бўлмаслиги керак! Фақат бир чора қолганди: ўқларни милтиққа жойладим-да, аниқ нишон олиш учун ерга чўзилдим.

Оломон жўшиб борар, ахийри, театр пардаси кўтарилганига шоҳид бўлгандек минглаб томоқларнинг енгил ва мамнун хўрсингани эшитилди. Улар кутган саҳна ниҳоят бошланишга яқин эди. Қўлимдаги – ажойиб немис қуроли. Филни нишонга олган киши унинг у қулоғидан бу қулоғигача бўлган оралиқдаги миясини кўзлаб отиши кераклигини ўшанда билмасдим. Шунинг учун, жонивор рўпарамда турар экан, қулоқ тешигига эмас, пешонасига ўт очдим.

Тепкини босганим заҳоти ўқ овозини ҳам, силтанишни ҳам эмас, оломоннинг ғувиллаганини пайқадим. Ўқ нишонга етгунча неларни ўйламайсан киши? У на чайқалди, на қулади, лекин танасидаги ҳар бир бурмаси ўзгарди. У қўққис зарб қабул қилган, кичрайиб қолган, жудаям қариган каби кўринар; гўё машъум ўқ уни йиқитиш ўрнига фалажлаб қўйгандек эди. Ниҳоят, жуда узоқ туюлган вақт давомида – аслида, нари борса беш дақиқа эди, дейишим мумкин – у тиззаларига мадорсиз чўкди. Оғзидан сўлаги оқди. Эси оғиб бошлагандай кўринди. Уни минг ёшларга кирган деб ўйлаш мумкин эди. Яна бир бор худди ўша нуқтага ўқ уздим. Иккинчи отишда ҳам у йиқилмади, тиришиб оёғига суяниб олди; оёғи букик, боши эгик ҳолда савлатини базўр кўтариб турди. Учинчи бор ҳам ўқ уздим. Буниси энди уни адо қилди. Филнинг бутун бадани қалтирагани, оёқларидаги сўнгги мадори соврилганини – ўша ўқ асоратини сезиш қийин эмасди. Чўкаётганда у лаҳзага қад ростлагандай бўлди. Орқа оёқлари ерга ботганда хартуми осмонга узанган дарахтга ўхшарди. У биринчи ва сўнг­ги марта айқирди. Кейин йиқилди. Ер билан тўқнашганда салкам мен чўзилган жойга довур титради.

Мен ўрнимдан турдим. Бирмаликлар аллақачон лой кечиб ёнимда ўтиб кетаётгандилар. Жонивор қайта бош кўтармаслиги кундек равшан, бироқ ҳалиям жон таслим қилмаганди. У бир маромда, ҳансираб нафас олар, танасининг тепа қисми кўтарилиб-тушар эди. Унинг оғзи кенг очиқ эди – оч пушти томоғининг тубига довур кўра олардим. Унинг умри тугармикин деб қанча кутдим, лекин унинг нафас олиши сусаймасди. Ахийри, қолган иккита ўқимни ҳам юраги жойлашган ерга уздим. Жониворнинг қони қизил бахмалдай ерни қоплади, ўшандаям у тирик эди. Унинг танаси ўққа нишон бўлганда ҳатто силкинмади ҳам, илгаригидай нафас олаверди. У жуда имиллаб, шу билан бирга, жуда азобланиб, мендан сал нарида, ҳатто ўқлар ҳам умрига нуқта қўёлмаётган ерда жон таслим қилаётганди. Билдимки, унинг азобларига барҳам бериш керак эди. Шу қадар улкан мавжудотнинг қимирлашга-да, ўлишга-да мажолсиз ётганини кўриш ҳам, бунга хотима ясолмаслигинг ҳам аянчли ҳолдир. Мен тағин ихчам қуролимни келтиришга буюрдим, жониворнинг юраги ҳамда бўйин остиларини кўзлаб отдим. Булардан ҳам фойда чиқмагандай эди. Соат милларининг одимидек унинг ҳансираши ҳам барқарор давом этарди.

Бўлмади! Барибир бунга чидаб туролмай ортга қайтдим. Кейин эшитдимки, жониворнинг жони узилар вақти яна ярим соатча чўзилган экан. Бирмаликлар ҳатто мен кетмасимдан баҳайбат қассобпичоқларию саватларини кўтариб келардилар. Кейин билсам, тушга қадар жонивордан фақат суякларгина қолибди, холос.

Кейинроқ филнинг отилиши ҳақида кети узилмайдиган мубоҳаса авж олди. Филбоқар ҳам дарғазаб эди-ю, бор-йўғи бир ҳинд бўлганидан қўлидан ҳеч нарса келмасди. Бошқа томондан, яъни қонунан қаралса, эгаси эплолмаган тақдирда қутурган итларга нисбатан чора кўрилгани каби, филни ўлдиришда мен ҳақ эдим. Оврўполиклар эса бунга икки хил фикр билдирдилар. Ёши улуғлар мен ҳақ эканимни таъкидласа, ёшлар наздида, қандайдир бир қулваччанинг умрига зомин бўлгани учун бир филни қурбон қилиш аҳмоқлик эди, сабаби улар учун фил ҳар қандай қаролдан кўра қадр­лироқ эди. Мен эса ўша кимсанинг вафотидан миннатдор эдим, боиси бу мени қонунан ҳақ деб кўрсатар ва филни ўлдирганим учун важ бўлар эди. Баъзи-баъзида ўйлаб қоламан, бош­қалар мен филни аслида ландовур бўлиб кўринмаслик учун қурбон қилганимни англадимикан ё йўқми?

Инглиз тилидан Шоҳрух УСМОНОВ таржимаси

Report Page